Амрилло Иноятов: "Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш олис ва чекка ҳудудлардан бошланади!"

Амрилло Иноятов: "Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш олис ва чекка ҳудудлардан бошланади!"

Buxoro.uz

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбар ходимларининг вилоятларга амалий-услубий ёрдам кўрсатиш мақсадидаги хизмат сафарлари давом этмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов вилоятимизга ташрифи давомида олис ҳудудлардан бири — Жонгелди овулига йўл олди.

Мутасаддилар — вилоят “Бирламчи тиббий-санитария муассасалари фаолиятини такомиллаштириш ва мувофиқлаштириш штаби” аъзолари, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Ғафур Саидов, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев, туман Тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Авазбек Ҳожиев ва бошқалар мамлакатимиз Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини ўргандилар.

Пешкў тумани марказидан салкам 200 километр олисда, саҳро қўйнида жойлашган мазкур аҳоли пунктида бугун қозоқ миллатига мансуб 742 нафар аҳоли умргузаронлик қилади. Аҳоли асосан, йилқичилик ва қоракўлчилик билан шуғулланади. Бу ерда ёш авлодни қозоқ тилида ўқитишга ихтисослашган ўрта таълим мактаби ва қишлоқ касалхонаси мавжуд.

Вазирлик вакили қишлоқ участка касалхонасига, шу ерда мактабга ва турли касалликлар бўйича ҳисобда турувчи беморлар хонадонларига борди. Ўқитувчилар билан бўлган мулоқот жараёнида уларнинг фикрлари, таклифлари ҳамда муаммолари билан ҳам қизиқди. Устозлар томонидан йилида бир маротаба уларни санаторияларга юбориш масаласи ўртага ташланди. Вазир ўринбосари томонидан бу таклиф маъқулланди.

— Президентимизнинг 2021 йилни "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб номлашларида катта маъно ва биз англаб олишимиз керак бўлган чуқур моҳият бор, – деди Амрилло Иноятов аҳоли ва тиббий ходимлар билан учрашув чоғида. — Ёшларимизга сифатли таълим– тарбия бериш учун ўқитувчиларимиз, қолаверса, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашимиз зарур.

Чўлқуварлар ҳузурига ташриф бесамар бўлмади. Гап шундаки, Бухоро давлат тиббиёт институтига ўқишга кира олмаган шу ерлик ёшларнинг 10 нафарига имтиёз бериладиган бўлди. Улар жорий йилдан олий даргоҳда таҳсилни бошлайдилар ва уч йиллик шартнома пулини тиббиёт институти ўз зиммасига оладиган бўлди.  

Шу куни овул аҳолиси учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкиллаштирилди. Вилоятнинг энг сара мутахассислари бу кўрикка жалб қилиндилар. Кўчма флюроография, мобиль поликлиника аҳоли хизматида бўлди.

Биринчи гуруҳ ногирони Аҳмад Нуримжаров (1970 йилда туғилган) билан қилинган мулоқотдан сўнг унинг реабилитацияси учун бепул ордер расмийлаштириладиган бўлди. Бундан ташқари, бу беморга ногиронлик аравачаси ҳам берилди.

Шунингдек, икки маротаба инсультни бошидан ўтказган Усара Кабакова ва ревматоидли полиартритдан қийналаётган унинг турмуш ўртоғи Бектибай Шалубаевга, “Паркинсон синдроми”га дучор бўлган бемор Кулаш Айимбетовага, дисциркуляторли энцефалопатия билан оғриган Серикболсин Маҳамбетовга саломатликларини тиклаб олишлари учун имтиёз бериладиган бўлди. Бундан ташқари, икки киши вилоятдаги “Моҳи Хосса” санаторийсига (Хожагул Аҳмедова, Баронгул Ходжабаева), икки нафар фуқаро эса (Жамила Ақбергенова ҳамда Улдана Қурбанбаева) РШТЁИМ Бухоро филиали ҳамда вилоят болалар Кўп тармоқли тиббиёт марказига жарроҳлик амалиётини ўташ учун юбориладиган бўлди. Бу беморларнинг бири сурункали холецистит, ўт-тош касаллигидан азият чеккан бўлса, иккинчиси ўнг сон суягининг туғма чиқиши дардидан қийналиб келаётган экан.

Жонгелди қишлоқ участка касалхонаси бош врачи Гулнур Айимбетова вазир ўринбосари билан мулоқот чоғида бу ерда мавжуд шарт-шароит ҳақида гапириб, айни пайтда дуч келинаётган муаммоларга тўхталди. Қишлоқ касалхонаси учун транспорт масаласини ислоҳ қилиш, бу ерда янги очилган жарроҳлик бўлимини моддий техника базаси билан бойитиш, зарур тиббий аппаратлар билан уларни тўлиқ таъминлаш бўйича Амрилло Иноятов масъулларга тегишли топшириқ ва тавсияларини  берди.

Вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати

Report Page