Андижон вилоятида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларининг ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг моддий таъминоти яхшиланмоқда
Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқаролар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларни манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар сифатини янада ошириш ҳамда ушбу фуқароларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг шаффоф ва самарали механизмларини жорий этиш мақсадида Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил 8 июнь куни ПҚ-274-сонли Қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга мувофиқ:
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда гигиена товарлари ўрнига ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида қўшимча тўлов тўлаб борилади;
- 1941 — 1945 йиллардаги уруш фахрийлари ва фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган фуқароларга бепул етказиб бериладиган зарур кийим-кечак ва пойабзаллар ўрнига кийим-кечак хариди учун ҳар йили август ойида базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари миқдорида тўланадиган компенсация жорий этилади.
Бунда, қўшимча тўлов Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлиги томонидан пенсияларни ва нафақаларни тайинлашга масъул бўлган ташкилотга ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ёки ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисида тақдим этиладиган маълумотлар асосида амалга оширилади.
Компенсация ва қўшимча тўловлар мазкур қарорда келтирилган шахсларга, уларнинг пенсиялари ва нафақалари тўланадиган тартибда тўланади.
Пенсия жамғармаси ҳисобида турган пенсия ва нафақа олувчиларга қўшимча тўловлар Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан ҳамда компенсациялар Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.