Автотранспортда халқаро юк ташувларини амалга оширувчи миллий ва хорижий ҳайдовчилар диққатига

Автотранспортда халқаро юк ташувларини амалга оширувчи миллий ва хорижий ҳайдовчилар диққатига

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ахборот хизмати

Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тратиб даврида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида автомобилда халқаро юк ташувларини амалга оширишнинг вақтинчалик тартиби белгиланди.

Юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати алоҳида белгиланган Давлат чегара ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорида қайд этилди.

Унга кўра, алоҳида топшириқ бўлгунга қадар юк автотранспорт воситаларининг ҳаракати фақатгина қуйидаги Давлат чегара ўтказиш пунктлари орқали амалга оширилиши белгиланди:

-        Афғонистон Ислом Республикаси билан – “Термиз”;

-        Туркманистон Республикаси билан – “Олот”;

-        Тожикистон Республикаси билан – “Саросиё”, “Ойбек” ва “Плотина”;

-        Қирғизистон Республикаси билан – “Дўстлик”, “Ўзбекистон”, “Водил”,             “Чашма” ва “Оқ қия”;

-        Қозоғистон Республикаси билан – “Даут-ата”, “Гулистон”, “Яллама”,

         “Зангиота” ва “Тошкент”.


Чегара ўтказиш пунктларида фаолият олиб борувчи божхона ходими томонидан кириб келаётган хорижий юк автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига уларнинг ҳаракатланиши, тўхтаб туриши (автотураргоҳ, техник ва маиший хизмат кўрсатиш ва х.к.), озиқ-овқатларни харид қилиш мумкин бўлган жойлари кўрсатилган йўналишлар чизмаси тақдим этилади.


2020 йил 30 апрелдан республика ҳудудига кириб келаётган барча юк автотранспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларига энг яқин жойларда ташкил этилган махсус автотураргоҳларга йўналтирилади ва ўша ерда ҳайдовчиларидан коронавирус инфекциясига тест олинади.

Тест натижалари эълон қилингунга қадар автотранспорт воситалари ва уларнинг ҳайдовчилари махсус автотураргоҳларда бўладилар.

Тест натижалари бўйича коронавирус инфекцияси аниқланмаган тақдирда ҳаракатни тасдиқланган йўналиш чизмаси асосида давом эттиришга рухсат берилади.

Бунда, халқаро ташувларни амалга ошираётган ҳайдовчилар фақатгина махсус комбинезон, бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқоплардан фойдаланган тақдирдагина ҳаракатни давом эттириши мумкин.

Тест натижалари бўйича коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолларда ҳайдовчи ўрнатилган тартибда даволаш муассасасига олиб кетилади, агар иккинчи ҳайдовчи бўлса, у ҳайдовчи стационар карантинга жойлаштирилади.

Автотранспорт воситаси тўлиқ дезинфекциядан ўтказилгандан сўнг, бошқа (юк жўнатувчи ёки қабул қилувчининг мазкур ташувга алоқаси бўлмаган) ҳайдовчи томонидан ҳаракатланиши давом эттирилиши ёки автотранспорт воситасидаги юклар бошқа транспорт воситасига божхона назорати остида қайта юкланиб олиб кетилиши мумкин.

Бунда, автотранспорт воситаси бошқа ҳайдовчи томонидан ҳаракатланиши давом эттирилганда, қонунчиликда белгиланган тартибда божхона назоратидаги товарларни етказиб бериш билан боғлиқ мажбуриятлар автотранспорт воситасини қабул қилган ҳайдовчига юкланади.


        Халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар республика ҳудудида тақдим этилган йўналиш чизмасига мувофиқ ҳаракатланишни амалга ошириши лозим. Республика ички ҳудудида халқаро юк ташувларини амалга ошираётган миллий ва хорижий ташувчиларнинг белгиланган йўналиш чизмаси доирасида ҳаракатланиши ва тўхтаб туришлари устидан тегишли вазирлик ва давлат идоралари томонидан назорат ўрнатилади.

Халқаро юк ташувчи миллий ҳайдовчилар белгиланган йўналиш доирасида юкни манзилига етказиб берганидан сўнг ўрнатилган тартибда 14 кунга ўзини изоляция қилиш чорасини кўриши шарт.

Бунда, экспортга мўлжалланган юкни ташиш талаби вужудга келган тақдирда, истисно тариқасида тест натижаларига мувофиқ халқаро ташувни амалга оширилишига рухсат берилади.


Халқаро юк ташувчи хорижий ҳайдовчилар Ўзбекистон ҳудудида импорт юкларни белгиланган манзилга етказиб берганидан сўнг, 10 кун муддат ичида республика ҳудудида белгиланган давлат чегара постлари орқали чиқиб кетишлари шарт.

Агар, белгиланган муддат мобайнида экспортга мўлжалланган юкни олиб кетиш имконияти мавжуд бўлган тақдирда, юкни етказиб келган манзилга энг яқин бўлган махсус авто тураргоҳларда кутиб туриши лозим.

Махсус автотураргоҳларда ҳайдовчиларнинг карантин қоидалари ҳамда ижтимоий масофага риоя этиши, ортиқча шахслар билан мулоқотга кирмаслиги, тураргоҳлардан бошқа жойга чиқмасликлари ва ушбу ҳудудларга ташқаридан бегона шахслар кирмаслиги устидан қатъий назорат ўрнатилади.

Божхона чегарасидан ўтиб келаётган хорижий автотранспорт воситаларини Ўзбекистон ҳудудида ҳаракатланишини назорат қилиш “Автотранспорт воситасини қайтариб олиб чиқиш тўғрисида мажбуриятнома” асосида амалга оширилади.

        Маршрутдан четга чиққан ҳолатлар ва ҳайдовчилар томонидан комбинезон, бир марталик ҳимоя ниқоблари ва қўлқопларсиз ҳаракатланиши, автотранспорт воситаларини қайтариб олиб чиқиш учун белгиланган муддатни бузиш ҳолатлари ҳамда ҳайдовчиларнинг барча зарурий ҳужжатлари (ҳайдовчилик гувоҳномаси, йўл варақаси ва халқаро ташувларни амалга оширишга рухсат берувчи сертификат) бўлмаган тақдирда - карантин қоидаларини бузиш сифатида баҳаоланиб, белгиланган тартибда чоралар қўлланилади.

Божхона органи томонидан белгиланган етказиб бериш муддатлари бузилиши ҳолатлари аниқланганда, мазкур ҳолатлар халқаро юк автотранспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан ушбу Вақтинчалик тартибга амал қилиниши натижасида келиб чиққанлиги исботланган тақдирда (ҳужжатлардаги қайдлар орқали), истисно тариқасида божхона қоида бузилиши бўйича маъмурий ишлар юритилмайди.