Алимхонов Босит Алимхонович

Тошкент фармацевтика институти доценти, “Соғлиқни Сақлаш аълочиси” кўкрак нишони соҳиби Алимхонов Босит Алимхонович.
1932 йил ноябрь ойида Тошкент шаҳрида ишчи оиласида дунёга келди. 1950 йилда ўрта мактабни тугатиб, Тошкент халқ хўжалиги иқтисод институтининг тайёрлов курсида таълим олди. 1952 йил Тошкент фармацевтика институтининг талабаси бўлди. Алимхонов Босит талабалик даврида жамоат ишларида фаол фаол иштирок этиш билан бир вақтда фармацевтик кимё кафедрасида доцент Ибодов А.Ю. раҳбарлигида илмий изланишлар олиб борди. Изланишларининг натижасини эса илмий жамият конференцияларида эълон қилиб, маърузалар билан иштирок этди.
1957 йилда институтни тугатиб фармацевтик кимё кафедрасида ассистент бўлиб, ишга қолди. Алимхонов Босит Алимхонович фармацевтик кимё кафедрасида талабаларгага ўқув-услубий қўлланмалар тайёрлаш ишларида фаол қатнашди. Кафедра мудири доцент Ё.Қ.Қодиров раҳбарлигида “Дори воситаларини фармацевтик нуқтаи назаридан таҳлили” мавзусида илмий ишлар олиб борди.
1963 йилда “Суд кимёси” кафедрасига аспирантурага қабул қилинди. У ўз илмий фаолиятини Республика ва Иттифоқ суд кимёгарларни қизиқтирадиган қишлоқ хўжалигида ўсимликлар касаллиги ва зараркунандаларга қарши қўлланиладиган фосфор органик бирикмаларни Суд-кимёси нуқтаи назарда ўрганиш бўйича изланишлар олиб борди.
Алимхонов Босит Алимхонович 1966 йилда ташкил этилган Бутуниттифоқ бўйича “Суд кимёгар” мутахассисларини тайёрлаш факультетида тингловчилар учун дарс ўтди. У ўз педагогик фаолият даврида суд-кимёси амалиётида қўлланиладиган замонавий таҳлил усулларидан фойдаланди. 1966 йилда суд кимёси кафедраси ассистенти, 1969 йилдан кафедра катта ўқитувчиси бўлиб фаолият юритди.
1968 йилда Украинанинг Львов давлат тиббиёт институти илмий кенгашида “Фосфамид ва бутифосни биообъектлардан ажратиб олиш ва таҳлили” мавзусида номзодлик диссертациясини мувоффақиятли ёқлади.
Доцент Алимхонов Босит Алимхонович 1971 йилдан 1984 йилгача институт декани ёрдамчиси бўлиб, институт талабалари орасида, айниқса ётоқхонада бир қатор маърифий ва маданий ишларни олиб борди. Хусусан, илмий тўгараклар ташкил этиш, маданий кечалар ўтказиш, олимлар, санъат арбоблари билан учрашувлар, ўша замоннинг долзарб масалалари бўйича маърузалар ўтказишда фаол иштирок этди. Фанларни ўзлаштириши паст бўлган талабалар билан суҳбатлашиб, уларни кафедрада қўшимча дарс билан таъминлаш ва консультациялар ўтилишига эътибор қаратди. 1973 йилда эса кафедра доценти лавозимига тайинланди.
Доцент Б.А.Алимхонов ўзининг педогогик фаолиятида талабалар ҳамда тингловчилар учун 10 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланма тайёрлади. Шу тариқа доцент Б.А.Алимхоновнинг илмий тадқиқот ишлари ва ўқув-услубий ишлари нафақат юртимизда балки МДХ давлатларида, ҳатто хорижий давлатлар мутахассислари томонидан қизғин кутиб олиниб, ижобий мунозараларга сабаб бўлди.
