t.me/abdullaorif

t.me/abdullaorif




Ўзбекистон Республикаси  Олий Кенгашининг 1992 йил 8-10 декабр кунлари бўлиб ўтган  ХI сессияси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси ҳақидаги масала кўриб чиқилди. Бу борада ахборот берган атоқли адиб П.Қодиров, жумладан, қуйидагиларни қайд этди: “Давлат мадҳияси Ўзбекистон мустақиллигини маънавий жиҳатдан бутун жаҳон олдида тасдиқ этадиган, халқимизнинг ўзига хос миллий ғурурини ифода қиладиган жуда муҳим омил ҳисобланади... Давлат байроғи ва Давлат гербини тайёрлашда биз бутун ижод соҳаси, тасвирий санъат намоёндалари билан иш олиб борган эдик. Бу ҳақида мен газеталардаги мақолаларда айтганман. Мана шу бизнинг изланишларимиз натижасида 3 та вариантдан иборат Давлат мадҳияси сизларнинг бугун муҳокамангизга киритилаяпти. Уларни биз газеталарда.... радио, телевидениеларда эълон қилдик.”

П.Қодиров Давлат мадҳияси вариантларининг магнит лентасига ёзилганини депутатларга қўйиб беришдан олдин мадҳия жанрининг умумий мазмун-моҳияти, шунингдек, Давлат мадҳиясига жаҳон миқиёсида қўйиладиган талаблар ҳақида тўхталди. “Давлат мадҳияси қўшиқ каби фақат миллий чолғу асбобларидагина ижро этилса, Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида, масалан, Европа ёки Осиё мамлакатларида уни ижро этадиган чолғу асбоблари топилмай қолиши мумкин. Шуни ҳисобга олиб, давлат мадҳиялари барча мамлакатларда бор бўлган симфоник ва духовой оркестрларда хор иштирокида ижро этилади. Мусиқа шу талабларга мослаб ёзилади.... “Чўли Ироқ”ни, “Муножот”ни мадҳия қилсак деган таклиф тушди. Лекин бу яхши кўрган, гўзал куйларимизни бошқа мамлакатларда ижро этиб бўлмаслигини ўзларингиз тасаввур эта оласизлар. Албатта, Ўзбекистон Давлат мадҳиясида миллий руҳ, миллий жаранг бўлиши керак. Давлат мадҳияси бизнинг халқимизга хос жозибали, миллий оҳангларни бошқа давлат халқларига ҳам етказиб берадиган умуминсоний савияда ёзилиши зарур”, деди П.Қодиров. “Ҳар эшитганимизда дилимизда миллий туйғу уйғонганини сезганмиз, чунки шу Ўзбекистонга хос оҳанглар жуда жаранглайди”, деб сўзида давом этди П.Қодиров. “Бундай фазилатлар биз тақдим этаётган ҳар 3 мадҳияда ҳам бор. Бахтиёр Алиев мусиқаси, Абдулла Орипов шеъри; Мирпўлат Мирзо шеъри, Рустам Абдуллаев мусиқаси ва Абдулла Орипов шеъри...Мутал Бурҳоновнинг ҳаракатдаги мусиқаси. Ҳар 3 вариантда ҳам Ватанга муҳаббат, истиқлолни улуғлаш, келажакка ишонч руҳи янграб турибди...сайловчиларимиз, жамоатчилик вакиллари турли вилоятлардан, туманлардан юборган фикр-мулоҳазаларини ҳам инобатга олганмиз. Юзлаб одамлар ўз муносабатини билдирганлар.”

Раислик қилувчи биринчи бўлиб Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповга сўз берди. Аьдулла Орипов давлат мадҳияси шеърий матнининг ўзи ёзган икки вариантини ўқиб эшиттирди.

Биринчиси, “Баҳор” ансамбли учун жозибали миллий куйлар ёзиб, тажриба орттирган композитор, собиқ ССР давлат мукофоти совриндори Бахтиёр Алиев мусиқасига шеърий матн:


Минг йиллар қаъридан келар карвонинг,

Хақ йўлга бошлайди одил имонинг,

Жаҳонда ягона Ўзбекистонсан,

Маърифат, истеъдод бўлғай   сарбонинг.


