Андижон вилоятига пресс-тур – маҳаллийлаштириш корхоналари бўйлаб саёҳат

Андижон вилоятига пресс-тур – маҳаллийлаштириш корхоналари бўйлаб саёҳат

"UzAuto Motors" АЖ

“Миллий тикланиш” партияси депутатлари ташаббусига кўра депутатлар, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирокида ташкил этилган Андижон вилоятига пресс-турнинг иккинчи куни бутунлай автомобиль саноатида маҳаллийлаштириш мавзуига бағишланди.

"UzAuto Motors" АЖ

“Ўзавтокомпонентс” АЖ директори Шафқатбек Алимов тадбир иштирокчилари учун тақдимотда қайд этишича, бугунги кунда Ўзбекистонда енгил автомобиллар ишлаб чиқариш учун бутловчи қисмлар етказиб берувчи 170 дан зиёд корхона мавжуд. Ушбу корхоналар базасида 200 дан зиёд технологиялар ўзлаштирилган ва 4 000 дан зиёд деталлар маҳаллийлаштирилган.

Маҳаллийлаштиришдан кўзланган асосий мақсад – ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини ва хорижий валютага боғлиқликни камайтириш. Шунга қарамай, автомобиль саноати импорт хом ашё ва бутловчи деталларга боғлиқ бўлиб қолмоқда, бу кўпинча маҳаллийлаштиришнинг имконсиз эканлиги билан боғлиқ. Масалан, енгил автомобиль учун кузовлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилса-да, пўлат Россиядан келтирилади (яқинда у 35-60 фоизга қимматлашди), чунки автомобиллар учун пўлат ишлаб чиқариш саноати бизда мутлақо йўқ. Шунингдек, валюта курсларига боғлиқлик корхоналар олган кредитларга таъсир кўрсатади, улар бўйича фоизлар миллий валютада 20-24% ва АҚШ долларида 7-8% оралиғида белгиланган, ҳолбуки бошқа мамлакатларда бу фақат 2-3%ни ташкил этади. Фақат мана шу кредитлар фоизларини тўлашнинг ўзига 75 млрд. сўмдан ошиқ пул сарфланган.

Деталлар ва бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш жараёнида илм-фан ва технология катта аҳамият касб этади. Автомобилсозлик соҳасида ушбу йўналишларни ривожлантириш мақсадида “Ўзавтосаноат” АЖ қошида “Research and Development Center” ишланмалар маркази яратилди.  Марказнинг фаолияти автомобилсозлик соҳасида электр транспорти учун инфратузилма яратишга, янги технологияларни ишлаб чиқишга, стандартлаштириш ва тестлашга қаратилган.  Бундан ташқари, марказ функцияларига инжиниринг, стайлинг ва тармоқдаги ишлаб чиқаришлар учун мутахассислар тайёрлаш ҳам киради.

Шунингдек, тармоқ компаниялари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулот таннархини камайтириш мақсадида ҳар бир импорт қилинаётган деталнинг ҳар бир бутловчи қисм даражасида, бутловчи қисмда ишлатилган хом ашёгача батафсил таҳлили ўтказилишини таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, нархни ҳисоблашда йирик автомобилсозлик корхоналарининг Cost Analyze тамойили - сарадорлик тамойилларини таҳлили каби услуб ва тажрибалари қўлланилади. Ушбу ёндашув, шунингдек, маҳаллийлаштириш корхоналари томонидан таннархни камайтириш бўйича бошқа чора-тадбирлар натижасида 2020-йилда 338 550 млн. сўм иқтисод қилинишига эришилди.

Янги лойиҳаларни амалга ошириш ва янги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш учун "Машинасозлик ва электротехника саноат хаби" махсус саноат зонасини ташкил этиш ҳам режалаштирилган, унда GEM платформасида автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Саноат зонаси таркибидаги корхоналарда пластмасса деталларни хромлаш, резина деталлар экструзияси, қайноқ штамплаш услуби билан деталлар ишлаб чиқариш, совуқ шакл бериш услуби билан пружиналар ишлаб чиқариш, пластик ёқилғи насослари ишлаб чиқариш ва ҳ.к. каби энг замонавий ва тармоқ учун янги технологиялар ўзлаштирилади. Саноат зонаси Андижон вилоятида, дастлаб 40 гектар майдонда жойлашади, кейин янги ишлаб чиқариш линияларини ташкил этиш йўли билан кенгайтириш имконияти мавжуд. Ушбу лойиҳани амалга ошириш ишлаб чиқариш кластери тамойилига кўра ташкил этилади, бу билан саноат корхоналарига ишлаб чиқариш учун зарур барча муҳандислик коммуникацияларидан фойдаланиш имкони яратилади, шунингдек, саноат зонаси инфратузилмаси яхшиланган ҳудудда жойлашади. Саноат зонаси таркибидаги тўққизта ишлаб чиқариш корхонаси 1 200 та иш ўрни яратиш имконини беради.

"UzAuto Motors" АЖ

Пресс-турнинг иккинчи кунида иштирокчилар Андижон шаҳридаги бир қатор маҳаллийлаштириш корхоналари билан шахсан танишиш имконига эга бўлдилар:

“Ўз-Донг Янг Ко” - 1997 йилда таъсис этилган бўлиб, ҳозирги кунда “UzAuto Motors” ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг ички безак деталларини таъминлайди. Ускуналар панели, эшик қопламаси, ғилофлар, шифт панели, юкхона бўлмаси – бу корхона ишлаб чиқарадиган маҳсулотнинг асосий рўйхати. Корхонанинг ўртача йиллик товар айланмаси 35,6 млн. долларни ташкил этади. Корхонада 1 000 дан зиёд ходим ишлайди.

“Ўз-СэМюнг Ко” – 1996 йилда асос солинган, “UzAuto Motors” ишлаб чиқарадиган автомобиллар учун ёқилғи баклари ва насослар ишлаб чиқарувчи Андижон вилоятидаги энг йирик қўшма корхоналардан бири. Шунингдек, корхонада металл ўтампланган деталлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Корхонанинг ўртача йиллик товар айланмаси 50 млн. долларни ташкил қилади. Корхонада тақрибан 1 200 нафар ходим ишлайди.

“O`zERAE Climate Control” – 2010 йилда асос солинган, иситиш, совитиш, вентиляция ва кондиционерлаш тизимларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Корхонада “UzAuto Motors” ишлаб чиқарадиган автомобиллар учун иситиш, кондиционерлар ва совитиш тизимлари боғламалари ишлаб чиқарилади. Корхонанинг ўртача йиллик товар айланмаси 40 млн. долларга ташкил қилади. Корхонада 300 дан зиёд ходим ишлайди.

"UzAuto Motors" АЖ
"UzAuto Motors" АЖ







Report Page