Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари, уларнинг ота-оналари, ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табриги

Андижон вилояти ҳокими Ш.Абдураҳмоновнинг умумтаълим мактабларининг 11-синф битирувчилари, уларнинг ота-оналари, ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган табриги


Ассалому алейкум, қадрли устозлар, азиз ўқувчилар, ҳурматли ота-оналар!

    Бугун мана, яна бир ўқув йили ортда қолди. Вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларида ўқув йили “online-maktab” лойиҳаси доирасида масофавий тарзда якунланиб, “Сўнгги қўнғироқ-2020” тадбири Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси орқали намойиш қилинди.

Ушбу ўқув йилида умумтаълим мактабларимизни 40 минг 298 нафар ўқувчиларимиз 11-синфни тамомламоқдалар. Уларнинг ҳаётида янги саҳифа очилиб, катта ҳаётга учирма бўлишамоқда.

Бу кун билимга чанқоқ, беғубор орзулар қанотидаги ёшлар ва меҳри дарё устозлар, фарзанди камолини кўриб қувонаётган ота-оналар ва набираларига оқ йўл тилаб, дуо қилаётган отахону онахонларимиз учун чин маънода катта байрамдур.

Жорий йилнинг 21-22 май кунлари Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи давомида 11-синф битирувчиларини бандлиги таъминлаш бўйича “Андижон тажрибаси”ни жорий этиш ва унинг ижобий натижаларини бошқа ҳудудларга татбиқ этиш юзасидан халқ таълими тизими ходимлари олдига қатор вазифаларни белгилаб берди.

Шунингдек, ёзги таътил даврида ўқувчиларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида 11-синф битирувчилари учун “online-repititor”,

“оnline-to‘garak”, ўқитувчиларнинг малакасини ошириши учун “online-kasbiy rivojlantirish”лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда келгуси ўқув йилидан “online-maktab” лойиҳасини юқори савияда ташкил этиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг “Ёшларимиз ҳақли равишда Ватанимизнинг келажаги учун жавобгарликни зиммасига олишга қодир бўлган, бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал этувчи кучига айланиб бораётгани барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайди”  деган сўзлари бугунги кунда ёшлар сиёсатининг мазмун-моҳиятини белгилаб беради.

     Қадрли ўқитувчи ва мураббийлар, ота-оналар!

Ўтган ўқув йили давомида қийин ва масъулиятли ишларни амалга ошириб, фарзандларимизга чуқур билим бердингиз ҳамда уларни юксак даражада тарбияладингиз.

Айни дамда ўқувчиларимизнинг олдида олий ўқув юртига кириш имтиҳонлари турибди, ҳеч шубҳасиз, уларнинг ютуқларида сизларнинг ҳам катта ҳиссангиз бор.

Азиз битирувчилар!

Бугун сизларнинг ҳаётингизда энг қувончли кун. 11 йил мобайнида бир партада ёнма-ён ўтирган, бир оила аъзоларидек бўлиб қолган синфдошларнинг ҳар бири эртадан бошлаб ўзининг шахсий ҳаётини қуришга киришади. Кимдир ўқишни олий ўқув юртида давом эттирса, яна кимдир ҳалол меҳнати билан оиласига қанот бўлади.

Мен ишонаманки, келажакда Юртбошимиз томонидан яратиб берилаётган улкан имкониятларга жавобан, Сизлар билим чўққиларини забт этишда, буюк аждодларимиз ишларини давомчилари бўлиб, Ватанимизнинг келажаги, равнақи, ижтимоий-иқтисодий ривожланишида ситқидилдан хизмат қиладиган етук мутахассис бўлиб етишишларингизга ишонаман. 

Барчангизга сиҳат-саломатлик, келгусидаги иш ва ўқишларингизда каттадан-катта муваффақият ва улкан зафарлар тилаб қоламан!

Report Page