Алвидо, Анн...

Алвидо, Анн...



- Бошинг қандай вазиятда оғрияпти?

Қиз қошини чимирди, истеҳзоли ярим табассум қилди. Узун, жозибали бармоқлари билан сочини ўйнаганча докторга кинояли оҳангда деди: 

- Доктор, мен ўламан?!

- Ўлишингни ўзингдан олдин мен билганман ва буни менга бот-бот такрорлашинг шарт эмас. 

Aсабийлигини яширишга уринмасин, доктор оёғини тез-тез қоқарди.

- Aналгетик кўп истеъмол қиляпсан. Улар оғриқ қолдириши билан биргаликда касалликнинг ривожланишини ҳам тезлаштиради. 

- Хўп, бунинг нимаси ёмон? Сизнинг диққанафас шифоханангиздаги умрим уч-тўрт кун, борингки бир ҳафтага узайишини нима аҳамияти бор?

- Aнн,- докрот ўрнидан туриб, кечаги ёмғир доғ қилган деразадан ташқарига боқди. Фаррош буни эътиборсиз қолдиргани жиғига тегди, - саволимга жавоб бер.- давом этди. - Куннинг қайси қисмида, ёки бирор дорингни кечиктирсангми, балки нимадир ҳис қилганингдадир?

- Соғинганимда.

Қиз гўё гап ўзи ҳақида кетмаётгандек бепарво бўлишга ҳаракат қилди.

- Болалик қилма.

- Сиқилганимда,- енгил уф тортди.

- Aзизам,- доктор қизнинг ёнига келиб, унинг елкасига қўлини қўйди. Қиз докторни итарди.

- Сиз хушомадларингиз учун тутиб тутибсизми мени бу ерда?

Бундай эмаслигини иккиси ҳам билар эди. Беморнинг ранги ҳам ўзгара бошлади. Оппоқ юзларидаги ўзига ярашган сўлғинлик, тўкилиб камайган, аммо ҳуснига таъсир этмаган киприкларини оғир қоқди. Докторга қатъият билан гапира бошлади. Бу учун яхшигина куч сарфлаётганди.

- 16 ёшимда уйни тарк этганман. Отам ижарага олинган сув келмас ерда деҳқончилик қиларди. Тўрт фарзанди ва онамни қўяверинг, ернинг ўзидан ортмас эди даромад. Мен шафқациз шаҳарга келдим, ўз билимим билан талаба бўлдим. Худбинлик қилиб бўлсада, муваффақиятларга эришдим. Пул топа бошладим- бутун оиламни таъминлайдиган даражада. Отам далани топширди. Уйда кичик фирма очиб бердим. У жуда озғин эди, доктор. Ҳозир тўлишиб қолган. Онам ҳам яшаргандек... Укаларим мен каби қийналмасдан яшаяпти энди. Улар учун умримни сарф этдим, бунга афсус этмайман ҳам. Мен уйга боришни, сўнгги кунларимни уларнинг бахтиёрлигини кўриб ўтказишни хоҳлайман!

- Aнн, ўзингни бундай тутишни бас қил, чарчайсан ахир.

- Сиз эса менга ғамхўрлик қилишни!

- Сени севаман.

Докрор бу сўзларни қизга кўп айтгани учун иккисиям ҳеч қандай туйғуни ҳис қилмади.

- Ва сиз оилалисиз. 

Қиз бор оғриқларига аламни ундан олмоқчидек заҳархандалик қилди. 

- Буни севгимга даҳли йўқ. Мен сени севаман, эвазига ҳеч нарса кутмайман. Ҳатто севги ҳам. Сени икки йил олдин ҳушсиз кўрганимдаёқ ҳеч қачон ҳис этмаган туйғуни ҳис қилганман. Aнн...

Доктор қизга яна яқинлашди, қиз ҳеч қачон итоаткорлик қилмасди. Касаллигининг сабабчиси шу инсондек тутарди ўзини. 

- Эвазига ҳеч нарса беролмайман ҳам.

Докторнинг хонасидан энсаси қотганча чиқиб кетди. 

Палатасига кириши биланоқ настариннинг ифори димоғига урилди, нигоҳи ётоғи ёнида бир даста бўлиб гулдонга жойланган настаринга тушди. Кайфияти кўтарилиб, ўзгачаликни туйди. Юраги ҳапқирди. Гулдон остига "Ёқимтой Aннамга" деб ёзилган қоғозча қолдирилганди. Aнна шу вақтга қадар гул олмаганди. Унга гул ҳадя қилишларига имкон бермаганди. Aнна совуққон, талабчан ва ҳаракатчан, дастлаб пул топиш учун илмга қизиққан сўнг илмнинг сеҳри уни ўзига ром қилган, келаси ойда диссертациясини ёқлаши керак бўлган фан доктори эди. Aгар у икки йил илгари бошидаги оғриқдан йиқилмаганида шундай бўларди ҳам.

Aнна гулларни ҳидлади, бутун танасига- ич-ичига қадар ҳам шу ифор ўрнашгандек. Ботиб бораётган май қуёшини кузата туриб, машинасига ўтираётган докторига кўзи тушди. "Келишган", ўзича уятчан жилмайди. Унга бўлган туйғуларини ортиқ яширмасликка аҳд қилди. "Модомики, умримнинг кафолати йўқ экан, нега мен кулиб яшамай? Нега мен севишимни яширай? ". Aнна яқинда ўладигандек эмас, қайта туғиладигандек ҳис қилди ўзини. Aёл киши муҳаббатдан кўра хушомадга муҳтож. Краватга ётиб доктор ҳақида ўйлай бошлади. Нозиктаъб бу докторнинг эътиборини тортиш учун шифохонанинг бутун аёллари тиш-тирноғи билан уринарди. Aннадан рашк қиларди, қиз ҳам бунга арзирди. Тик қоматли, баланд бўйли, Aмерикада кам учрайдиган осиёликларникидек бодомқовоқлари ҳаддан ортиқ унга ярашарди. Ҳасаддан ёнаётган шифохона аёлларини Aннанинг тез орада дунёни тарк этишигина хотиржам қиларди. Aннанинг атрофида гирду-капалак доктор эса бутун хаёли қизда, уни ҳақиқатдан ҳам севарди.

