Акром Оға

Акром Оға

(“Исм, Шаҳар, Ҳайвон” китобидан)


Йилмаз Ўздил,

Турк журналисти



Соат ўнлар атрофи. Телефон жиринглайди...

– Йилмаз?

– Эшитаман?

– Акромман... Измирдан.

– Вой оғам, тинчликми?

Бир жойнинг боласимиз. Укаси билан университетда бирга ўқидик. Акром оға биздан етти-саккиз ёш катта. Кўришмаганимизга анча бўлганди...

– Ширнакда беш аскарни шаҳид берибмиз.

Журналистмиз энди, нима ҳам дейсиз...

– Афсус, оғам. Шароит шундай...

Овози бирдан титраб кетади.

– Жиянинг Тўлга ўша ерда эди...

Ўғли. Айиқдек одам ҳўнграб юборди. Биламан, телефонга етиб олгунча ўзини зўрға тутган, хотинидан яшириб энди йиғлаяпти, ичини бўшатяпти...

– Шаҳидларнинг ичида борми?

Мен журналистман. Вазифам савол бериш. Менинг ноним шундан, бироқ ҳеч қайси саволни бу қадар қийналиб бермагандим. Бўғзимга кимдир пичоқ қадагандек бўлди. Тўлга, ай Тўлга...

Йигит кўз олдимда гавдаланади: забардаст, қизларнинг ортидан югуриб ўқишни ҳам ташлаган оддийгина йигит. Демак, ҳозир Ширнакка кетган. Аскар. Ота эса Измирда, ҳоли паришон. Мен Истанбулда, айтишга сўз, айтмасликка чора тополмай ўтирибман. 

Довдирайман, узуқ-юлуқ нимадирлар дегандек бўламан. Хабарим йўқ, жигарим. Ҳали исмларни маълум қилишмади. Худо насиб, Тўлга рўйхатда йўқ деб таскин бераман оғамга.

Таскин бераману... Берган таскинимдан, жавобимдан ўзим уяламан. Бу қадар орсиз таскин бўлиши мумкинми? Тўлга бўлмаса Ҳасандир. Ҳасан бўлмаса, Муроддир... Илло, бир отанинг боласи, бир онанинг кўз қораси... Сизники эмас дейишим мумкинмиди? Ҳа, мумкин. Ер мени ютиб кетган тақдирда ҳам айтишим шарт эди.

Ўзимни уёқдан буёққа ураман. Йўқ. бирон исм йўқ. Бошқа тарафдан ўйламай деган нарсам хаёлимга суқулиб келаверади... Тўлга бўлсачи? Телефон қилиб отасига нима дейман? Шаҳидларнинг эшикларига борган хабарчи аскарлар ниа дейишаркин? Улар неччи минг марта бундай ҳолатга рўбарў келишган экан?

Ишон, урушиш бундан минг марта осон деганди бир командир менга. Оналарга ўғлининг ўлим хабарини айтганинг пайт кўзинга шундай қарашадики, ўлгунингча бу қарашларни эсдан чиқармайсан. Чиқаролмайсан.

Тушунмаган эканман. Энди ўша командирнинг иқрорлари онгимга найзадек қадалиб, уларни аччиқ бир оғриқ билан идрок қиляпман.

Соат 12:45. Шаҳидлар сони олтитага чиқди. 13:33... Онадўли Хабар Агентлиги эълон қилди. Бош вазир “бешта” аскаримиздан айрилганимиз муносабати билан Генелкурмай Ҳокимига таъзия йўллади. 

Шаҳидлар олтита, аммо таъзия бешта аскар учун жўнатилди. Болаларимизнинг қанчаси ўлганини ҳам халқдан яширишади ё улар шуни аниқ билмаслик қадар бесавод.

Исмлар ҳануз маълум қилинмади. Бир умид гирибонимдан олади.Янгиликлар каналларни титаман. Канн кинофестивали, денгизчилик ҳақида ҳужжатли фильм... 

Соат 13:55... 14:07... 14:23...

Телефон жиринглаб қолмасин деб Худога ёлбораман. Дуойимни энди тугатган заҳотим жиринглайди. Бу сафар янга экан.

Ота чидолмай ўзини кўчага отган, адойи тамом бўлган она телефонга югурган... Онанинг юрак уриши телефондан эшитилади.

– Ростини айтаверинг, қайним... Борми?

Оғзимдан қандай чиқиб кетди, ўзим ҳам билмай қолдим:

– Йўқ, янга. Эндигина сизга телефон қилмоқчи эдим. Рўйхатда Тўлга йўқ. Аллоҳга шукр...

Бир фарёд уйғондим ичимда. Тушунтиролмайман. Телефон экранига қараб ичимдаги ҳайқириқни босаман.

Бармоқларим ҳеч бундай бемажол, рақамлар ҳеч бундай оғир туюлмасди авваллари... Кўзим телевизорда.

Ҳаёт ўз оқимида оқиб ётибди. Худди ҳеч нима бўлмагандек ҳаҳа-ҳу, ликир-ликир... Ҳеч нимани парвосига келтирмайди. Одамлар ҳатто бахтлидек бўлиб кўринади кўзимга.

Исмлардан эса сас-садо йўқ. ягона аниқ маълумот олтита пайҳлавонимиздан айрилганимиз... олтита. Шунчаки рақам.

Неччи мингта ота хабарни кутаётган экан ҳозир? Неччи мингта она? Рафиқалар, фотиҳа қилинган қизлару аҳди паймонлилар? 

Бугунгача бу қадар уятдан ёниб бирон нима ёзмагандим ҳеч... хаёлим ҳамон бояги ёлғонда. Қулоғимда фарёд...

Ва, соат 15:05.

Тўлга йўқ, Ведат бор.

Ведат Дайиўғлу – Анталя.

Байрам Пўлат – Кўня.

Атиф Гункан – Ниғде.

Бакир Чакир – Адана.

Моҳир Йилдирим – Ойдин.

Самад Қирбаш – Истанбул.


Қулоғимда фарёд...


Мирзоҳид таржимаси

Report Page