Андижонда Мустақилликнинг 29 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди

Андижонда Мустақилликнинг 29 йиллигига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди


Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг ёзги амфитеатрида мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. 

Унда вилоят, шаҳар ва туманлар секторлари ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарлари, тадбиркорлар, байрам муносабати билан тақдирланганлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, нуронийлар, ёшлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Кўксарой қароргоҳидаги тантанали тадбирда сўзлаган нутқи онлайн тарзда тингланди. Юртбошимиз Ўзбекистон аҳлини байрам муносабати билан табриклади.

– Биз қандай таҳликали ва суронли даврларни бошимиздан кечирмайлик, қандай ютуқ ва натижаларга эришган бўлмайлик, мустақиллик ғояси, истиқлол руҳи бизга доимо тоғдек таянч бўлмоқда. Бугун чексиз ифтихор билан айта оламизки, донишманд халқимизнинг узоқни кўра олиши, бирдамлиги ва фидойи меҳнати билан барча синовлардан муносиб ўтиб келмоқдамиз. Шу нуқтаи назардан, бизнинг инсоний қадр-қимматимизни, ғурур ва шаънимизни, дину диёнатимизни, миллий давлатчилигимизни тиклаб берган Мустақиллик куни Ватанимизнинг шонли тарихида ҳамиша энг ёрқин саҳифа бўлиб қолади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Кейинги йилларда тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйилаётгани, янги бир уйғониш — Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани қайд этилди.

— Кенг жамоатчилик, эл-юртимиз барча ижобий ўзгаришларнинг ташаббускори ва бунёдкорига айланмоқда, — деди Президент.

Жаҳонда юзага келган коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий ва техноген офатлар жорий йилда жиддий синов бўлди. Шу мураккаб вазиятда ғоят муҳим иккита вазифа — яъни аҳолининг соғлиғи ва ҳаётини асраш ҳамда иқтисодиётимизни тиклаш, одамларга ишлаб даромад топиши учун шароит яратиш бир пайтнинг ўзида ҳал этилмоқда.

— Ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак: қанчалик қийин бўлмасин, қанча маблағ ва имконият талаб этилмасин, Ўзбекистоннинг биронта фуқароси ўз ҳолига ташлаб қўйилмайди, – дея таъкидлади давлат раҳбари.

Байрам арафасида бир қатор ҳамюртимиз Ватанимизнинг фахрий унвон, орден ва медалларига сазовор бўлди. Бу эса ўз навбатида барча Андижонликларнинг саъй-ҳаракатларига берилган юксак баҳо сифатида қабул қилиш мумкин.



Андижон вилояти ҳокимлиги

МАТБУОТ ХИЗМАТИ


Facebook | Twitter | Instagram | YouTube Telegram 


Report Page