Айрим ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирга изоҳ

Айрим ижтимоий тармоқларда тарқалган видеотасвирга изоҳ


Ижтимоий тармоқлар ва мессенжерларда мактаб ўқувчиларининг сумкалари Миллий гвардия Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси ҳарбий хизматчилари томонидан текширилаётганлиги ва бу хатти-ҳаракатлар ноқонунийлиги ҳақида маълумотлар тарқалмоқда.

Ушбу ҳолат юзасидан қуйидагиларни хабар қиламиз. Бугун, 25-ноябрь куни тахминан соат 12:30 ларда пойтахтимизнинг Яккасарой туманида жойлашган “Дўстлик” маданият ва истироҳат боғига ташриф буюрган меҳмонлар, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари оддий аскарлар З.Мелиқўзиев ва М.Мадаминовларга мурожаат қилишган. Мурожаат мазмун-моҳияти ўсмирларнинг жамоат жойида “бомбочка портлатгани” ҳақидаги шикоятдан иборат эди.

Ҳарбий хизматчилар зудлик билан белгиланган жойга бориб, у ерда уч нафар вояга етмаган болани кўришган. Икки нафар 5-синф ўқувчилари А. Ш. ва Р. Ш.лар пиротехника воситаларини одамларга, асосан, кексалар ва аёлларга ташлаган. Ўсмирлардан бири ҳарбий хизматчиларнинг пиротехника воситаларини уларга топшириш талабига бир қути “бомбочка” берган, иккинчиси уни сумкасига яширган. Сумка ичидаги пиротехника воситалари олиб қўйилаётган вактда мазкур ҳолат фуқаролар томонидан тасвирга олиниб, интернетга жойланган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185-1-моддасига мувофиқ, пиротехника воситаларидан фойдаланиш ҳуқуқбузарлик деб топилиб, бунинг учун ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинган ҳолда жарима солишга сабаб бўлади. Вояга етмаган шахсларнинг ота-оналари воқеа ҳақида зудлик билан хабардор қилинган.

Ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикасининг “Миллий гвардия тўғрисида”ги қонунининг 26, 27-моддаларига асосан ҳаракат қилган. Уларнинг хатти-ҳаракатларида қонун бузилиши ва мансаб ваколатларини суистеъмол қилиш ҳолатлари кузатилмаган.