Аввал қарзингизни тўлаб қўйинг!

Аввал қарзингизни тўлаб қўйинг!

 Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси Ахборот хизмати

“Зарафшон” газетасига юборилган ва газета сайтида чоп қилинган “Икки кундан бери уйимизнинг лифтлари ишламаяпти?” номли мурожаатда Самарқанд шаҳри Қорасув массивидаги 7-кўп қаватли уйда истиқомат қилувчи И.Довурбекова, К.Каттаевлар бошқалар номидан ҳам янги уйларнинг лифтлари ишламаётганидан шикоят қилиб, одамлар, айниқса, кексалар, ҳомиладор аёллар ва ёш болалар хонадонларига чиқиб-тушишга қийналишаётгани, уйда яшайдиганлар орасида иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳам борлигини ёзиб, “Муаммога ечим топадиган ташкилот борми?” деб иддао қилишган.

Мурожаатга Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасининг “Таъмирлаш-тиклаш” ДУК фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бош мутахассиси Ҳусниддин Шодиев расман жавоб беради:

Бор. Ана шундай ташкилот бизмиз, яъни Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси. Аммо кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли электр энрегияси истеъмоли учун тўловларни ўз вақтида тўлашмаса, уйларида чироқ ҳам бўлмайди, ширкатга мажбурий бадалларни тўлашмаса ва ширкат лифтлар электр энергияси учун тўловларни амалга оширмаса, лифтлари ҳам ишламайди. Буни ёш бола ҳам билади.

Қорасув масканидаги уйлар янги, улардаги лифтлар ҳам замонавий лифтлар. Уларнинг ишламаслигига бошқа бирор сабаб йўқ. Мурожаатда исми шарифлари кўрсатилган “И.Довурбекова, К.Каттаевлар ва бошқалар” айнан ширкатга тўланадиган мажбурий бадал тўловларидан яхшигина қарздор.

 Ижтимоий тармоқдаги мурожаатда кўрсатилган 7-уйнинг умумий қарзи 15.920.780 сўм.

Бу уйга хизмат кўрсатувчи “Янги уйлар сервис” ширкати айнан мулкдорларнинг мажбурий бадал тўловларини тўламаслиги натижасида шаҳар электр тарморқлари идорасидан 23.000.000 сўмдан ортиқ қарздор бўлиб қолган.

Ҳурматли мулкдорлар биз шаҳар электр тармоқлари идорасига илтимос қилиб, лифтларингизни ишлатиб қўйдик. Аммо, унутманг, бу вақтинча. Мажбурий бадалларни тўламасангиз ва ширкатингиз лифтлар электр истеъмоли учун тўловларни амалга оширмаса, албатта, лифтларингизнинг автоматик электр хисоблагичлари ўчиб қолади.

Айни дақиқада лифтлар ишлаб тургани акс этган видеолавҳа илова қилинмоқда.


Report Page