Андижонда бир қанча йўналишларга фаолият олиб бориш учун рухсат берилди
Юртбошимизнинг селектор йиғилишида биз фақат – “Юксак тафаккур, темир интизом ва чуқур масъулият” билангина бу ҳолатдан чиқишимиз мумкинлиги тўғрисида айтган сўзлари ўз тасдиғини топмоқда.
Жорий йилнинг 29 апрелида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, 10 майдан кейин карантин режимини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди ва карантин талабларини босқичма-босқич юмшатишга қаратилган ишларни жадаллаштириш мақсадида Республика махсус комиссияси қарор қабул қилди.
Ушбу Қарорнинг 1-бандида республикада коронавирус инфекциясининг тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш (соғайиш) динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган чекловларни босқичма-босқич бекор қилиниши белгиланган.
Шунга асосан, вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов раислигида 2020 йил 4 май куни ўтказилган селектор йиғилишида белгиланган йўналишларда Андижон вилоятда жами 3750 та субъектлар фаолиятини тиклаш зарур эканлигини таъкидлаб ўтди.
Вилоятимизда карантин эълон қилинган кунга қадар жами 29 минг 811 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолият кўрсатиб келаётган эди.
Мамлакатимизда коронавирус пандемияси юзага келиши натижасида 2020 йил 16 март кунидан карантин эълон қилиниши сабабли 11 минг 184 та хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти вақтинчалик тўхтатилди.
- Вилоят ҳокимининг топшириғига асосан бугун, 2020 йил 4 майдан вилоятдаги 508 та транспорт уюшмаларидан 82 тасида лицензияга эга бўлган 4700 дан ортиқ енгил автомобилларни уюшмалар томонидан кунлик санитария талабларига амал қилган ҳолда фаолият юритишга,
- 3 минг 643 таси аёллар ва эркаклар учун сартарошхона ва гўзаллик салонларни санитария талаблари асосида оралиқ масофани сақлаган ҳолда санитария - эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда солиқ идоралари ҳодимлари назорати остида фаолиятини давом эттиришга,
- 25 та меҳмонхоналарнинг ҳар бирига санитар врачларни жалб этган ҳолда хоналарни дезинфекция қилиш ва меҳмонларни кунлик тиббий назоратдан ўтказиш орқали фаолиятини тиклашга рухсат этилди.
Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачининг шу йил 23 апрелдаги 0372-20-сонли кўрсатмасига асосан пандемия даврида касалликни тарқалишини олдини олишни тўлиқ назорат қилиш имконияти йўқ бўлган жами 1096 та, шундан, 459 та умумий овқатланиш корхоналари (етказиб бериш хизмати асосида ишлаш бундан мустасно), 115 та тўйхоналар, жамоат транспортлари (автобус, микроавтобус) мавжуд бўлган 426 та йирик транспорт уюшмалари, 24 та нодавлат-нотижорат ўқув марказлари, 72 таси буюм бозорлари ва савдо комплексларининг фаолиятини Республика комиссияси томонидан алоҳида кўрсатма бўлгунга қадар фаолият юритишини вақтинча чеклаб турилади.
Андижон вилояти ҳокимлиги
МАТБУОТ ХИЗМАТИ.
Facebook | Twitter | Instagram | YouTube | Telegram