Андижонда ихтисослаштирилган мактабларнинг информатика ўқитувчилари учун IT йўналишида малака ошириш бўйича ўқув курслари бошланди
Рақамли Ўзбекистон – 2030 стратегияси доирасида, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 октябрдаги “Ахборот технологиялари соҳасида таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий тадқиқотларни ривожлантириш ва уларни ИТ-индустрия билан интеграция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4851-сон қарори ижросини таъминлаш, Андижон вилояти Халқ таълими тизимидаги умумтаълим мактабларининг раҳбар ва ходимларини ахборот коммуникация технологиялари соҳасидаги билимларини ривожлантириш ва малакасини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси ҳамда Андижон вилояти Халқ таълими бошқармаси ўртасида Қўшма қарор имзоланди.
Қўшма қарорга асосан Андижон вилоятидаги информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактабларнинг 13 нафар информатика ўқитувчилари учун “Andijan digital city” технопаркининг IT-академиясида малака ошириш бўйича ўқув курслари бошланди.
Йил давомида ташкил этиладиган малака ошириш бўйича ўқув курсларида бугунги кундаги замонавий IT дастурларни ўрганиш ва улардан фойдаланиш имкониятларини тақдим этилади.
Бугунги ташкил этилган ўқув курси “AutoCad – 2D графикаси ёрдамида бино ва иншоотларни яратиш ва лойиҳалаш” мавзусида бўлиб, қатнашчилар бир ой давомида “AutoCad” дастури ва функцияларини бошқариш, дастурдан фойдаланиш имкониятлари, бино-иншоотлар, машина деталларини чизиш услублари ва усуллари каби назарий ва амалий билимларни эгаллайдилар ҳамда олган замонавий билим ва кўникмаларини ўз иш фаолиятида қўллай олиш имконини беради. Малака ошириш курсларини муваффақиятли тамомлаган ўқитувчиларга IT сертификатлар тақдим этилади.