ШУҲРАТ ҒАНИЕВ: Мақсадимиз одамлар бугун бахтли яшашини таъминлаш

ШУҲРАТ ҒАНИЕВ: Мақсадимиз одамлар бугун бахтли яшашини таъминлаш


Бу йил Фарғона вилоятида 10140 та уй қурилиб, аввало кам таъминланган, мухтож, кўпболали, оиласида ногирони бўлган ва умуман мухтожлар таъминланади. Бу рақам аввалги йилга нисбатан икки ярим баробар кўплиги вилоятдаги уй-жой қурилиши кўлами нақадар кенглигидан далолатдир.

Фарғонада аҳоли зич. Шунданми, ҳар бир қарич ер ҳисоб-китобли, ёки олтинга тенг. Аста секин уй-жой мавзелари Марказий Фарғона чўллари томон кириб бормоқда.

Бу йилнинг ўзида қумлоқ барханлар, ўзлаштирилмаган ерларда 1400 та якка тартибдаги ҳар бири олти сотих ерга эга намунали лойиҳа уйларидан қурилади. Бугунгача фойдаланишга топширилганларида уй тўйларини нишонладилар. Олтиариқ туманининг Марказий Фарғона чўлларидаги ерларида ҳам қурилиш ишлари авжида.

- Биз 10 та якка тартибдаги уйлардан қуряпмиз. Мана том ёпиш якунланяпти, - дейди “Элит қурилиш барака Инвест” МЧЖ раҳбари Нурафшон Азимов. – Мустақиллик кунигача улардан 5 тасини эгаларига топширамиз.

Бу уйлар ҳукумат қарорига кўра ипотека кредити асосида берилади. Яъни оила уйнинг умумий нархидан дастлабки ўн фоизини тўлайди. Қолган 90 фоизи эса 20 йиллик кредитга берилади.

  Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев чўл массивида қурилаётган уйлар, қурувчи-мутахассислар билан учрашди, улар билан барча масалаларда суҳбатлашди.

  - Мен Россияда бир неча йилдан буён қурувчи бўлиб ишлар эдим. Қишда уйга, оилам бағрига қайтдим. Лекин касаллик тарқалиши туфайли яна Россияга қайтиб кетолмадим, - дейди Одилжон Мирзажонов. – Ўзим пардозлаш ишлари бўйича яхшигина мутахассис эдим. Яқинда маҳалла раиси чақириб сенга иш бор, қурилишга борасанми, деди. Шу-шу мана энди уйлар қурилишида ишлаяпман. Ойлик иш ҳақим Россиядагидан кам эмас. Қолаверса оилам бағридаман.

 - Вилоятимиздан 44 минг меҳнат муҳожири Россияда қурувчи бўлиб ишлаган ва пандемия туфайли қайтиб кетолмаган, - дейди Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев. – Биз уларнинг 39 мингини вилоятдаги қурилиш объектларига ишга жойладик.

  Марказий Фарғона чўллари аслида чўл дейилсада, инсон қўли, идроки, давлатимиз саъй-ҳаракати билан жаннатмакон мавзеларга айланмоқда. Бу ерда газ, сув, сувоқава (канализация) каби инфратузилмалар мавжуд.

- Вилоят электр тармоқлари бошқармаси ўзининг ишчи хизматчилари учун Марказий Фарғонада 50 та якка тартибдаги 6 сотихли уй-жойлар қурилмоқда, - дейди бошқарма бошлиғи Дилшод Жалилов. – Касаба уюшмалари билан келишган ҳолда уйнинг дастлабки 10 фоизли тўловини ўзимиз тўлаб борамиз. Қолган қисмига 20 йиллик кредит расмийлаштирилади.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев бу ерда ҳам қурувчилар ва бўлажак уй эгалари билан учрашиб суҳбатлашди.

Қурувчи ва талабгор оилалар вакилларининг барча саволларига жавоб берган ҳолда ўртага қўйилган масалаларга ечим топди.

- Фарғона вилоятида уйсиз биронта оила қолмайди. Мақсадимиз Президентимиз қўйган вазифани бажариб одамлар бугун бахтли яшашини таъминлаш, - деди Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев Марказий Фарғона чўлларида бўлган учрашувлари чоғи.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати

Report Page