Data analytics (маълумотлар таҳлили)
@aba.abdurahimovData-driven ёндашуви бугунги кун бизнесида катта трендга айланди. Барча катта-кичик бизнесларда data analytics (маълумотлар таҳлили) воситаларидан кенг фойдаланилмоқда. Таҳлил қилинган маълумотлар асосида қабул қилинган қарорлар бозорда рақобатбардош бўлишга ёрдам бермоқда. Шунингдек, фойда келтирмайдиган савдо ва реклама тармоқларидан воз кечиш имконини бермоқда.
Қуйида таҳлилларнинг асосий 4 кўриниши ҳақида батафсил маълумот берамиз.
Маҳсулот таҳлили — маҳсулот сифатини, унинг иқтисодий, маркетинг ва фойдаланувчи хусусиятларини яхшилашга қаратилган таҳлиллар комплекси. Бундай маълумотлар реклама самарадорлигини ошириш, мижозларни яхшироқ қониқтириш, шунингдек, маҳсулот ишлаб чиқариш ва уни сотишнинг барча босқичларида компания бюджетини тежашга хизмат қилади.
Маҳсулот таҳлили мижознинг товар билан алоқа қилаётгандаги (ундан фойдаланаётгандаги) хатти-ҳаракатларини ўрганиш натижасида келиб чиқади.
Бунда олинадиган энг муҳим маълумотлар:
▪️ Маҳсулотдан қайси вақтда фойдаланишади;
▪️ Маҳсулотнинг қайси хусусиятлари машхур;
▪️ Маҳсулотдан фойдаланиш вақтида мижозлар қандай муаммоларга дуч келишади.
Ушбу маълумотлар билан компания мижозларни ушлаб қолишга эриша олади. Бу эса доим янги мижозлар жалб қилишдан осонроқ. Мижоз маҳсулотни қандай қабул қилиши, ундан қандай фойда олиши ва у билан қандай муаммоларга дуч келишини ўрганиб, маҳсулотга тезда ўзгартириш киритиш, унинг қимматлилигини ошириш мумкин.
Маҳсулот таҳлили учун асосий ёрдамчилар: Python, Google Analytics, Tableau, Amplitude, SQL, SimilarWeb, ClickHouse. Ундан ташқари, вазиятдан келиб чиқиб, маркетинг ва мобил таҳлил воситаларини ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Маркетинг таҳлили — реклама самарадорлигини ошириш мақсадида компанияни барча маркетинг жабҳалари бўйича ўрганиш.
Маркетинг таҳлилида реклама тармоқлари (каналлари) ва CRM (Customer Relationship Management)дан керакли маълумотлар тўпланади, рекламани баҳолаш метрикалари ўрнатилади.
Олинган маълумотлардан қуйидаги саволларга жавоб топилади:
▪️ Мижоз қайси реклама тармоғи орқали келган;
▪️ Биздан рўйхатдан ўтдими;
▪️ Маҳсулот сотиб олдими ва ҳк.
Бу маълумотлар реклама тармоқларининг самарадорлик даражасини аниқлашга ва қуйидагиларни тушунишга ёрдам беради:
▪️ Мижоз нега маҳсулотни сотиб олди ёки сотиб олмади;
▪️ Реклама тармоқларига қанча маблағ ажратиш керак;
▪️ Реклама тармоқларини қайси омиллар асосида баҳолаш мумкин;
▪️ Сайт, савдо-сотиқ, логистика ва бошқа тизимларда қандай янгиликлар амалга ошириш керак.
Маркетинг таҳлили учун асосий ёрдамчилар: Google Analytics, A/B-testing, R ёки Python, Power BI ёки Tableau, Яндекс.Метрика, Power View, Power Pivot, Power Query. Ундан ташқари: жараённи тушуниш ва мустақил таҳлил қила олиш.

Мобил таҳлил — маҳсулот ва маркетинг таҳлиллари асосида шаклланади ва мобил илованинг маҳсулот сифатида самарадорлигини ўрганади. Мобил таҳлилнинг долзарблиги шундаки, бугунги кунда ҳар бир компания ривожланишининг қайсидир босқичига етганда, мобил илова ишлаб чиқади.
Мобил иловалар таҳлилида учта асосий йўналиш мавжуд: маркетинг таҳлили, маҳсулот таҳлили, илова жойлаштирилган жой таҳлили.
Мобил таҳлилдан олинадиган муҳим маълумотлар:
▪️ Юклаб олишлар сони;
▪️ Фойдаланувчи илова ҳақидаги маълумотни қаердан олган (сайт, реклама ва б.);
▪️ Реклама ҳаражатларининг қопланиши;
▪️ Илова рейтинги;
▪️ Илова смартфонда қанча муддат туриши;
▪️ Фойдаланувчининг пуллик амлиётларни бажариши.
Буларнинг барчаси мобил иловани маҳсулот сифатида яхшилаш, унинг камчиликларини аниқлаш учун ишлатилади.
Мобил илова таҳлили учун асосий ёрдамчилар: Firebase Analytics, Flurry, AppAnnie, Mixpanel, Facebook Аnalytics, AppMetrica, Amplitude ва Adjust.

Якуний таҳлил — юқорида санаб ўтилган барча таҳлилларнинг бирлашмасида ишлайди. У алоҳида маҳсулот, маркетинг ёки мобил таҳлил асосида ёки бир вақтнинг ўзида бир нечта аналитик тизимларда амалга оширилади.
Якуний таҳлилда ҳаридор рекламани кўриб, маҳсулотни сотиб олгунигача бўлган барча жараён кузатиб борилади. Шу сабабли, умумий таҳлилда хизматлар, маълумотлар омбори, таҳлил ва визуализация воситаларининг ягона тизими мавжуд бўлади. Яъни, бунда турли кўрсаткичлар ягона интерфейсга жамланади: ROMI, ROAS (return on ad spend), ROI (return on investments), CPO (cost per order), CPA (cost per action), CTR (click through rate).
Якуний таҳлилда маълумотлар автоматик равишда маркетинг тармоқлари орқали тўпланади. Вазиятдан келиб чиқиб, телефон қўнғироқлари (calltracing) ва электрон почта ҳам тизимга уланиши мумкин.
Якуний таҳлил рақамли маркетингдаги муҳим восита ҳисобланади. Чунки у маркетинг, автоматизация, савдо ва бошқа жараёнлар таҳлилларини визуаллаштириш имконини беради.
Якуний таҳлил учун асосий ёрдамчилар: Ҳар бир компания ўзидан келиб чиқиб, якуний таҳлилларни ўзи истаганча ўрганиши мумкин. Масалан:
▪️ Маълумотлар calltracing, веб-аналитика ва CRM тизимидан олинади;
▪️ Олинган маълумотлар Google BigQuery маълумотлар базасига кўчирилади;
▪️ Маълумотлар қўшимча параметрларни ҳисоблаш учун BI платформаларида қайта ишланади: LTV, ROMI;
▪️ Бухгалтериядан транзакциялар ҳақидаги маълумот ҳам Google BigQuery базасига узатилади;
▪️ Сўнгра маълумотлар Google Data Studio ёки Microsoft Power BI орқали визуаллаштирилади.

Бизнесни яхши бошқариш учун юқорида келтирилган барча таҳлил турларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Чунки, барча маълумотлар бир-бирига чамбарчас боғланган.
@abalog канали тайёрлади