Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш борасида янгича тартиб

Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини таъминлаш борасида янгича тартиб

Сурайё Гаппорова, Адлия вазирлиги Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси бош маслаҳатчиси

Сўнгги вақтларда юртимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш соҳасида кенг қамровли ташкилий-амалий ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, олиб борилаётган ва кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан ўлимга олиб келаётган йўл-транспорт ҳодисалари сони сезиларли даражада юқорилигича қолмоқда. Бу эса ўз навбатида автомобиль йўлларида хавфсизликни таъминлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш заруриятини келтириб чиқармоқда.

Жумладан, йўл инфратузилмасини ҳаракат хавфсизлигини таъминлашнинг замонавий талабларига тўлиқ мувофиқлаштириш ҳамда ушбу соҳага инсон омилини истисно этувчи рақамли технологияларни кенг жорий этиш талаб этилмоқда.

Айнан ушбу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аавтомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра 2022 йил 1 декабрдан бошлаб қуйидаги тартибни назарда тутувчи ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун жарима балларини ҳисоблаш тизими жорий этилмоқда:

- ҳар бир йўл ҳаракати қоидабузарлиги учун 12 ой давомида алоҳида жарима баллари ҳисоблаб борилади;

- ҳисобланган жарима баллари белгиланган миқдордан ошган ҳолларда ҳайдовчи маълум муддатга транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан ўрнатилган тартибда маҳрум қилинади;

- муайян давр мобайнида йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этмаган ҳайдовчиларга кейинчалик ҳисобланган жарима балларини қисқартириш орқали рағбатлантириш чоралари қўлланилади.

ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, ҳайдовчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга оширувчи барча таълим муассасалари (кейинги ўринларда – автомактаблар) ва имтиҳон марказларига фаолиятни амалга ошириш учун лицензия Ички ишлар вазирлиги томонидан берилади;

Мазкур қарор билан автомактабларнинг инновацион педагогик технологияларга асосланган ўқув дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек, уларнинг ўқитувчи, ҳайдовчи-йўриқчи ва мураббийларини шартнома асосида қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари Ички ишлар вазирлиги Академияси томонидан амалга ошириладиган бўлди.

Шунингдек, Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар марказларида чорраҳаларни тўлиқ рақамли бошқарув тизимига ўтказиш бўйича шахсий масъулият Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари зиммасига юклатилди.

Бундан ташқари, Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар, туман (шаҳар)лар марказларида йўл белгилари, кўрсаткичлари ва светофорларни ўрнатиш, йўл чизиқларини чизиш, пиёдалар ўтиш жойларини белгилаш орқали йўл ҳаракати воситаларини тартибга солишга ички ишлар органлари йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмалари масъул ҳисобланади.

Ўтган йилга назар соладиган бўлсак 2 мингдан ошиқроқ инсон авариялар натижасида ҳалок бўлган. Бу рақамлар албатта аянчли, шу билан бирга ўтган

2 йилдагига нисбатан сезиларли даражада юқори ҳамдир.

Айнан шунинг учун ҳам йўл ҳаракати қоидаларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, уларни такроран бузиш ҳолатларини олдини олиш билан автоҳалокат содир этилишини камайтиришга эришиш мумкин.

Шу боис ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш Президент ҳужжати қабул қилинишининг асосий мақсадларидан биридир.

Сурайё Гаппорова,

Адлия вазирлиги Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бошқармаси бош маслаҳатчиси

 


Report Page