Алиментни ихтиёрий тўловчи фуқаролар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,6 фоизга ошди
https://t.me/aoka_uzБу ҳақда АОКАда ўтказилган брифингда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.
Бюро органлари томонидан вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда алиментга оид ундирув соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида хабардор қиламиз.
Таъкидлаш жоизки, ота-оналарнинг ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиши ҳамда ҳар томонлама камол топиши учун ғамхўрлик қилишлари муҳим масалалардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда ҳам, алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатларининг ижросини таъминлаш долзарб йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда.
Ҳозирда, Бюро органлари иш юритувида 300 мингга яқин
алимент ва моддий таъминот ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ҳар бир давлат ижрочисига ойига ўртача 115 тадан шу тоифадаги ижро ҳужжатлари тўғри келмоқда.
Ёки, содда қилиб айтганда келиб тушаётган 108 мингдан ортиқ мурожаатларнинг 58 мингдан зиёди (57,5 фоизи) алиментга оид мурожаатлардир.
Қарздорликни тўлаш истаги бўла туриб, бироқ иш ўрнига эга бўлмаган 19 мингдан ортиқ (шундан 2,7 мингтаси июль ойида) алимент тўловчиларнинг иш бандлиги масаласи ҳал этилди ва ундирув уларнинг иш ҳақларига қаратилди.
Бундан ташқари, соҳадаги мавжуд муаммоларга ўзгача ёндашиб, алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатлари юзасидан бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда олиб борилган тушунтириш ва профилактика ишлари натижасида, 28 минг 400 га яқин оилаларнинг яраштирилишига эришилди.
Моддий ёрдамга муҳтож фарзандлар фойдасига 1,2 трлн. сўмлик алимент пуллари ундирилди.
Шу билан бирга, 3,7 млрд. сўмлик (25 та) уй-жой ва
255 млн. сўмлик (2 та) транспорт воситаси алимент учун олдиндан тўлов сифатида берилиши таъминланди.
Алоҳида таъкидлаш керакки, алимент маблағларини ўз ихтиёри билан тўлаб келаётган фуқаролар сони ҳам ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,6 фоизга ошди.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли Фармони билан ташкил этилган “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 10,9 млрд. сўм пул маблағлари 781 нафар ундирувчилар ҳисобига ўтказиб берилди.
Бу эса, мингдан ортиқ вояга етмаганларнинг моддий таъминотига қўшимча имконият яратди.
Қадрли юртдошлар, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, алимент ундирувлари долзарб масала экан бу борада ижро иши самарадорлиги янада оширилади.