Андижонда кўп квартирали уйларни капитал таъмирлашни молиялаштириш учун махсус жамғарма ташкил этилди

Андижонда кўп квартирали уйларни капитал таъмирлашни молиялаштириш учун махсус жамғарма ташкил этилди



Жорий йилнинг 24 июль куни Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ҳамда Андижон вилояти хокими «Кўп қаватли уй-жой фондини капитал таъмирлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги қўшма қарорни имзоланди.

Қўшма қарор Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари О.Раматов томонидан тасдиқланган, «Андижон вилоятининг шаҳар ва туманларини ривожлантириш бўйича вазирликлар, идоралар хўжалик бирлашмалари ҳамда Андижон вилояти, шаҳар ва туманлари ҳокимликлари томонидан 2020 йилда амалга оширилган чора-тадбирлар» дастури ижроси доирасида қабул қилинди.

Қўшма қарорга асосан Кўп қаватли уй-жой фондини капитал таъмирлаш ишларини молиялаштириш жамғармаси юридик шахс ташкил этмасдан Андижон вилояти Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ҳузурида ташкил этилди.

Қўшма қарор билан «Кўп квартирали уй-жой фондини капитал таъмирлаш жамғармаси маблағларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланди.

Жамғарма маблағлари Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги билан келишилган ҳолда Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан тасдиқланган манзилли рўйхат асосида сарфланади. Жорий йилда Андижон вилоятида таъмирга муҳтож бўлган 48 та кўп квартирали уйларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш учун таъмирлаш ишлари айнан шу жамғармадан молиялаштирилади.

Кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича буюртмачи функциясини Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Кўп квартирали уйлар, иссиқлик таъминоти объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси»нинг Андижон вилояти филиали, бош пудратчи функциясини вилоят «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» ДУК амалга оширади.

Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланишни назорат қилиш ва белгиланган таъмирлаш ишларини мувофиқлаштириш Низомда кўрсатилган Ишчи гуруҳ ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги «Уйжойфондинспекцияси»нинг Андижон вилояти ҳудудий инспекцияси ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси зиммасига юклатилган.

Низомда кўп квартирали уйларни таъмирлаш бўйича амалга оширилган иш ҳажми Ишчи гуруҳ томонидан қабул қилиниши кўзда тутилган.

Кўп квартирали уй-жой фондини таъмирлашни молиялаштириш бўйича жорий этилаётган янги механизм капитал таъмирлаш ишлари шаффофлигини ва маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлашга, лойиҳа-смета ҳужжатлари ва таъмирлаш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишига, шунингдек бу борада ўтган йиллар давомида йўл қўйилган камчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Жамғарманинг ташкил этилишидан кўзланган пировард мақсад кўп квартирали уйларда истиқомат қилувчи аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш.

Андижон тажрибасидан келиб чиққан ҳолда кўп қаватли уй-жой фонди капитал таъмирлаш ишларини молиялаштириш жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ташкил этилади.


Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram 


Report Page