Андижонда аҳолига урологик тиббий хизмат кўрсатиш жаҳон андозалари даражасида олиб борилмоқда

Андижонда аҳолига урологик тиббий хизмат кўрсатиш жаҳон андозалари даражасида олиб борилмоқда


Андижон Давлат Тиббиёт институти клиникаси шифокори Бунёдбек Абдурахмонов: Андижонда аҳолига урологик тиббий хизмат кўрсатиш жаҳон андозалари даражасида олиб борилмоқда, 8 миллиард 171,6 млн сўмлик юқори технологик жиҳозлар билан таъминланди.

2021 йилда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашда улкан ишлар амалга оширилмоқда, шунингдек Андижон вилоятида апрель ойи – саломатлик ойлиги деб эълон қилинган.

Вилоят аҳолисига сифатли тиббий хизмат кўрсатишда Андижон Давлат Тиббиёт институти клиникаси андоза бўлган тиббиёт муассасаларидан биридир.

Андижон Давлат Тиббиёт институти клиникаси нафақат Фарғона водийсининг Андижон, Наманган, Фарғона аҳлига, балки Қирғизистон Республикасидан келган беморларга ҳам юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда, шунингдек аҳолига урологик хизмат кўрсатишда кейинги йилларда шахдам қадамлар ташланди.

Андижон Давлат тиббиёт институти клиникаси Урология бўлими Соғлиқни сақлаш вазирлиги маблағлари ҳисобидан қайта тўлиқ таъмирланди, эндоурология ташрих заллари 6 турдаги, жами 8 миллиард 171,6 млн сўмлик юқори технологик ва замонавий текширув-ташрих ускуналари билан таъминланди.

Клиникада мунтазам равишда ўз малакасини Европанинг нуфузли клиникаларида ва Россияда ошириб келаётган олий тоифали мутахассислар томонидан мунтазам мураккаб урологик хасталикларга тўғри ташхис қўйиш ва ташхисга мос кам инвазив ташрихлар ўтказишга шароитлар яратилди. Жумладан эндоурология ташрих залида эркакларда кўп учрайдиган простата бези хавфсиз гиперплазиясида «олтин стандарт» ҳисобланган замонавий ташрих простата бези аденомасини трансуретрал резекция ташрихи, шунингдек Ўрта Осиё минтақасига хос кўп учрайдиган буйрак ва сийдик йўллари тошларида барча турдаги кам инвазив операциялар маҳорат билан бажарилмоқда. Булар жумласига перкутан нефролитотрипция, -экстракция, - лапакция, уретеролитотрипция ва систолитотрипция ташрихлари ҳисобланади.

Шунингдек буйрак сийдик йўлларидаги тошларни ҳеч қандай ташрих ўтказмасдан ЭУВЛ аппарати ёрдамида электр заряд йўналтириш орқали майдалаб, олиб ташланмоқда. Малакали мутахассислардан бири Бобуржон Эргашев Германияни Кёлн университетига грант ютган, Германияда таҳсил олмоқда, тиббиёт фанлари номзодлик диссертациясини ҳимоя қилмоқда.

2021 йилда Андижон Давлат тиббиёт институти ва Германиянинг GIZ Германия халқаро ҳамкорлик хизмати ташкилоти орасида ҳамкорлик шартномаси асосида Германия-Ўзбекистон ҳамкорлигидаги «Урология илмий-амалий даволаш ва ўқув маркази» ташкил этилди. Марказда ўқув жараёнига етакчи хорижий мутахассисларни жалб қилиш, маҳорат дарслари, тренинглар, семинарлар ташкил этиш, мастеркласслар ўтказиш ва эндоурология бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ўтказилмоқда.

«Президентимиз жорий йил мамлакатимизда-«Ёшларни кўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш» йили деб эълон қилди. Бу биз шифокорлар зиммасига янада масъулиятли вазифаларни юклайди. Мен ишонч билан айта оламанки, клиникамиз жамоаси халқимиз саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш йўлида зиммамизга юкланган барча ишларни самарали амалга ошириш учун етарли имконият ва салоҳиятга эга, катта маблағлар сарфланди, урологик касалларга жаҳон андозаларида даражасида сифатли тиббий хизмат кўрсатмоқдамиз»-дейди Андижон Давлат Тиббиёт институти Клиникасининг етакчи уролог-шифокори Бунёдбек Абдурахмонов.

«Андижон вилоятида кейинги йилларда урология соҳаси бўйича барча тиббиёт муассасаларида, Давлат секторида ҳам, хусусий секторда ҳам тиббий хизмат кўрсатиш сифати тубдан ўзгарди, бу халқимизни соғлиқни сақлаш тизимига бўлган ишончини оқлайди деб умид қиламиз»-деди Мирзамахмуд Шодмонов.

Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, инсонларни чет элларга бориб, сарсон бўлишларини олдини олиш, тиббиётдаги улкан муваффақиятлар билан ўрнак бўлиш орқали савобли ишларни амалга оширишларида омадлар тилаймиз.

Фото: Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси матбуот хизмати

Facebook | Twitter | Instagram | YouTube | Telegram


Report Page