Австрия Фанлар академияси билан ҳамкорликда Санъатшунослик институт фондидаги ноёб фоноархив электрон шаклга ўтказилмоқда

Австрия Фанлар академияси билан ҳамкорликда Санъатшунослик институт фондидаги ноёб фоноархив электрон шаклга ўтказилмоқда


АОКАда ўтказилган брифингда Ўзбекистон Фанлар академияси президенти маслаҳатчиси Омина Азизова Санъатшунослик институти олимларнинг тадқиқот натижалари ҳақида маълум қилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтда ўткан йили қатор халқаро кўргазмалар ташкил этилди. Хусусан, 2022 йил 24 ноябрдан - 2023 йил 6 мартгача Франциянинг Париж шаҳридаги Лувр музейида ташкил этилган “Ўзбекистон воҳаларининг хазиналари. Карвон йўллари чорраҳасида” номли кўргазмада институт коллекциясидан 13 дона ноёб экспонатлар намойиш этилди. 

2023 йилнинг 28 сентабрдан - 2024 йил 5 январгача Пекин шаҳрида “Бир макон – бир йўл” халқаро лойиҳасининг 10 йиллик юбилейига бағишланган халқаро форум доирасида Сарой (Гугун) музейида Маданий мерос ва археология соҳасидаги кўргазма ташкил қилинди. Мазкур кўргазмага Институт коллекциясининг 12 дона археологик ашёси намойишга қўйилди.

2023 йил 4 майдан - 2024 йил 14 январгача Германиянинг Берлин шаҳридаги Жеймс Симон галереяси ва “Янги музейи”да Ўзбекистон археология хазиналари. Македониялик Искандардан Кушон империясигача” деб номланган кўргазма бўлиб ўтди. Кўргазмада Институт коллекциясидан 128 дона ноёб экспонатлар иштирок этди. Мазкур кўргазманинг немис ва ўзбек тилларида каталоги нашрга тайёрланди ва чоп этилди.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институтида Замонавий ҳунармандчилик илмий тадқиқ қилиниб, “Ўзбекистон ҳунармандчилиги” китоб-альбоми яратилди. Шунингдек, Янги Ўзбекистон бадиий киносида образлар типологияси тадқиқ этилди. Ўзбек киносининг юз йиллик тарихини ёритишга бағишланган уч тилда нашр этилган “Ўзбекистон кино санъати” китоб-альбомининг мантни Санъатшунослик институти олимлари томонидан ёзилди. “Ўзбекистон кино санъатининг ижтимоий функциялари ва поэтикаси” илмий тўплами нашр этилди. Жадид намояндалари образининг саҳна ва экрандаги талқинлари ўрганилди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти Фонотекасида сақланаётган ёзувларининг илк мажмуаси шаклланиши тарихи ва мазкур Институтда 1920-1940 йилларда амалга оширилган этномусиқашунослик фаолиятининг натижалари ёритилди. Ўзбекистоннинг ислом меъморчилигида диний-меъморий мажмуалар тадқиқ этилиб, халқаро мақолалар тўпламида чоп этилди.

Институтда 2023 йилда режадан ташқари археологик коллекция фондида сақланаётган 300 дан ортиқ археологик ашёлар рўйхатга олинди, 10 дан ортиқ лой-ганч ҳайкаллар, деворий сурат бўлаклари, 20 дан ортиқ сопол идишлар реставрация ва консервация қилинди, Франция, Германия, Хитойдаги кўргазмаларга тайёргарлик ишларида қатнашилди, Москвадаги ВДНХ, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларидаги Конгрес Холл биноларида ташкил қилинган махсус кўргазмалари учун институт ва бошқа музейлардаги экспонатлар асосида муляжлар яратилди.

Институтнинг Франция (халқаро кўргазма), Германия (археологик тадқиқотлар, халқаро кўргазма), Хитой (халқаро кўргазма), Япония (археологик тадқиқотлар, ҳамкорликда илмий семинарлар), АҚШ (грант), Қозоғистон (ҳамкорлик шартномаси), Австрия (ҳамкорлик шартномаси, грант) каби давлатлар билан халқаро хамкорликлари мавжуд.

Бугунги кунда институтда Археологик ёдгорликларни тадқиқ этишда инновацион геофизик, биологик, физик-кимёвий технологияларни қўллаш бўйича амалий лойиҳа олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида Далварзинтепа, Қоратепа, Хайрабодтепа ва Лойлаган мозор-қўрғони ўрганилмоқда.

Шунингдек, Австрия Фанлар академияси билан ҳамкорликда Санъатшунослик институт фондидаги ноёб фоноархивни электрон шаклга ўтказиш ишлари амалга оширилмоқда.

Республика ҳамда хориждаги барча санъат ва маданият тадбирлари, фестивал ва кўргазмаларни ташкил этишда Санъатшунослик институти олимларининг ҳиссаси улкан. Улар театр, кино, тавсирий ва амалий санъат, меъморлик ва мусиқа санъати сингари миллий маданий мерос соҳаларига оид тадбирлар, фестивал ҳамда кўргазмалар намойишларининг дастурлари, экспозиция муаллифлари, эксертлари сифатида бевосита иштирок этиб келмоқда.  



Report Page