Андижон вилоятида ижтимоий соҳа муассасаларининг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати Молия вазирининг ўринбосари томонидан ўрганилди

Андижон вилоятида ижтимоий соҳа муассасаларининг қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати Молия вазирининг ўринбосари томонидан ўрганилди


Қиш мавсумини беталофат ўтказиш, мавсумга пухта тайёргарлик кўриш бугунги куннинг асосий вазифаларидан бирига айланган десак муболаға бўлмайди. Ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳудудида кузатилаётган аномал совуқ ҳаво, ҳароратнинг кескин пасайиши аҳоли хонадонларини иссиқлик билан таъминлаш ва ижтимоий соҳа муассасаларини иситиш тизимида мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чора тадбирларни зудлик билан амалга ошириш заруратини туғдирмоқда. Айниқса, табиий газ хамда электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш, кўмир хамда бошқа ёқилғи маҳсулотлари захирасини яратиш орқали қиш мавсумидан талофатларсиз чиқиш вазирликлар ва мутасадди раҳбарларининг кун тартибида биринчи галдаги масаласи бўлмоғи лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари раислигида ўтган 2022 йил 6 декабрь кунги видеоселектор йиғилишида ушбу масалалар юзасидан тегишли вазирлик, идоралар раҳбарлари зиммасига бир қатор аниқ вазифалар юклатилди. Йиғилиш баёнининг 22-бандида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Молия вазири ўринбосари Одилбек Исақов куни кеча Андижон вилоятида бўлиб, ижтимоий соҳа муассасаларини қиш мавсумида фаолиятини назорат қилиш юзасидан вилоят ҳокимлиги Молия бош бошқармасида ташкил этилган штаб (ишчи гуруҳ) фаолияти билан яқиндан танишди. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан қилиниши лозим бўлган чора-тадбирлар атрофлича муҳокама қилиниб, мавжуд муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш ва тегишли тартибда тезкорлик билан бартараф қилиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Шу куннинг ўзида Молия вазири ўринбосари вилоят ҳудудида жойлашган бир қатор ижтимоий соҳа объектларини иситиш тизими ҳолатини жойига чиққан ҳолда кўздан кечирди. Жумладан, Андижон шаҳрида жойлашган 31-махсус мактабгача таълим муассасаси, Андижон туман тиббиёт бирлашмаси, Шаҳрихон туманидаги 25-мактабгача таълим ташкилоти ҳамда Бўстон тумани тиббиёт бирлашмаларида қиш мавсумида биноларни иситиш тизими, кўмир маҳсулоти билан таъминланганлик даражаси, электр энергияси билан боғлиқ масалалар атрофлича ўрганилди. Бевосита масъуллар ва мутахассислар иштирокида кечган ўрганишларда аниқланган камчиликларни тезкор бартараф этиш юзасидан амалий чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, Андижон шаҳар 31-махсус мактабгача таълим муассасаси биносини мавсум давомида иситиш учун қўшимча 5.0 тонна кўмир ёқилғисига эҳтиёж борлиги аниқланиб, вилоят мактабгача таълим бошқармасига 2023 йил январь ойининг биринчи ўн кунлигида эҳтиёждаги кўмир ёқилғисини тўлиқ етказиб бериш вазифаси юкланди. Андижон туман тиббиёт бирлашмасида электр энергия таъминоти узлуксизлигини таъминлаш бўйича қўшимча 1 дона электр генератори сотиб олиш учун иқтисод қилинган маблағлар ҳисобидан 150 млн.сўм ажратиладиган бўлди. Шунингдек, Шаҳрихон туманидаги 25-мактабгача таълим ташкилоти биноларини иситишда сув айланиши тизимидаги камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича масъулларга топшириқ берилди. Шу билан бирга, Бўстон туманидаги ижтимоий соҳа объектларининг қиш мавсумида иситиш тизими давлат хусусий шерикчилик асосида самарали ташкил этилганлиги алоҳида қайд этилиб, вилоятнинг бошқа туманларида хам ушбу амалиётни жорий этиш мақсадга мувофиқ эканлиги айтилди.

Шунингдек, Молия вазири ўринбосари томонидан ҳозирги шароитда ижтимоий соҳа объектларини электр таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда қуёш панеллари энг мақбул ечимлардан бири эканлиги таъкидланиб, бу йўналишда Андижон вилоятида айни вақтга қадар амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди ва келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.

Маълумот учун, айни кунда вилоятдаги мавжуд бюджет муассасаси сони 1749 та бўлиб, шундан 788 та умумтаълим мактаби, 545 та мактабгача таълим ташкилоти-МТТ, 295 та соғлиқни сақлаш муассасаси, шунингдек, 68 та касб-ҳунар коллежи ,7 та олий таълим даргоҳи, қолаверса, 46 та бошқа бюджет таълим муассасалари фаолият юритиб келмоқда.

Report Page