Анталия шаҳрида ўтказилган “Универсал жанг” ғолиби муносиб кутиб олинди

Анталия шаҳрида ўтказилган “Универсал жанг” ғолиби муносиб кутиб олинди


Сўнгги йилларда мамлакатимиз спортчилари кўплаб нуфузли халқаро мусобақаларда иштирок этиб, давлатимиз байроғини юксакларга кўтармоқда. Шу ўринда Нурафшон шаҳридан ҳам кўплаб спорт турлари бўйича чемпионлар етишиб чиқмоқда, жорий йилнинг 8-12 декабрь кунлари  Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган “Универсал жанг” бўйича жаҳон кубоги баҳсларида муваффақиятли қатнашган спортчимиз  Лазиз Хайдаров медаллар шодаси билан юртимизга қайтиб келди.

Нурафшон шаҳар 26 - умумтаълим мактабида спортчимизни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Нурафшон шаҳар ҳокими ўринбосари Н.Кулибеков, Машъал ижтимоий сиёсий газетаси бош муҳарири Толиб Хакимов,  мактаб ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда спортчимизнинг яқинлари жам бўлди. Тадбирда сўз олганлар бугун юртимизда спортни ривожлантириш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар ўз самарасини бераётганини таъкидлади.

Мазкур мусобақаларда дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатларидан 500 нафарга яқин спортчилар иштирок этиб, якуний натижаларга кўра, Лазиз Хайдаров Спортнинг "Универсал Жанг" турининг икки йўналишида  фаҳрли I-ўринни  қўлга киритиб 2 та олтин медал соҳиби бўлди.

Нурафшон  шаҳрида туғилган Лазиз Хайдаров 26 умумтаълим мактабининг 10-синф ўқувчиси. У бир неча йиллардан буён мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақаларда қатнашиб, юқори натижаларга эришиб келмоқда. Хусусан, 2019 йилда “Универсал жанг” бўйича Ўзбекистон кубоги баҳсларида I-ўринни, 2021 йилда “Универсал жанг” бўйича Украинада ўтказилган баҳсларида I-ўринни, 2021 йил 8-12 декабрь кунлари Туркиянинг Анталия шаҳрида ўтказилган мусобақада фахрли I-ўринни қўлга киритиб Давлатимиз байроғини юксакларга кўтарди. 

Унинг бундай юқори натижаларга эришиши бежиз эмас, албатта. Жисмоний тайёргарлик машғулотлари муҳим омил саналади. Универсал жанг спорт тури ҳам матонат, чидамлилик ва чаққонлик каби ҳислатларни тарбиялаши билан ёшлар ўртасида кенг оммалашган. Ушбу спорт тури бўйича жаҳон кубоги соҳиби бўлган Лазиз Хайдаровнинг ғалабаси алоҳида эътироф этилиб, Нурафшон шаҳар ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилди. Албатта, бу каби тадбирлар спортчиларимизни янада руҳлантириб, янги-янги зафарлар сари ундайди.

Шундай йигитни тарбиялаган ота-онасига ва устозлар, мураббийларга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.

 

Нурафшон шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

@Nurafshonpressa










Report Page