Андижонлик нуронийлар ҳам эъзозда

Андижонлик нуронийлар ҳам эъзозда


дейди "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси", "Эл-юрт ҳурмати" ордени соҳиби, “Нуроний” жамғармаси Андижон вилояти бўлими раиси Ўктамжон Ахунов

Ўктамжон Ахунов 1949 йилнинг 22 апрелида Андижон вилояти Жалақудуқ туманида туғилган. 1970 йилда Андижон Давлат педагогика институтининг физика-математика факультетини тугаллаб Жалақудуқ туманидаги 31-ўрта таълим мактабида ўқитувчи, кейинчалик директор бўлиб фаолият юритди. Таълим тизимида 1990 йилгача ишлагач, шу йилдан партия ишига ўтиб, Жалақудуқ туман партия қўмитаси котиби, тумандаги "Ойим" жўжалиги директори вазифаларида ишлади. Ҳар бир ишда ўзининг меҳнати, тиришқоқлиги, ишбилармонлиги ҳамда халқ билан бўлган самимий мулоқоти уни мансаб пиллапоялари сари етаклади. 1993 йилда Жалақудуқ туман ҳокимининг биринчи ўринбосари, 1994-96 йилларда Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Андижон вилоят Кенгашига раҳбарлик қилди. 2002 йилда Хўжаобод туман ҳокими вазифасида фаолият кўрсатган даврида туманнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланиши, аҳоли турмуш даражасининг яхшиланиши, қурилиш, ободончилик ишларига алоҳида аҳамият қаратди.  

   Камтарин, очиқ чеҳрали, қатъиятли раҳбар сифатида эл ҳурматига сазовар бўлган Ўктамжон аканинг умр йўлига назар солсак, у доимо халқ дарди билан яшаганлигига гувоҳ бўламиз. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўзбекистон фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш "Нуроний" жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2016 йил 28 декабрдаги Фармони кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга асос бўлиб, ҳудудларда "Нуроний" жамғармаси вилоят ва туман бўлимларига катта ҳаётий тажрибага эга бўлган малакали кадрлар иш бошлади. Ўз ўрнида Ўктамжон Ахуновга юксак ишонч билдирилиб, у "Нуроний" жамғармаси Андижон вилоят бўлими раҳбарлигига тайинланди.

  Ўтган давр мобайнида Ўктамжон Ахунов раҳбарлигида Андижонда нуронийлар фаолияти билан боғлиқ муайян ишлар амалга оширилди. Бунда кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшларни Ватанга муҳаббат, шукроналик, меҳнатсеварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда маҳалла ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш ишларида нуронийларнинг ўрнини алоҳида таъкидлаш лозим. Жумладан, жамғарма фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, уларнинг турмуш даражасини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2022 йил 15 мартдаги ПҚ-167 сонли, "Кекса авлод вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ижтимоий фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2023 йил 11 мартдаги ПҚ-92 сонли қарорларида белгиланган вазифаларни бажариш юзасидан бир қатор ишлар амалга оширилди.

 Вилоятда 305981 нафар нуронийлар, жумладан: 113 минг          800 нафар отахонлар, 192 минг 181 нафар онахонлар истиқомат қилиб, 942 нафарни 90-100 ёшдагилар, 30 нафарни 100 ёшдан ошганлар ташкил этади. 5 нафар Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчилари, 423 нафар фронт орти меҳнат фахрийлари ҳар томонлама қўллаб-қуватланмоқда.

Ўтган давр мобайнида кекса авлод вакилларининг ижтимоий ҳимоясини амалга ошириш борасида жамғарманинг вилоят бўлими ва унинг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан якка-ёлғиз, эҳтиёжманд кекса авлод вакилларига 99 миллион 700 минг сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

50-60 йил бирга яшаб, маҳаллаларда обрў-эътиборга эга бўлган, фарзандларини намунали қилиб тарбиялаган онахон ва отахонларнинг “Қўша қариш саодати” рукнида 329 марта тадбирлари ташкил этилиб, уларга 2 миллион 400 минг сўм миқдорида пул маблағлари берилган бўлса, жамоатчилик Кенгаши аъзоларига эса 1 миллион 200 минг сўм миқдорида рағбатлантириш амалга оширилди.

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида вилоятдаги якка-ёлғиз яшовчи 2138 нафар нуронийларни жамғарма маблағлари ҳисобидан Фарғона вилоятининг “Бешчашма” ва вилоятдаги “Бобур” сиҳатгоҳларида соғломлаштириш, саломатлигини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилди. Вилоятнинг 126 минг 137 нафар нуронийлари учун республикамизнинг тарихий шаҳарлари, муқаддас қадамжолар ва бошқа туристик манзиллари бўйлаб саёҳатлари уюштирилиб, жамғарма маблағлари ҳисобидан 362 миллион 500 минг сўм сарфланди.

