КЎМАК КАРВОНИ ЮБОРИЛДИ

КЎМАК КАРВОНИ ЮБОРИЛДИ


Давлатимиз раҳбари 5-6 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан бўлиб ўтган йиғилишда чегарадош ҳудуд бўлган Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан навбатдаги хайрли ишга қўл урилди. Сўх туманига озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ва бошқа кўплаб аҳоли кундалик ҳаёти учун зарур бўлган буюмлар ортилган хайрия карвони йўлга чиқди.

Бугунги кунда тумандаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилаш борасида кўплаб таклифлар асосида дастур ишлаб чиқилди. 2020-2022 йилларда Сўх туманини комплекс ривожлантиришга 500 миллиард сўм маблағ йўналтириш кўзда тутилган. Албатта, бу каби саъй-ҳаракатлар сўхликларга бўлган эътиборнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Президентимизнинг топшириғи асосида тизимли равишда чегарадош ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига ҳар томонлама кўмак кўрсатиб келинаётгани юртимизда инсон қадри доимо улуғ эканлигидан далолатдир. Айниқса, пандемия шароитида ишсиз ва ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш янада муҳим.

Хусусан, “Фарғона ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти 16 та трансформатор, 80 дона бетон устунлар, 70 километрдан ортиқ электр узатиш кабеллари каби 2 миллиард 251 миллион сўмликдан ортиқ жиҳозларни туман аҳолиси учун тақдим қилди.

“Ҳудудгаз Фарғона” масъулияти чекланган жамияти эса 11 та махсус машинада суюлтирилган газ баллонларини, Ўзбекистон туманидаги “Беруний” маҳалла фуқаролар йиғини аҳли эса 5 тонна ун маҳсулотини сўхликларга беминнат ёрдам сифатида юборди. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан замонавий тиббиёт жиҳозлари ажратилди. Бу каби эзгу амалларни қўллаб-қувватлаб, хайр-саховат кўрсатган тадбиркор ва ташкилотлар сони анчагина. 

- Сўх туманида бугунги кунда мингдан зиёд ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда, - дейди вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Муроджон Дадабоев. - Туман ёшларига 600 миллион сўмликдан ортиқ 20 турдаги спорт жиҳозлари туҳфа қиляпмиз. Албатта, бу умидли спортчиларни кашф этиш, ёш авлодни спортга ошно этиш ва cоғломлаштиришда катта ўрин эгаллайди. Шунингдек, бугун биз сўхлик ёшлар иштирокида спорт мусобақаларини ҳам ташкил қиламиз.

Шунингдек, вилоятдаги бозорлар томонидан Сўх туманида арзонлаштирилган маҳсулотлар савдоси йўлга қўйилмоқда.


Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати
Facebook
TelegramВеб сайтYouTube