“Автомобиль йўллари қўмитаси раиси стипендияси” жорий этилади
АОКАда ўтказилган брифингда Автомобиль йўллари қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Жумаева тизим ходимларининг имтиёз асосида ОТМга ўқишга қабул қилиниши ҳақида маълумот берди.
Давлат раҳбарининг “Йўл хўжалиги соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2023 йил 10 октябрдаги ПҚ–330-сон қарори билан ушбу йўналишга янада алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Автомобиль йўллари қўмитаси томонидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент давлат транспорт университети ҳамда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда юқори малакали илмий ва муҳандис кадрлар тайёрлаш ҳамда уларни илмий фаолиятга кенг йўналтириш борасида ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Хусусан, Транспорт университети талабаларининг назарий билимларини мустаҳкамлаш мақсадида Қўмитанинг тизим ташкилотларида уларнинг ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилмоқда.
Транспорт университетининг илмий ходимлари томонидан тажриба-синов ишларини ўтказиш, илмий-тадқиқот ва замонавий технологияларни жорий қилиш ҳамда ўқув жараёнини амалиёт билан боғлаш мақсадида ўқув-илмий полигонларини ташкил этиш ҳамда ушбу полигонларда соҳага инновацион технологияларни кенг жорий этиш ҳамда йўл қурилиш-таъмирлаш ишларига янги материалларни тадбиқ этиш бўйича тажриба-синов ишларини олиб бориш белгиланди.
2025 йилдан бошлаб йўл қурилиши объектларида лойиҳани муҳандислик бошқариш ва техник назорат қилиш ишларини Халқаро муҳандис-консультантлар федерацияси (FIDIC) амалиёти ва қоидаларига мувофиқ амалга оширилишидан келиб чиқиб, Транспорт университетида FIDIC йўналиши бўйича ўқув курсларини ташкил этиш режалаштирилди.
Халқаро рейтингларда биринчи 1000 талик рўйхатга кирувчи хорижий университетларга соҳадаги илмий фаолият йўналишидаги ташкилотларнинг ҳамда Транспорт университетининг ёш педагоглари ва докторантларини малака ошириш ва стажировкага юборишни йўлга қуйиш юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.
Транспорт университетининг “Автомобиль йўллари муҳандислиги” факультетининг 5 нафар иқтидорли талабаларига “Автомобиль йўллари қўмитаси раиси стипендияси” жорий этилмоқда.
Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан ҳамкорликда иқтидорли ёш олимларнинг етакчи хорижий илмий марказларда қисқа муддатли илмий стажировкаларини ташкиллаштириш, ўқиш ва малака оширишига кўмаклашиш, уларнинг халқаро илмий-техник конференцияларда ва илмий лойиҳаларда иштироки этишлари, илмий ишларининг нашр этилишига кўмаклашиши йўлга қўйилмоқда.
Бундан ташқари, илм-фанни ривожлантиришнинг замонавий инфратузилмасини яратиш мақсадида соҳадаги илмий ташкилотларнинг лабораториялари замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланади ҳамда бутловчи қисмлар билан таъминланади.
Ҳудудларда илмий лабораториялар тармоғи яратилиши режалаштирилган бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад соҳада автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларида бажарилаётган ишларнинг сифатини оширишдир.