Нуронийларнинг соғломлаштириш ишларига ҳам алоҳида аҳамият берилаётир. Нуронийлар ўртасида уч босқичли “Ғайратли кексалар” спорт мусобақалари ўтказилиб, мусобақанинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичи ғолибларига 29 миллион 440 минг сўмлик эсдалик совғалар топширилди. Фаол нуронийлар маданий-маърифий ҳордиқ олишлари учун театр томошаларига таклиф қилинди. Нуронийларни соғломлаштириш мақсадида спорт билан шуғулланлари учун жамғарма маблағлари ҳисобидан 21 миллион 400 минг сўм сарфланди. Шунингдек, Андижон шаҳридаги “Саҳоват” меҳрибонлик уйидаги якка-ёлғизларга Рамазон ойида ифторлик дастурхони ёзилди.

Вилоятнинг мавжуд 909 та маҳаллаларидаги 11944 нафар уюшмаган, ишсиз, вояга етмаган ёшларни Ватанга муҳаббат, эзгулик, шукроналик, меҳнатсеварлик, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида «Бир нуроний ўн ёшга масъул» тамойилини жорий этиш орқали шу маҳаллалардаги 2226 нафар катта ҳаётий тажрибага эга кексалар маслаҳат гуруҳи аъзолари бириктирилиб, ўтган давр мобайнида улар томонидан кўрилган чоралар натижасида 4 минг 918 нафар ёшларнинг бандлигини таъминлашга кўмаклашилиб, 1 минг 387 нафари касбга йўналтирилди. 1 минг 188 нафар ўқувчиларнинг давомати яхшиланди, 694 нафари профлактик ҳисобдан ҳамда 7 минг 96 нафари муаммоли ёшлар тоифасидан чиқарилди.

Нуронийларнинг жамиятдаги ўрни, ёшларнинг тарбияси ва маҳаллалардаги тинчлик-тотувлик, оилалардаги аҳилликни таъминлашдаги ролини кучайтириш мақсадида вилоятнинг барча     маҳалларида 13 минг 635 нафар аъзоларидан иборат “Кексалар маслаҳати” гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилган. Вилоятдаги маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат, катталарга ва ота-онага ҳурмат, мардлик, ҳалоллик, одиллик каби эзгу туйғуларни шакллантиришга қаратилган "Уч авлод учрашувлари" тадбирлари ўтказилди. Вилоятдаги 1 635 та мактабгача, ўрта таълим мактаблари, ўрта махсус таълим ҳамда олий таълим муассасаларига зиёли, ҳаётий бой тажрибага эга 9 минг 477 нафар нуронийлар бириктирилиб, уларнинг ёшлар билан ишлаш фаолияти амалга оширилмоқда.  Ҳар ҳафтанинг жума куни мактабларда “Нуронийлар тарбиявий соати”, мактабгача таълим муассасаларида “Бувижонлар мактаби” аъзолари томонидан “Эртаклар яхшиликка етаклар” тадбирлари ўтказиляпти.

Вилоят нуронийлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида ўтказилган тадбирларда таълим муассасаларида ўқувчилар давомати ва дарсларнинг сифатига, нуронийлар ҳуқуқларини таъминланишига, Давлат дастурларининг амалга оширилишига, озиқ-овқат ва дори-дармон нархларининг сунъий оширилишига, томорқадан фойдаланишга, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, жамғарманинг вилоят бўлими ҳамкорлигидага қўшма қарорга асосан вилоятнинг барча ҳудудларда “Кексалар саломатлигини муҳофаза қилиш ойлиги” доирасида 300 минг 551 нафар нуронийлар бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. “Нуроний ҳар бир оилага масъул” тамойили асосида вилоятнинг маҳаллаларидаги 961 та муаммоли оилага бириктирилган 973 нафар нуроний ва ҳамкор ташкилотлар томонидан олиб борилган ишлар натижасида 475 дан ортиқ муаммолар ечилиб, 290 та оилавий ажримларнинг олди олинди. 186 та оилалар муаммоли тоифасидан чиқарилди.

 Ўктамжон Ахунов катта оиланинг раҳбари бўлибгина қолмай, вилоят нуронийларининг ҳақиқий кайвониси сифатида эл назарига тушди. Меҳнатлари қадр топиб 1999 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланган бўлса, 2017 йилда унинг кўксини "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси" фахрий унвони, 2021 йилда эса "Эл-юрт ҳурмати" ордени безади. Турмуш ўртоғи Озодахон ая Алиева билан бир-биридан доно Ўткирбек, Ойбек ҳамда Азизбек сингари фарзандларини тарбиялаб, жамиятнинг фаол аъзосига айлантирди. 22 апрелда 75 ёшини қаршилайдиган Ўктамжон Ахунов раҳбарлик қилаётган "Нуроний" жамғармаси Андижон вилоят бўлими томонидан нуронийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, ёшларнинг таълим-тарбиясида кекса авлод вакиллари иштирокини таъминлаш, маҳалла ва оилаларда аҳиллик, тинчлик ва осойишталикни таъминлаш мақсадида амалга ошириш ишлари давом этмоқда. Биз ҳам кўп сонли муштарийлар номидан Ўктамжон Ахуновга сиҳат-саломатлик, узоқ умр, оилавий тотувлик тилаймиз. Бир сўз айтганда Ўктамжон Ахунов тимсолида ҳақиқий кайвонини кўряпмиз.

                                                                             Шавкат СУЛТОНОВ,

                                                                           "Нуроний" мухбири. 

     Андижон вилояти.                                  


Report Page