ГАП ЁШДА ЭМАС, НИЯТДА…

ГАП ЁШДА ЭМАС, НИЯТДА…


27 май куни Muxbir Daliyеv телеграм каналида Фарғона телерадиокомпанияси мухбири Усмонжон Қодировнинг “Фарғона вилоятида Президент ташрифига тайёргарлик юқори даражада” сарлавҳали хабари тарқатилди. Унда, “завод ходимлари йўл четларини тозалаётгани, лекин улар қайси завод ишчиси эканлигига ойдинлик кирита олмагани” айтилади ва “қачонгача бундай ишлар давом этади... Катта раҳбар келса шунга тайёрланиш керак-ми?” деган савол қўяди.

Маълум бўлишича Фарғона шаҳридаги йўлларни асфальтлаш, гулларни суғориш, йўл четларини тозалаш ва ободонлаштириш шу ишларга масъул идораларнинг ишчилари томонидан амалга оширилган. Телемухбир Усмонжон Қодиров улар ким, аслида қаерда ишлашини сўраб сўриштирмай, аниқлик киритмай туриб  “завод ишчилари” дея ахборот тарқатган.

Бундан бир кун аввал “Озодлик” радиоси Марғилондаги “Ҳунармандлар маркази”да зарарсизлантириш ишларини олиб бораётган оқ кийимдаги вилоят СЭОМ мутахассисларини “Марғилон шаҳар соғлиқни сақлаш тизими ходимлари” дея ёлғон ахборот берган эди.

Ушбу ҳолат бўйича Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати далиллар билан асосланган баёнот бергани ва ундан хабардор бўлганига қарамай Усмонжон Қодиров ижтимоий тармоқда “Менимча Марғилондаги шифокорлар бўйича гаплар ҳам ростга ўхшайди” деб ёзади.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Фарғона вилоят телерадиокомпанияси мухбири Усмонжон Қодиров билан юзма-юз суҳбатлашди. Унда Усмонжон Қодиров “шошма-шошарлик билан масалани ўрганмай, далилларни текширмай туриб ёлғон ахборот” тарқатганини тушуниб етганини билдирди, бунинг сабабини “ёшлик қилганимда” дея изоҳлади (М.Усмонов видео мурожаатини кўринг) ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ва халқимиздан узр сўради.

Нима ҳам дердик, инсон хато қилиши мумкин, албатта. Аммо “Озодлик”нинг тухматлари изидан бориш ва ёлғон ахборот тарқатиш ёшга эмас... ниятга боғлиқ!

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозимки, вилоят телерадиокомпанияси директори Бахромжон Обиджоновнинг айтишича, Усмонжон Қодиров шартнома асосида ишлайди. Усмонжон Қодиров ҳақида “мен ўз қўл остимдаги ходимларнинг хулқ-атворини яхши билмас эканман” дейди ва бўлиб ўтган воқеани “жамоани рисоладек бошқара олмаётгани” билан изоҳлайди.

Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати
Facebook
TelegramВеб сайтYouTube

Report Page