Автобус рессори синиб кетиши оқибатидаги бахтсиз ҳодиса

Автобус рессори синиб кетиши оқибатидаги бахтсиз ҳодиса

Ички ишлар вазирлиги

2019 йил 24 август куни соат 18:30ларда Тошкент шаҳрининг Сергели тумани Нилуфар тор кўчасида яшовчи, “12-сонли автобус саройи” АЖ ҳайдовчиси 57 ёшли Ф.М.“104” йўналишидаги “Исузу” русумли автобусни Сергели туманидаги Хонобод тепа кўчасида жойлашган “Лайло” тўйхонаси олдида ҳайдаб кетаётган вақтида автобуснинг олд чап томон рессор қисми синиб кетган. Оқибатда ҳайдовчи бошқарувни эплай олмаган ва автобус ағдарилиб кетган.

Натижада автобуснинг 2 нафар йўловчиси, Сергели туманида яшовчи 59 ёшли Г.Х. исмли аёл ва Бухоро вилояти Олот туманидаяшовчи 2015 йилда туғилган З.П. исмли қизлар жароҳат олиб касалхонага ётқизилган. Яна автобусдаги 6 нафар йўловчига касалхонада тиббий ёрдам кўрсатилиб, уйига жавоб берилган. Шунингдек, автобуснинг қолган йўловчилари ҳеч қандай тан жароҳати олмаган. Ҳолат юзасидан дастлабки терговолди ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бошқармаси

Report Page