Аллоҳга қандай уммат керак?

Аллоҳга қандай уммат керак?

Teran Mind

Аллоҳга қандай уммат керак?


Мусулмонларнинг наздида яхши амалларга, хушфеълликка даъват фақатгина Қуръон ва Исломдан бўлса-да, тарихан буни акси эканлиги аксарият инсонларга маълум.


Хусусан, садақа бериш, бошқаларга меҳрибон бўлиш, ўғрилик қилмаслик Қуръондан асрлар олдин барча инсонлар орасида қадрият бўлиб келган. Конфуцийдан тортиб юнонларга қадар кўплаб мутафаккирлар ушбу амалларга даъват қилган ва инсонлар Муҳаммад туғилишидан олдин, минг йиллар давомида ҳамкорликда яшаган ва бир-бирига яхши муносабатда бўлган.


Аммо Қуръонда келган ва Исломни бошқа динлардан ажратиб турувчи яна бир хусусият - мажбурлаш, урушга ундаш (жиҳод), шаҳидлик мақомини улуғлаш ҳисобланади. Эзгу амалларни бажариб турган бир пайтда, мусулмонлар учун жиҳод ва шаҳидлик каби тушунчаларни ҳам қадрлаш муаммо туғдирмайди. Мусулмон наздида оч етимни овқатлантириш куфрни йўқ қилиш билан баробар бўлиб, жиҳод ва шаҳидлик каби жамиятни ислоҳ қилиш ва Аллоҳни рози қилишга хизмат қилади.


Қуръонда эса айнан мусулмонлар Аллоҳ яратган миллатларнинг энг яхшиси эканлиги таъкидланади.


(Эй уммати Муҳаммад), сизлар одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сизлар яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз. Агар аҳли китоб ҳам иймон келтирганда эди, ўзлари учун яхши бўларди. Улардан мўминлари ҳам бор ва (лекин) уларнинг кўплари итоатсиз кимсалардир. (3:110)


Хўш, мусулмонларни унгача бўлган аҳли китоблардан қандай устунлик хусусиятлари мавжуд?


Аҳли китобнинг Аллоҳ олдида итоасизлиги қайси ривоятлардан маълум?


Демак, йиллар давомида шунга гувоҳ бўлиб келяпмиз, мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган Рамазон ойи кириши билан дунё бўйлаб террор ҳужумлар сони ортса ортадики, аммо камаймайди.


Пайшанба оқшоми Исроил пойтахти Тель-Авив шаҳрида бўлиб ўтган террор ҳужуми ортидан уч киши, сешанба куни Эроннинг Маҳшад шаҳрида, Имом Ризо мақбарасида террор оқибатида бир талаба қурбон бўлди. Бизга тааллуқли томони, Машҳаддаги жиноят асли Афғонистонлик ўзбек, такфирчи радикал томонидан амалга оширилган.


Рамазон ойи мусулмонлар учун муқаддас саналсада, бу ой жанг қилиш таъқиқланган 4 ойларнинг (Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб) бири эмас.


Ислом тарқалишида муҳим жанг сифатида эътироф қилинадиган, Муҳаммад пайғамбарнинг ўзи бошчилик қилган Бадр жанги Рамазон ойида бўлиб ўтган.


Пайғамбаридан илҳомланган уммат вакиллари бугун Рамазон ойида ҳам индивидуал ва террор ташкилотлари таркибида юзлаб, ҳатто ўзлари танимаган кишиларни ҳаётига зомин бўлмоқда.


Матнни шу қисмида яна асосий саволимизга қайтсак, Аллоҳга қандай уммат керак?


Биз юқорида санаб ўтган террор ҳужумлари, қўрқув уйғотиш ва ваҳшийлик ҳам Аллоҳнинг буйруғими?


Ушбу саволларга жавобни Қуръондан излаб кўрамиз, келинг улардан баъзиларини ўқиб кўрайлик.


Мусо ва узоқ йиллик Мисрдаги тутқунликдан халос бўлган Бану Исроил суҳбатини очиб берувчи ривоят билан танишиш учун Моида сураси, 21 ва 24-оятларига мурожаат қиламиз.


"Эй қавмим, Аллоҳ сизга ёзиб қўйган муқаддас ерга киринг. Ортингизга қайтманг, бас, зиён кўргувчига айланасиз" (5:21).


Улар: "Эй Мусо, модомики, улар бор экан, биз зинҳор ва зинҳор у ерга кирмасмиз. Сен ўзинг Роббинг ила бориб икковлон уларга қарши уруш қилаверинглар. Биз бу ерда ўтириб турувчимиз", – дедилар (5:24).


Валҳосил, жиҳод қилишдан бош тортиб, Аллоҳни қаҳрини келтирган Бану Исроил 40 йил Синай чўлларида сарсон-саргардонликка маҳкум этилади.


Сўнгги оятни шарҳлар экан, ибн Касир шундай дейди: Ушбу сўзларнинг моҳиятида жиҳодни тарк этиш, пайғамбарга итоатсизлик, душман билан жанг қилишдан қочиш ётади. Ибн Касир таъкидлашича, ушбу ҳолатда, Абу Суфённинг карвонини ҳимоя қилишга келганларга қарши жанг олдидан Абу Бакр, Умар ва бошқа саҳобаларнинг Муҳаммад пайғамбарга: "Ё Расулуллоҳ! Аллоҳ сенга буюрганини қил, биз сен биланмиз. Аллоҳга қасамки, Бану Исроил Мусога айтганларини сенга айтмаймиз", деган жавобидан яхшироқ жавоб бўлиши мумкин эмас.


Мусулмонларни унгача бўлган аҳли китоблардан устунлик томони, ушбу ҳолатларда сўзсиз Муҳаммадга эргашганликлари, унинг ўлимидан сўнг ҳам жиҳод, Аллоҳнинг амрига содиқ қолганликлари бўлди. Исломнинг ёйилишида ва мусулмонларни динда сақлаб туришда ушбу жанглар ва шариатнинг оғир жазо турлари асосий фактор бўлди.


Аллоҳ айнан жиҳод ва шаҳидлик масаласида ўзи истаган умматига мусулмонлар мисолида эга бўлди.


__________

Бизни Телеграмда кузатинг: 

https://t.me/teranmind

Report Page