Тожикистон, Душанбе

Тожикистон, Душанбе

@kama_noir

Тўғрисини айтаман. Шу пайтгача Тожикистон ҳақида фикрларим салбий эди. Жуда ҳам қолоқ ва ёввойи юрт деб билардим. Билмайман қаердан бундай фикр келган-у, аммо Толибонларга ўхшаган одамлар яшайди деб ўйлаб юрган эканман. Манимча битта ман эмас бунақа ўйлаган.


ЙЎЛ

Ўзбекистондан чиқиб Тожикистон худудига кирар эканмиз, биринчи аҳамият берган нарсамиз бу йўл бўлди. Икки ёнимиз дала бўлган бу йўл - равон, теккис эди. Тун бўлгани учун фақат йўлга махлиё бўлиб кетавердик. Тонг отгач, мана бундай бир жойга дуч келдик.

Пуллик йўлга кириш пости.

Бу ердан ўтаётиб, йўл учун пул тўланар экан. Душанбегача боргунча 5-6та шундай пост чиқади. Хар бирини ўзини нархи бор, масалан эсимда қолганлари 2, 6, 3, 21, 23 - сомоний тўладик. 1 сомоний - 1000 сўм.


ТАБИАТ

Душанбега самолётда бориш керак эмас. Негаки ҳамма гап босиб ўтаётган тоғ-ён бағриларида экан. Одамни кўзини шунақа қувонтириб хайратга соладиган бундай табиатни тўғриси энди кўришим. Жуда жуда гўзал, сўзлар билан таърифлаш қийин.

Тожикистон перевали.

ДУШАНБЕ

Пойтахтга лекин гап йўқ. Шаҳар жуда ҳам чиройли ва тоза. Ҳамма светофорлари секундли. Бу жуда қулай. Пойтахтда чиройли бинолар жуда кўп, йўллари, тротуарлари, одамлар дам оладиган жойлари, парклари, умуман шахар инфраструктураси аъло даражада. Ман ҳеч ҳам бунақа шахар кўраман деб ўйламаган эдим.

Тожикистон, Душанбе.


АВТОМОБИЛЛАР

Малибуда орқа ойналари тонировкада Душанбега кириб келиб, жуда ҳам оддий мошинада юрганимизни хис қилдим :)

Сабаби, у ерларда деярли ҳамма машиналар иномарка экан, ойналари эса бутунлай қоп қора.

"АШАН Сити" савдо маркази автотураргохи


ДЎКОНЛАР

Лекин кўчаларда дўконлар кам экан. Аслида кам эмас, улар йўл ёқасида эмас, ичкарироқдаги бинолар тагида ёки ўша қаторларда жойлашган. Бизда остоновкаларда дўконлар бўлгани учун Душанбеда дўконлар камдек туюларкан.

Остоновкалари.

НАРХ-НАВО

Нарх наволари деярлик бизнинг нархларга ўхшайди. Аммо техникалар сал қимматроқ экан. Малика ярмаркасига ўхшаган жойи Душанбени ЦУМида жойлашган.

ЦУМ


ИНТЕРНЕТ

Шахарга киришимиз билан алоқани ўрнатиш мақсадида, одамлардан сўраб суриштириб Tcell компаниясига уланмоқчи бўлдик. Симкарталарни олгач, интернетга уландик ва Ўзбекистон интернетини қадрига етдик. Жуда ёмон ишлар экан интернет бу ерларда. 60 сомонийга (60 000 сўм) 4 ГБ трафик олгандик, 3 кунда зўрға 1 гб ишлатибман.

Tcell

ОДАМЛАРИ

Ох бу одамларга қойил қолдим. Биз ўзбекларни бутун бир халқ шунчалик хурмат қилишиша қойил қолдим. Хар бири ўзбеклигимизни билиб Хуш келибсиз деб қўйишлари, бир ёрдам сўрасангиз, эринмай батафсил тушунтириб сиз билан охиргача ишиз хал бўлгунча туриб бериши, иззат икромда ушлаб туришига умуман гап бўлиши мумкин эмас. Бу тожиклар биз ўзбекларни жуда яхши кўрар экан. Мехрни сезиб турасиз, ха мехрини.

Тожиклар


МИЛЛИЙ ТАОМЛАРИ

Бизни таомлардан фарқи йўқ. Ош, шўрва, манти, кабоблар.

Шўрва

Аммо бир нарсаси бор экан - Курутоб.

Қатламали нонни тўғраб, устига суюқ сузма қуйиб, пиёз тўғраб, қизиб турган зиғир ёғни қўшиб, устига помидор бодрин ва кўкатлар аралашмасини ташлаб гўшт билан якунлар экан бу шедеврни. :) Зўр экан, тавсия этаман.

Курутоб


ҚОЛГАН ГАПЛАР

Жамоат жойларда чекиш мумкин эмас. Бу қонун жуда яхши ишлар экан. Жаримаси 500 сомоний (500 000 сўм).


Кечки хаёт деярлик йўқ. Кўчалар бўм бўш, ночной клублар кам, бўлса ҳам одами жуда кам. Кўп жойлар ёпиқ. Туристлар шундан қийналар экан. :)


Умуман олганда, бир марта бориб айланиб келишга арзидиган жойлар экан, тавсия этаман. Асло самолётда учиб юрманглар, ҳамма гап йўлда.


Тожикистон - сенга меҳрим ошди, сен жуда гўзал ва самимий қўшни экансан!

© @kama_noir


Report Page