Аксар таваллудида ёдланадиган Навоий

Аксар таваллудида ёдланадиган Навоий

Саъдуллах

Кейинги пайтда ижтимоий тармоқларда Низомиддин Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳақида турли фикрларни ўқияпман. Кимдир ҳазратни фақат шоир сифатидагина билади ва фикр билдирмоқчи бўлса, дарҳол шеър тарафдан келади;

бошқа бировлар у кишини «давлат арбоби, мутафаккир» дейди-ю, ҳазратнинг арбоблик фаолиятлари ҳақида тузукроқ бир маълумоти йўқ;

адабиёт муаллимлари эса синф хоналарида ташкил этилган - Навоий образини парча чопону бошига пат қадалган салла кийиб, фақат ғазал ўқийдиган хашакироқ бир шоир образида гавдалантириладиган тадбирларини кўз-кўз қилиш билан овора;

баъзи тили ақлидан аввал ишлайдиган ҳадди баландлар эса Навоий ҳақида алмойи-алжойи фикрлар билдириб, ўз нодонлигини намойиш қилиш билан банд... Мен ҳозир мана шу охирги тоифага гапирмоқчиман:


хўш, қай бирингиз Мир Алишер Навоий ҳақидаги тарихий манбаларни астойдил ўргангансиз? Ҳазратнинг ўз даромадлари ҳисобидан Ҳиротда «Ихлосия», «Шифоия», «Низомия» мадрасаларини, «Халосия» хонақоҳини ва яна бир қанча масжидларни; Марвда «Хисравия» мадрасасини қурдирганларини; Фаридуддин Аттор қабрига мақбара ўрнаттирганларини биласизми? 9та ҳаммом, 20та ҳовуз, 90та работ барпо эттирганларини-чи? Қурдирган тўғонларининг аниқ ҳисоби йўқлигини, халқ учун нақ 300та иншоот қурдириб берганларини-чи? Ҳаммаси ўз ҳисобларидан қурилди – эҳсон йиғилмади, ғазнадан ўмарилмади, пиар қилинмади.


Тарихчи Хондамирнинг «Хулосат ул-ахбор» деган асари бор, ўқиб кўринг, Навоий ҳазратларининг зилзиладан шикастланган Ҳиротни қайта тиклаш ишларига ўз ҳисобларидан қанча маблағ сарфлаганларидан, қанча масжидни, қанча минора ва работларни таъмирлаб берганларидан хабардор бўласиз.

Навоий ҳазратларининг халққа жабр бўлмасин дея, бутун бошли Ҳирот аҳлига солинган солиқни бир неча бор ўз ҳисобларидан тўлаб берганларига бир эмас, бир нечта тарихчилар ўз асарлари орқали гувоҳлик беришади.

Манбаларга кўра, мадрасаларнинг нақ 12 минг нафар талабаси тўлиқ Навоий ҳазратнинг таъминотларида бўлган, яъни у зот бу талабаларнинг мавсумий кийим-кечагидан тортиб, ўқув қуролларию озиқ-овқатига қадар ўз зиммаларига олганлар ва яна уларга стипендия ҳам жорий қилганлар. Навоийга қарашли мадрасалардагина талабаларни дарсдан қолдириб, жамоат ишларига жалб қилиш, масалан, мадраса кўчасини тозалаш каби ишларга жалб қилиш маън этилган бўлиб, барча ишларга ҳазрат ҳисобларидан мардикор ёлланган. Бу мадрасаларнинг ўқув хоналарию ётоқхона жиҳозлари, ҳатто шамга қадар Навоийнинг ҳисобидан бўлган.

«Макорим ул-ахлоқ»да Хондамир ҳазрат Навоийнинг ўзларига қарашли мадраса мударрисларига маошдан ташқари катта ёрдамлар кўрсатганларини, уларга от-уловлар олиб берганларини, ҳатто отларини ем-хашак билан таъминлаганларини, уйи йўқ мударрисларга ҳовлилар инъом қилганларини ёзади. Ҳар ойда бу мадрасаларга ун, нон, ширинлик, чой ва бошқа озиқ-овқатлардан ташқари, (ҳозирги ҳисобда) 3 тонна гўшт ҳадя этганларини айтади.

Яна шу тарихчимизнинг ёзишича, Алишербек ҳазратлари ҳар йил бошида минг нафар камбағалга бошдан оёқ сарпо ҳадя этишни одатга айлантирганлар.

Бошқа манбаларда қайд этилишича, ҳазрат Навоий Халосия хонақоҳида ҳар куни мингдан ортиқ фақирлар учун овқат пиширтириб тарқаттирар эканлар.

Яна у зот ҳар йили муҳтож-мискинларга икки мингта пўстин, яна шунча чакмон, дўппию салла, кўйлак-лозим, пойабзаллар улашишни канда қилмаганлар.

Машҳад шаҳридаги Имом Ризо боғида эса Дор-ул-ҳуффо номли иморат барпо қилдириб, у ерда ҳам ҳар куни камбағаллар, муҳтожлар, касалмандлар, етим-есирларга уч маҳал овқат тарқаттирган эканлар. Маълумотларга кўра, Дор-ул-ҳуффода ҳар куни мингга яқин фақирнинг қорни тўяр экан.

Навоий ҳазратларининг саховатлари шу билан тугамайди. У зотнинг ўзлари қурдирган иншоотларда ишлаган усталарни; ўзларига қарашли ерларда, дўконларда, боғларда ишлаган одамларни қандай рағбатлантирганларини, мукофотлаганларини ёзаман десангиз, бир китоб бўлади. Тасаввур учун тарихчиларнинг биттагина таърифи кифоя: «Мир Алишер ҳазратлари у ишчиларни шу қадар иззатлар эдиларки, бундай иззатга давлат арбоблари ҳам мушарраф бўлмаган...»

Мен бутун тарихимизда ўзининг бутун умрини, иқтидорини ва бор мол-мулкини илм-фан тараққиёти йўлида, эл ободлиги йўлида, юрт равнақи йўлида сарф этган бошқа арбобни, бу қадар саховатли бошқа (ҳозирги тил билан айтганда) олигархни билмайман.

Шаробхўр, хотинпараст Ҳусайн Бойқаро салтанатини неча марталаб ўз дипломатияси ва оқилона тадбирлари билан шармандаликлардан, таназзуллардан сақлаб қолган ҳам ҳазрат Навоий эдилар.

Қисқаси, тармоқда ўтирволиб, Мир Алишер Навоий ҳазратлари ҳақида билиб-билмай ҳар-хил гапларни валдираманглар. Ундан кўра, ўқинг, ўрганинг – бунга манбаалар етарли.


Шахзода Саъдуллаева тайёрлади



Report Page