Оқар дарёларинг ҳайқириб оқсин,

Қуёшдек порлаган бахт кулиб боқсин,

Дўстга дўст, бағри кенг, яшнаган диёр,

Сенга ҳам то абад Тангри бўлсин ёр.


Ватанга посбондир фарзандлар хушёр,

Истиқлол сен учун мангу барқарор,

Инон ўз кучингга, Ўзбекистоним,

Қудратли аждодлар руҳи сенга ёр.


Оқар дарёларинг ҳайқириб оқсин,

Қуёшдек порлаган бахт кулиб боқсин,

Дўстга дўст, бағри кенг, яшнаган диёр,

Сенга ҳам то абад Тангри бўлсин ёр.


Иккинчиси, машҳур бастакор Мутал Бурҳоновнинг элга таниш мусиқасига ёзилган мадҳия матни:

Серқуёш, ҳур ўлкам, элга бахт, нажот,

Сен ўзинг дўстларга йўлдош, меҳрибон!

Яшнагай то абад илм-у фан, ижод,

Шуҳратинг порласин токи бор жаҳон!


Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!


Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,

Эркин, ёш авлодлар Сенга зўр қанот!

Истиқлол машъали, тинчлик посбони,

Ҳақсевар она-юрт, мангу бўл обод!


Олтин бу водийлар – жон Ўзбекистон,

Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!

Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,

Оламни маҳлиё айлаган диёр!


Сўнгра шоир Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг котиби Мирпўлат Мирзо ўзининг таниқли бастакор, кўплаб ёш композиторлар танловларининг совриндори Рустам Абдуллаев мусиқасига ёзган шеърий матнни ўқиб берди.


Уйғонар чўққилар устида офтоб,

Ям-яшил  водийга сочиб олтин нур,

Ўзбеклар юрти бу- навқирон, озод,

Зааминда музаффар ўлкасан, мағрур.

Қўлларни қўлларга озод Ватан учун берайлик,

Эллардан элларга ҳур диёр сифатин тарайлик.

Сўнмас руҳимизда матонат асло,

Туркистон наслимиз меросдир бардош,

Азалдан қалбларда ўчмаган зиё,

Барҳаёт сиймолар сенга бўлди бош.

Қўлларни қўлларга озод Ватан учну берайлик,

Эллардан элларга хур диёр сифатин тарайлик.

Бизни Тангри қўллар, дунёлар чорлар,

Тарк этмас истиқлол энди умрбод.

Қалблардан  ҳаётга муҳаббат порлар,

Муқаддас тупроқни этурмиз обод,

Қўлларни қўлларга озод Ватан учну берайлик,

Эллардан элларга хур диёр сифатин тарайлик.


Шундан кейин депутатлар ҳар 3 матн вариантини мусиқалар билан бирга тинглайди. Музокараларда Абдулла Орипов шеъри ва Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган Давлат мадҳиясини қабул қилиш борасида аниқ бир тўхтамга келинди. Танловда иштирок этган муқобил мадҳия вариантлари муаллифларини ҳам муносиб тақдирлаш тўғрисида келишиб олинди.

Олий кенгашнинг 1992 йил 10 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мадҳияси матни ва мусиқаси вариантлари муаллифларини мукофотлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Олий Кенгаш томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг муаллифлари 100 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирланди. Шунингдек, Давлат мадҳиясининг вариантлари сифатида тақдим этилган матн ва мусиқалар муаллифлари Мирпўлат Мирзо ва Рустам Абдуллаевга 75 минг сўм, Абдулла Орипов ва Бахтиёр Алиевга эса 50 минг сўм миқдоридаги мукофот берилди.

Сессия якунида илк бор Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси депутатлар томонидан биргаликда ижро этилди. Мазкур сессияда, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.  


Акмал Саидов, Ғулом Мирзо; "Сен баҳорни соғинмадингми?.." (Устоз Абдулла Орипов ғақида хотиралар); Mashhur-press; Тошкент, 2019

Report Page