Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тадбир ташкил этилди
https://t.me/samkadastrБуюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони давлат арбоби Алишер Навоий таваллудини муносиб нишонлаш мақсадида Президентимиз томонидан 2020 йил 19 октябрда “Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Шу муносабат билан, Давлат кадастрлари палатаси Самарқанд вилоят бошқармасида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган тадбир ташкил этилди.
Тадбирда бошқарма бошлиғи Ш.Рўзиқулов Президентимизнинг юқоридаги қарорида "Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоийнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутади. Улуғ шоир ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаган"лиги қайд этилганлигини таъкидлади ва Алишер Навоийнинг таржимаи холига қисқача тўхталиб ўтди.
Буюк сўз санъаткорлари тарихнинг туб бурилиш нуқталарида, миллатни бирлаштирувчи, руҳан юксалтирувчи бадиий сўзга кучли эҳтиёж туғилган пайтда дунёга келади. Алишер Навоий худди ана шу даврда яшади.
Буюк ўзбек шоири, мутафаккир, давлат арбоби Низомиддин Мир Алишер 1441 йилнинг 9 февралида Ҳиротда туғилган.
Алишер Навоийнинг болалиги Шоҳрух ҳукмронлигининг сўнгги йилларига тўғри келган. У темурийзодалар, хусусан бўлажак подшоҳ Ҳусайн Бойқаро билан бирга тарбияланган. 4 ёшида мактабга бориб, тез савод чиқариб, туркий ва форсий тилдаги шеърларни ўқиб, ёд ола бошлаган. Ўзбек тили билан бир қаторда форсий тилни ҳам мукаммал эгаллаган. У шеъриятга ғоят қизиқди, Шарқ адабиётини қунт билан ўрганди. Оила муҳити болалигидаёқ унда адабиётга зўр ҳавас туғдирган эди. Тоғалари Мирсаид - Кобулий, Муҳаммад Али - Ғарибий етук шоир эдилар. Алишер Навоийлар уйида шоирлар тез-тез тўпланишиб, мушоира қилишар, адабиёт ва санъат ҳақида суҳбатлашар эдилар.
Алишер 10-12 ёшларидан шеър ёза бошлаган. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Навоийнинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, унинг:
Оразин ёпқоч, кўзумдан сочилур ҳар лаҳза ёш,
Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғач қуёш
матлаъли ғазалини тинглаб: "Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим..." деган. Алишер Навоий 15 ёшида шоир сифатида кенг танилган. Шеърларини туркийда Навоий, форсийда Фоний тахаллуслари билан ёзган.
Навоий ижодига назар ташласак, шеъриятнинг 16 хил жанрида ижод қилганлигини билиб оламиз: ғазал, рубоий, туюқ, фард, қитъа, мухаммас, мусаддас, мўсаллам ва ҳоказо. Бу каби жанрларда ҳеч бир шоир Навоийдек ижод қилганлигини учратолмайсиз.
Улуғ бобомиз шеър ёзишда фақатгина ўзбек тили имкониятлари билан чегараланиб қолмаган, бошқа тиллардан ҳам унумли фойдаланган. Ўткир Ҳошимов бу борада қуйидагиларни қайд этади:
"Олимлар ҳисоблаб чиқишган. Пушкин ўз асарларида 21197 та бетакрор сўз ишлатган, Шекспир салкам 20 мингта, Сервантес мингтага яқин. Алишер Навоий эса 1 миллион 378 минг 660 та бетакрор сўз ишлатган. Боиси, буюк бобомиз фақат туркий эмас, форсий, арабий, урду, хитой, мўғул ва бошқа тиллардаги сўзлардан ҳам маҳорат билан фойдаланган".
Навоий нафақат шоир, таржимон, тилшунос олим, балки давлат арбоби сифатида ҳам тарихда катта из қолдирган. Ана шунинг учун ҳам унинг кўп рубоийлари, достонлари халқни қай йўсинда бахтли-саодатли қилмоқ мумкин, саволига жавоб тариқасида ёзилгандир. Алишер Навоий дунёни тушуниб ўтди. Шу боис, алғов-далғов замонларда ботинин хотиржам яшади. Зотан, Нозим Ҳикмат таъбири билан айтганда: "тушунмак - буюк хотиржамлик",- деганидир.
Навоий яшаган даврдан буён беш асрдан асрдан кўпроқ вақт ўтди. Мовароуннаҳр тупроғи не-не босқинларга, тожу тахт учун қонли курашларга саҳна бўлди. Аммо шоир ижодининг қиммати асло пасаймади. Ҳар авлод ундан ўзи учун нимадир топди. Навоий асарлари халқимиз учун маънавий қувват ва юксалиш манбаи бўлди.
Навоий ижоди ўзининг ҳақиқий қадр-қимматини мустақил Ўзбекистонда топди, дея оламиз, 1991 йил Алишер Навоий йили деб аталган эди. Мамлакатимиз бу улуғ зот номи билан мустақиллик даврига қадам қўйди. Бунда ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, Навоий ўзининг ҳаёти ва фаолиятини юрт мустақиллиги ва тинчлиги, ўзбек тилининг нашъу намоси учун бахшида этган эди.
Бугун Алишер Навоий ҳақли суратда жаҳон маданиятининг мумтоз вакиллари сафидан ўрин олди. Унинг асарлари жаҳондаги юзлаб тилларга таржима қилинди. Дунё аҳли унинг мероси билан қизиқмоқда, асарларида тараннум этилган олижаноб ғоялар ва фалсафий мушоҳадаларидан завқ олмоқда. Шоир ҳайкаллари Япониянинг Сока университети ҳовлисида, Москва ва Боку шаҳарларида қад кўтарди.
Барча даҳо санъаткорлар сингари Алишер Навоий ҳам ўзининг номи ва яратган асарлари асрлар оша яшаб қолишига ишонган эди. "Умидим улдурки ва ҳаёлимга андоқ келурки, сўзим мартабаси авждан қуйи энмагай ва ёзган асарларимнинг тантанаси аъло даражадан ўзга ерни ёқтирмагай", деб ёзган эди улуғ шоир. Бу башоратомуз сўзлар ижобат бўлди. Эндиликда шоир сўзлари дунё бўйлаб ўзининг юксак парвозини давом эттирмоқда.
Алишер Навоий 1501 йил 3 январь куни Ҳиротда вафот этганлигини ва мақбараси Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги тарихий “Мусалло” майдонида жойлашганлигини тадбир иштирокчиларига эслатиб ўтди.
Шунингдек, бошқарма ходимлари Алишер Навоийнинг «ХАЗОЙИН УЛ-МАОНИЙ» («Маънолар хазинаси»)нинг «Бадоеъ ул-васат» («Ўрта ёш бадиалари»)даги шеърларини ёддан ижро этдилар.