Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

www.Andijan.uz

Қадрли фахрийлар ва ҳурматли меҳнат фахрийлари!

Сизларни, Сизлар орқали бутун Андижон халқини Иккинчи жаҳон урушида эришилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан Андижонликлар номидан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.

Бугун барчамиз буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган азиз инсонларни ёд этамиз ва пок руҳлари олдида таъзим қиламиз. Шафқатсиз уруш вақтида меҳнат фронтида мардлик ва жасорат кўрсатган барча фахрийларимизга юксак ҳурмат билан чуқур миннатдорлик билдирамиз. 

Азиз юртдошлар!

9-май – Ғалаба куни эл-юртимизнинг асл фарзандлари беш йил давомида ёвуз душманни тор-мор этган ва зафар қозонган айёмдир. 

Минг-минглаб жасур Ватандошларимиз қатори Андижон вилоятидан 96 минга яқин жасур ва мард йигитлар чинакам қаҳрамонлик кўрсатганлар. Ўз вақтида кўрсатилган жасорат, мана 75 йилдирки, биз учун мардлик мактаби, ғурур-ифтихор бўлиб келмоқда ва шундай бўлиб қолади.

Қадрли ҳамюртлар!

Бугунги кунимиздан ва тарихдан куч-қувват олиб Иккинчи жаҳон урушида иштирок этиб ҳозирда ҳаёт кечираётган Андижонлик 37 нафар уриш қатнашчилари, фахрийларимизга юксак эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш устувор вазифамизга айланди. Барчалари юртимиздаги тинчлик ва фаровонликдан ҳурсанд ва мамнундирлар.

Муҳтарам Президентимизнинг Фармон ва топшириқларига асосан Иккинчи жаҳон урушида қатнашган, айни вақтда ҳаёт кечираётган фахрийларимизга «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 75 йиллиги» эсдалик юбилей медали, 10 млн. сўмдан пул мукофоти ҳамда байрам совғалари олиб борилиб топширилди.

Шу билан бирга, ҳар бир уриш қатнашчиси учун алоҳида малакали шифокорлар бириктирилиб, уларнинг соғлиги учун зарур бўлган 32 турдаги дори воситалари билан доимий таъминлаб келинмоқда.

Фашизм устидан қозонилган ғалабада иштирок этган ҳар бир инсонларни асраб-авайлаш, соғ-саломат ва мазмунли умр кечиришлари учун барча шароитларни яратиб бериш муқаддас инсоний бурчимизга айланган. Уларга қанча қилсак ва қанча ардоқласак, шунча кам.

Азизлар!

Урушнинг азоб-уқубатларини кўрган фахрийларимизнинг ҳар битта сўзи олтинга тенг. Уларнинг жасорати тафайли бугун халқимиз тинч ва бахтиёр яшаётганини барчамиз, айниқса, ёшларимиз тушуниб қадрига етмоқда.

Қадрли дўстлар!

Бебаҳо бойлигимиз бўлган тинч ва фаровон ҳаётга ўз ҳиссасини қўшиш ҳар бир Андижонликнинг олдидаги энг олий мақсадига айланган. 

Ана шу мақсад ва вазифаларни муваффақиятли адо этишда қадрли фахрийларимизнинг жасорати ва мардлиги биз учун доимо ибрат бўлиб келмоқда.

Ҳурматли тадбир қатнашчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, вилоятимизда истиқомат қилаётган барча фахрийларни байрам билан яна бир бор муборакбод этаман.

Яратгандан Сизларга сиҳат-саломатлик, фарзандларнинг бахту камолини кўришларингизни тилаб қоламан. Барчамизга мана шу табаррук айём қутлуғ бўлсин! 

Хонадонларимиздан файз-барака, юртимиздан тинчлик-хотиржамлик аримасин!


Эътиборингиз учун раҳмат!


Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.


Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram 


Report Page