«Амирсой» тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳолати юзасидан қўшимча маълумот

«Амирсой» тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли ҳолати юзасидан қўшимча маълумот


Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўлидаги ёриқлар ҳақида хабар тарқалди.

Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги шу мазмундаги хабарларга жавобан қуйидагиларни маълум қилади:

2021 йилнинг февраль ойида туман тоғли ҳудудларида ёғингарчиликлар йиллик меъёрнинг 366 фоизи миқдорида (304 мм), март ойида йиллик меъёрнинг 229 фоизи миқдорида (275 мм) ёғингарчилик ёғиши натижасида мазкур йўлнинг 15 – 21 пикети оралиқларида йўл қатнов қисмида дастлабки кичик ёриқлар ва чўкишлар содир бўла бошлади.

2021 йилнинг февраль ойининг биринчи ва иккинчи декадасида ҳарорат бирдан исиб кетиши, қорнинг тез эриши, мавжуд қор уюмлари устига ёмғир ёғиши ва февраль ойининг учинчи декадасида қор ёғиб, ернинг музлаб қолиши оқибатида ёғингарчилик миқдори кўпайиши ҳамда ер ости сувларининг кўтарилиши кўчки ҳодисаларининг фаоллашишига олиб келди.

Бўстонлиқ тумани хавфли геологик жараёнларни кузатиш станцияси мутахассисларининг олиб борган кузатиш ва ўрганиш ишлари натижаларига кўра, йўлнинг 15 – 16 пикетида ҳамда 19 – 21 пикети оралиқларида ҳаракатдаги кўчки ёриқларининг узайиш, кенгайиш, чўкиш, силжиш ҳодисалари фаоллашган.

25 март куни мутасадди ташкилотлар мутахассислари томонидан эрталаб ҳаракатдаги кўчкининг визуал ҳажми - 50000 м3, кечга яқин эса тахминан 100000 м3 ҳажм атрофида бўлган.

«Амирсой» тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўлининг 2 -3 пикети оралиқлари йўлнинг четки қисмларида 200 м3ҳажмда тупроқ силжиши кузатилган. Шунингдек, йўлнинг 33 – 34 пикети оралиқларида 600 м3 тупроқнинг сурилиши ва силжиши оқибатида темир-бетон тўсиқ деворининг қисман шикастланганлиги кузатилган.

«Амирсой» тоғ-чанғи курортига олиб борувчи автомобиль йўли қурилиши 2018 йил сентябрь ойида бошланган бўлиб, қурилиш жараёнида Германия, Испания ва бошқа хорижий мамлакатларнинг мутахассислари таклифларини инобатга олган ҳолда, қўшимча тарзда лойиҳалаштирилиб трассанинг ўта нам жойларида йирик донадор тошлардан ёпиқ дренажлар, хавфли қияликлар остидан темир-бетон тўсиқ деворлари қуриш ишлари амалга оширилган.

Мутахасcисларнинг фикрига кўра, тоғли ҳудудларда бу каби қурилган йўллар 5 йилдан 10 йилгача вақт давомида аста-секин ўз жойига мустаҳкамланиб боради.

Бўстонлиқ тумани ҳудуди асосан тоғ ва тоғолди зоналаридан иборат бўлиб, хавфли техноген жараёнлар ҳар йили мунтазам равишда содир бўлиб туради.

Ҳозирда вазият тўлиқ назорат остига олинган бўлиб, 3-4 кунлик кузатувлар ва ёмғирли кунлардан кейин кўчки ҳудудида лойиҳа асосида йўлни қайта таъмирлаш ишлари олиб борилади.Таъмирлаш ишлари натижаси бўйича қўшимча маълумот берилади.


Бўстонлиқ тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


👉Каналга уланиш: https://t.me/Bustonliq_tuman_hokimligi

 



Report Page