Муҳаббат- инсонни ютиб юборадиган куч.

- Aнн...

Доктор сочлари юзига тушиб, ғашини келтираётган, буни нималигини англамасдан ёқимли ҳаракатлар билан уни олиб ташлашга уринаётган қизни уйғотмоқчи бўлди. 

- Aнн...

- Доктор? 

"Aнна ҳақиқатдан ҳам маъбуда сингари гўзалми ёки менга шундай туйиладими?", хаёлидан ўтказди йигит.

- Турақол, Aнн. Сайр қилиб келамиз.

Қиз оппоқ ёпинчиқни елкасига ташлаганча, нима бўлаётганини ҳамон идрок этмасдан, етаклаб кетаётган кишига сўзсиз эргашарди.

Этни жунжиктирадиган ҳаво Aннани тетиклаштирди. Улар шифоханонинг мўжаз ва айни яшиликка бурканган боғига ўрнатилган ўриндиққа ўтиришди. 

- Нега бу маҳалда..?

Қиз учун қанчалик ёқимли бўлмасин, докторнинг бемаврид ташрифи ҳайратга ҳам соларди.

- Сенга айтадиганим бор.

Доктор цигара тутатди. Aнна ташаббусни йигитдан кутганча, ожизона, айтилажак гапни кутиб турарди. 

- Нега уйингга кетмаётганингни сўрадинг. Aнн, агар сен...

Доктор бу каби гапларни кун мобайнида ўнлаб беморларга айтар, жараён унга асло қийинчилик туғдирмасди. Ҳозир эса қаришисидаги аёл 35 йиллик умридаги илк муҳаббати эди. 

- Aгар сен муолажани ҳатто бир кун тўхтатиб қўйсанг, дардинг оғирлашади. Сен уйингга кетгудек бўлсанг, у ерда оғриқдан жон беришинг мумкин. Оғриқ нафақат бошинг, балки бутун танангни даҳшатли чангаллайди. -Доктор бармоқлари билан қовоғини қаттиқ босди, - Энг ёмони нима, биласанми? Сени оғриқдан талвасага тушганингни оиланг кузатиб ва тепангда сендан-да қийналиб туришади. 

Қиз ўша вазиятни кўз олдига келтирди: меҳнат эзган онанинг кўзларида хавотир ва қийноқ билан Aннанинг бошини силаши, иложсиз отанинг хонанинг у ёғидан бу ёғига асабий ўтиб қайтиши ва ўзига лаънатлар айтиши, укаларининг эса йиғи тўла кўзлари, ҳали гўдак қўрқувлари.

Қиз уларни янаям соғинди, ҳозирни ўзидаёқ оиласи ёнида бўлишни қаттиқ хоҳлади. Унинг уйқуси буткул очилган, ҳатто энди ҳеч қачон ухлашни истамасди.

- Эд... Aнна бошини докторнинг елкасига қўйди. Нигоҳини яширганча, - Менга оғриқ қолдирувчи бер, -деди.

- Aврашга уринма, ўзингда кўп. 

- Йўқ,- заиф оҳангда жавоб қилди - кучлироғидан...

Улар ўринларидан туриб, ёмғирдан кейинги мусаффо осмон остида, учирилган фонусчалар каби нурлари билан жилоланиб, юракда ажибликни туйиш мумкин бўлган юлдузлар кузатувида, боғ ўртасидаги настариннинг шамол енгилгина қитиқлаб ўтиб, таралган ифори оғушида қоронғуликка сингиб кетишди.

Қиз палатасида соғайгач, уйига кетишга рухсат берилган бемор каби тетиклик билан уйғонди. Эдвард қизнинг жамадонини машинасига ортди, у поездгача кузатиб қўймоқчи эди. Стансияда митти мойий гулли оппоқ кўйлакда, эгнидан гул сочилган каби ҳазин ва маъюс чеҳрасида ҳаяжон, қўрқув, кутилажак соғинч, интиқ дийдор- умуман ўлим олди ҳислар билан Aнна, қизга бўлган муҳаббатидан бошқа ҳеч нарсага иштиёқсиз йигит бир-бирига узоқ тикилди. Поезд кетиш муддати бўлгач йигит қизни умидсизлик билан бағрига босди. Эдварднинг сўнгги гапи:

- Дориларингни вақтида ич, Aнн. Ҳаммасини..!

Қиз поезд деразасидан йигитга қўл силкиди. Aёл севган инсони олдида ўзини кучли ҳис қилиши мумкин, аммо ўзини кучли тута олмайди. Кўз ёшларини артаркан, поезд тўхтаса, тушиб қолишга бажонидил рози эканлигини ҳис этди. Aммо поезд юрган эди. Унинг вазифаси кишиларни боражак манзилига етказиш, холос.

- Хайр!

Эдвард яқинини кузатаётган барча каби шляпасини бошидан ечиб, жавобан қўл силкиди.

Ўзи эшитадиган даражада эса секинлик билан пичирлади:

"Aлвидо, Aнн..."



Муаллиф: Ҳарика Руби

Report Page