Ангренда “Ишбилармон аёл – 2024” аниқланди

Ангренда “Ишбилармон аёл – 2024” аниқланди

 Мукадам Нарбаева, O’zLiDeP Тошкент вилоят Ангрен шаҳар Кенгаши аппарати раҳбари

Бу йил тўққинчи бора ўтказилаётган O’zLiDeP нинг “Ишбилармон аёл” кўрик-танлови Ангрен шаҳрида ҳам ўзгача руҳ ва кўтаринки кайфиятда ташкил этилмоқда.

Ўзгача ёндашувда ташкил қилинган кўрик-танловнинг шаҳар босқичи Ангрен шаҳридаги “Билим Зиё ” ўқув марказиниг фаоллар залида ўтказилди.

Унда юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигини таъминлашга ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилаётгани хусусида сўз борди.

Аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган изчил саъй-ҳаракатлар натижасида опа-сингилларимизнинг ижтимоий фаоллиги оширилиб, турмуш фаровонлиги юксалаётгани алоҳида эътироф этилди.

Кўрик-танлов мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий, иқтисодий ислоҳотлар, сиёсий жараёнлар туб мазмун-моҳиятини кенг тарғибот-ташвиқот қилишда, юртимиз иқтисодиёти, кичик бизнес ва хусусий секторнинг ривожланишида фаол иштирок этаётган шижоатли, ташаббускор хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ватанимиз келажаги йўлидаги интилиши, изланишларидаги фаол иштирокини рағбатлантириш туфайли бугуннинг замонавий тадбиркор аёл қиёфасини яратиш мақсадида ўтказилаётгани таъкидланди.

Шоҳиста Мадиярова, Тошкент вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари: 

“Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳаёт ва меҳнат шароитларини яхшилаш, уларга дахлдор ижтимоий муаммоларни ҳал этишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Айниқса, хотин-қизларнинг бандлиги таъминланиб, опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарлар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда. Бунинг натижасида илгари бирор касбни бошини тутмаган хотин-қизларимиз ҳам янги касбларни эгаллаб, бири ўз-ўзини иш билан банд қилган бўлса, бошқаси тадбиркорлик фаолиятини бошлаб, ўзи ва оиласининг моддий фаровонлигини оширмоқда. Бошқа ишсиз аёлларимизни ҳам касаначилик шаклида иш билан таъминламоқда, шу билан ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги ҳам ортмоқда”.

Танлов доирасида ташаббускор ишбилармон, тадбиркор аёллар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси ҳам ташкиллаштирилди. Кўргазма павильонларида тадбиркор, ишбилармон, хунарманд хотин-қизлар раҳбарлик қилаётган ишлаб чиқариш, МЧЖ, оилавий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, қўл меҳнати буюмлари, тўқувчилик, бадиий безак санъати сингари хунармандчилик намуналари намойиш этилди.

Кўрик-танлов Низомида белгиланган қатъий талаблар доирасида беллашган ташаббускор, ишбилармон аёлларни O’zLiDeP Ангрен шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари – аппарат раҳбари Мукадам Нарбаева, Тошкент вилояти Хотин-қизлар тадбиркорлик маркази раҳбари Шохиста Мадиярова, хусусий тадбиркорлар Манзура Сайназарова, Гулчеҳра Караевалардан иборат одил ҳакамлар хайъати адолатли баҳолаб боришди.

Кўрик-танловнинг шаҳар босқичида фаол қатнашган бошқа иштирокчилари Назимова Наргиза ҳамда Хабиба Ражабовалар тегишлича танловнинг “Замонавий ташаббускор аёл”, “Йилнинг мурувватли ишбилармон аёли”, Хулкар Байменова хамда Зарифа Бобожоновалар эса “Энг фаол аёл тадбиркор”, Азимова Малика ва Дилдора Камиловалар “Энг фаол ёш тадбиркор” номинациялари бўйича ғолибликка эришишди.

Кўрик-танлов ҳайъатининг якуний қарорига кўра, фахрли 3-ўринга Шахноза Исмаилова муносиб деб топилган бўлса, 2-ўринга ишбилармон Муножат Ўтанова лойиқ кўрилди.

Танловнинг 1-ўрнини эса қандолатчилик йўналиши бўйича фаолият юритувчи оилавий корхона “ Акбарали ширинликлари ” ОК раҳбари Жакбарова Севара Абдужалиловна қўлга киритиб, вилоят босқичида иштирок этиш имкониятига эришди.

 




Report Page