ШУҲРАТ ҒАНИЕВ: Кислород концентраторини ишлаб чиқариш ташкил этилди. Яқинда электромобил кутинг!
Фарғона вилояти саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми жиҳатидан мамлакатда иккинчи ўринда туради. Бунда Қўқон эркин иқтисодий зонасининг улуши ҳам салмоқли. Бу ерда бугунга қадар умумий қиймати 228.7 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 84 та инвестицион лойиҳалар жойлаштирилди.
Амалга оширилган 43 та лойиҳалар натижасида Қўқон ЭИЗ иштирокчилари томонидан 2020 йилнинг январь-июль ойларида 830,7 млрд. cўмлик ёки 80,6 млн.АҚШ доллари (июль ойида 202,9 млрд. сўм ёки 19,7 млн. АҚШ доллари) миқдорида маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 15,9 млн. АҚШ долларлик (июль ойида 3,0 млн. АҚШ доллари) маҳсулотлар экспортга йўналтирилди.
Юқоридаги лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида 2552 та янги иш ўринлари яратилади.
“Улуғбек экспорт тренд” МЧЖ уларнинг бири бўлиб, бу ерда йилига 30 миллиард сўмлик ёки 2,9 млн. долларлик пойафзал ва мих, бурама мих ишлаб чиқариш қувватлари ўзлаштирилди.
- Бугунгача 235 та ишчи ўрни яратдик, - дейди корхона раҳбари Улуғбек Темиров.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев корхонанинг янги қувватлари очилиш тантаналарида иштирок этди.
- Биз эркин иқтисодий зонада иш юритаётган ҳар бир тадбиркорга кўмакчимиз, - деди вилоят ҳокими. – Барча масала ва муаммолар ечимига шахсан ўзим масъулман деб ҳисоблайман. Йил охиригача бу ерда 162,6 млн. АҚШ доллари миқдоридаги 41 та ишга тушади ва 4520 та янги иш ўринлари яратамиз.
Қўқон ЭИЗ да қирқдан зиёд корхона ишлаб турган бўлсада ҳали қурилиш-монтаж ишлари авжида. Ҳар бир ҳудудда улкан иншоотлар қуриляпти, кўчаларга, биноларга коммуникация воситалари - сув, газ, сувоқава, электр тармоғи тортиляпти, йўллар асфалтланяпти.
Вилоят ҳокими “Шаффоф омад саноат” МЧЖ бунёд этаётган электромобиллар заводи қурилишини ҳам бориб кўздан кечирди.
- Корхона каръер ўрнида жойлашган. Дастлаб етти метрли хандақни тўлатдик, - дейди унинг раҳбари Ғофуржон Усмонов. – Мана энди 30 минг метр квадрат майдонда ишлаб чиқариш иншоотларини тиклаяпмиз.
Вилоят ҳокими бу ерда ҳам қурувчи ва мутахассислар билан суҳбатлашди, барча муаммолар ечимига кафолат берди.
- “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” деган ёзувли электромобиллар айнан Фарғона вилоятидан ички ва ташқи бозорга йўл олиши қувончли воқелик ва албатта катта масъулият. Шу билан бирга биз, фарғоналикларга ғурур ва ифтихордир, - деди Шуҳрат Ғаниев. – Биз бу кунга албатта етамиз!
Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати