Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Омина Тожибоева 73 ёшда
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилоят бўлимиОминахон Тожибоева 1948 йил Андижон вилояти Пахтаобод туманида туғилган. 1967 йил Андижон давлат педагогика университетининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
Унинг илк шеъри 1962 йилда туман газетасида эълон қилинган. Кейинчалик, ижод намуналари билан вилоят ва республика даврий нашрларида фаол қатнашиб, адабий жамоатчилик эътиборини қозонди. “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”), “Қишлоқ ҳақиқати” (ҳозирги “Қишлоқ ҳаёти”), Коммунист (ҳозирги “Андижоннома”) каби газеталарда, “Шарқ юлдузи”, “Саодат”, “Ёшлик”, “Ёш куч” журналларида туркум шеърлари, ҳикоялари, очерк ва фелетонлари эълон қилинган. 1974 йилда “Ёшлик” альманахида “Илҳом манбаи” номли шеърий туркуми, 1996 йилда “Шарқ юлдузи” журналида “Уни севардим” қиссаси, 1976 йилда “Яшасин, муҳаббат” очерклар тўпламида “Бемеҳр бўлманг” очерки эълон қилинган. 1987 йилда нашрдан чиққан “Қалдирғочлар” ва “Уч муаллиф” тўпламларига насрий асарлари киритилган.
1992 йилда “Баҳолашда ошкоралик” мақоласи “Шарқ юлдузи” журналида эълон қилингач, “Йилнинг энг яхши асари” сифатида эътироф этилди. “Уни севардим” қиссаси республика радиосида инценировка қилиниб, элга тақдим этилди.
1999 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолигига қабул қилинди.
2001 йили “Янги аср авлоди” нашриётида чоп этилган “Унвон” қиссаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган “Истиқлол тонги” кўрик-танловида рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлди. Шунингдек, республика хотин-қизлар газетаси “Гулчеҳралар”да эълон қилинган “Аммаям тенг, ҳаммаям тенг” ривояти, “Саодат” журналида босилган “Олмос сир” ҳикояси адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган.
Мустақиллик йилларида адиба самарали ижод қилди. “Дил рози” (Ғафур Ғулом нашриёти - 1992), “Эй фарзанд” (“Ҳаёт” - 1997), “Эй дўст” (“Андижон” - 1998), “Унвон” (“Янги аср авлоди” - 2001), “Бобур армони” (“Камолот” - 2002), “Ишқ нури”, “Қисматнинг тошлоқ йўллари” (“Янги аср авлоди ” - 2002) каби қатор насрий ва назмий асарлари тўпламлари ўқувчилар қўлига етиб борди.
2009 йилда О. Тожибоева “Пахтаобод дурлари ёҳуд туташ тақдирлар” номли публицистик асарлари тўпламини “Фан” нашриётида чоп эттирди.
Шоира ва адиба Омина Тожибоеванинг уч жилдли сайланма асарлари 2008 йилда “Турон-иқбол” нашриётида чоп этилган. 2016 йилда адибанинг “Шамолларга учган нидолар” тарихий романи “Ўзбекистон” нашриётида чоп этилди. 2021 йилда унинг "Мен боламан","Ёлғизбоғнинг ўткан кунлари" номли китоблари нашр қилинди. Омина Тожибоеванинг “Дил рози”, “Уни севардим”, “Қиёмат тақдир” қиссалари инглиз тилига таржима қилиниб, Андижон нашриётида чоп этилди.
Омина Тожибоева “Халқ таълими фидойиси”, “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси”дир. Халқаро Бобур мукофоти совриндори.