Б.А.Алимхонов бажарилган илмий ишлари асосида 1968 йилда суд-тиббий экспертиза амалиёти учун жуда муҳим бўлган “Фосфамидни мурда органларидан токсикологик кимё нуқтаи назаридан аниқлаш” илмий методик қўлланмасини тайёрлаб, чоп этди.
Доцент Б.А.Алимхонов ўз фаолиятида талабаларни илмий ишларига жалб қилишда самарали ишларни олиб борди. У талабалар илмий жамиятида Суд кимёси фани бўйича қатнашадиган талабаларга раҳбарлик қилди ва улар билан ҳаммуаллифликда илмий мақолалар чоп этди. Кафедрада талабаларнинг диплом иши бажаришини жорий этган ва биринчи диплом ишига илмий раҳбарлик қилган инсон ҳам доцент Б.А.Алимхонов бўлди.
Доцент Алимхонов Босит Алимхонович ўзининг илмий фаолиятини қишлоқ хўжалигида қўлланиладиган Фосфорганик бирикмаларини суд кимёси нуқтаи назари бўйича илмий ишлар олиб борди. Уни илмий тадқиқот ишлари ва ўқув-услубий ишларини нафақат Республикамизда, балки МҲД давлатлари ва хорижий давлатлар мутахассислари ҳам қизғин кутиб олди. Талабалар ҳамда Иттифоқ бўйича тингловчилар учун тайёрланган “Токсикологик кимё” фани бўйича ўқув-услубий қўлланма шулар сирасидан. Зеро, доцент Алимхонов Босит Алимхонович муаллифлигида 60 дан ортиқ илмий мақолалар, 15 дан ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар чоп этилган.
Унинг ихтироларининг асли моҳияти шундан иборат эдики, уларда фосфорорганик пестицидларни суд кимё амалиёти учун таҳлил усуллари ишлаб чиқилган. Бу эса инсонларни ижтимоий ҳимоялаш учун хизмат қилади.
Фосфамид (БИ-58) қишлоқ хўжалиги пахтачилигида пахта зараркунандаларига ва касалликлари тизимига бевосита таъсир қилувчи фосфорганик пестицид сифатида қўлланилган.Бундан ташқари йиғим- терим даврида кенг қўлланиладиган дефолянт бутифос пахта баргини тўкишда қўлланилган. Бу модда билан заҳарланиш аҳоли айниқса, теримчилар орасида содир бўлган.
Бунга эса фосфорорганик заҳарли моддаларни қўлланиш усулларига риоя қилинмаган ҳолатларда рўй берган. Бу жараёнда эса одамлар ва ҳайвонлар ўртасида захарланишлар содир бўлган.Бу заҳарланишларни суд-кимё нуқтаи назаридан аниқлашда Алимхонов Босит Алимхоновичнинг методикасидан фойдаланилади.
Б.А.Алимхонов кўплаб соҳа вакиллари, жумладан Л.Т.Икромов билан ҳаммуаллифликда бир қатор илмий мақолалар тайёрлаган. “Определение бутифоса в биологическом объекте”, “Новые качественные реакции на фосфамид”, “К вопросу об изучении сохраняемости фосфамида в биологическом объекте”, “Изолирование и определение фосфамида в трупном материале”, “К вопросу изолирования фосфамида из биологического объекта”, “Сравнительнное изучение методом изолирования ядовитых веществ по отношению к бутифосу”, “Изолирование и определение некоторых фосфорорганических ядохимикатов в биологическом материале”, “Влияние рН среды на экстракцию бутифоса и фосфамида в зависимости от природы органических растворителей” каби соҳа ривожида муҳим маълумотлар ва фикрларлар келтирилган материалларни келтириш мумкин.
Алимхонов Босит Алимхоновичнинг меҳнат фаолиятида кўрсатган жонкуярлиги Республика олий таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Тошкент фармацевтика институти раҳбариятининг эътирофига бир неча бор сазавор бўлган. Хусусан, 1976 йилда Соғлиқни Сақлаш вазирлигининг “Соғлиқни Сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирлади.