Ахсикентнинг вайрон бўлиш сабаблари (2-мақола)
Тоҳиржон Қозоқов
Турон халқаро университети доценти,
тарих фанлари номзоди
Тарихчи ва ёзувчилар халқаро уюшмаси аъзоси
Халқаро “Турон бирлиги” медали соҳиби

Ахсикентни, умуман Фарғона водийсини муғуллар босқинига учраган ёки учрамаганлиги масаласи ҳозиргача тарихий тадқиқот объекти бўлган эмас. Аввало, Фарғона водийси умуман хоразмшоҳлар давлати таркибига кирмаган.
Қорахонийлар давлати Сулаймон Арслонхон-Сулаймон бинни Юсуф (1032-1040 йй) замонасида иккига бўлингач, Фарғона водийси, Қошғар ҳамда Хўтан вилоятлари, Еттисув, Или водийси Шарқий Қорахонийлар давлати, деб аталиб, Боласоғундан бошқарилган[1].
Мовароуннаҳр эса, Ғарбий Қорахонийлар таркибига киритилиб, Самарқанд пойтахт саналган.
Ахсикент 1030 ҳижрий, яъни, 1621 милодий йилда 9 баллдан юқори зилзила оқибатида вайрон бўлган[2]. Ахсикентни муғул вайрон қилди, деган тахминни ҳамда “Темурийлар даври Ахсикенти” ёки “Янги Ахси”, деган сохта атамани ҳам биринчи марта 1959 йил Наманган ўлкашунослик музейи ходими Ю.Г.Чуланов фанга киритган. Бунгача бирон манбада алоҳида “Темурийлар даври Ахсикенти” ёки “Янги Ахси”, деган сўз учрамайди.
Айрим олимлар шу давр тарихчиси Ибн ал Асирнинг “...хоразмшоҳ Шош, Фарғона, Исфижоб, Косон ва унинг атрофидаги бошқа шаҳарлар аҳолисига мусулмонлар яшайдиган ҳудудларга кўчиб ўтишни буюриб, сўнгра, улардан татарлар (найманлар-Т.Қ.) фойдалана олмаслиги учун бузиб ташлашни буюрди”[3], деган жумлаларини асос қилиб келтиришга ҳаракат қилишади. Аммо мазкур даврдаги бирон бир манбада бу иш содир этилганлиги баён этилган эмас. Шиҳобиддин ан-Насавий Ибн ал-Асирнинг меҳнатларини юқори баҳолагани ҳолда: “...Шу ўринда бир нарсани айтиш керакки, у (Ибн ал-Асир) асарида баъзи ўринларда ҳақиқатдан бир оз чекинган бўлса ҳам, энг муҳим ва асосий воқеалардан бирортасини эътибордан четда қолдирмаган. Шундан кейин ўзимча бундай хулосага келдим: ҳақиқатан ҳам, аш-Шом мамлакатида яшайдиган одамнинг Ҳиндистоннинг энг узоқ чеккаларида, Хитойнинг инсон қадами етиши қийин бўлган жойларида юз бераётган воқеаларни бировларнинг ҳикоялари орқали ёзиб олишга қарор қилиши ғаройиб иш эмасми!”[4], дейди.
Шунингдек, асарни таржима қилиб, нашрга тайёрлаган шарқшунос олим Шамсиддин Камолиддин ҳам асар баъзи ўринларда ноаниқлик ва хатоликлардан ҳоли эмаслигини таъкидлаб ўтган эди[5].
Туркистоннинг ўрта асарлар тарихи юзасидан талайгина ишларни амалга оширган академик В.В.Бартольд қадимги қўлёзмаларни таҳлил қилиш жараёнида Шарқий Қорахонийлар давлати ҳудудлари (Фарғона водийси, Еттисув ва Қошғар) муғул давлати таркибига деярли қон тўкмасдан киритилганлигини ёзган эди. Бунинг ўзига хос сабаблари бўлиб, бу бевосита қорахитойлар давлатининг тугатилиши ва унга қарам бўлган ўлкалар - Шарқий Туркистон, Еттисув, Фарғона водийсининг қисқа вақт оралиғида найманлар сардори Кучлук давлати таркибида бўлганлиги эди. Бу ерларда Кучлук диний зулмни ўта кучайтириб юборгач, аҳолининг норозилиги ҳаддан зиёда ошади. Айни шу даврда муғуллар томонидан найманларнинг тор-мор этилиши, уларнинг юқоридаги ўлкаларга кириб келиши ва маҳаллий мусулмон эътиқодидаги аҳолини уларнинг зулмидан озод қилиши, ислом динига эътиқод қилишга монеълик қилмаганлиги албатта ижобий ҳодиса эди.
Ушбу жараённи батафсил ўрганган Мирзо Муҳаммад Ҳайдар ҳам бундай деб ёзган эди: “...Кучлук Қашғар и Хўтанни босиб олгач, насронийликдан будпарастликка қайтди. Аҳолини эса, ўзининг асл дини (Ислом динидан-Т.Қ.)дан қайтиб, оташпарастлар динига, ҳақиқатнинг ёрқин йўлини иймонсизлик ва зулмат даҳшатига, раҳмдил Роббига бўйсунишни эса, лаънатланган иблисга бўйсунишга ўзгартирди. Инсонлар ё унинг динига ўтишга ёки хитойча уст-бош кийишга мажбур этилдилар. Азон, ибодатлар тўхтатилиб, тақиқлаб қўйилди”[6].
Академик В.Бартольднинг ёзишича, Боласоғунга бўйсунувчи ва гурхоннинг яқин кишиси бўлган Косон ёки Ахсикентнинг ҳокими Исмоил исмли шахс Фарғона водийсини найманлар зулмидан озод қилаётган муғул қўшинига шаҳар оқсоқоллари билан биргаликда пешвоз чиқиб, итоат изҳор қилган. Бу ҳақида Жэбэ Чингизхонга маълум қилгач, хоқоннинг буйруғи билан Исмоил Жэбэ нўён қўшинининг авангардига келиб қўшилди. “Чингизхон ўрнатган қатъий тартиб-интизомга мувофиқ, Жэбэ бошлиқ қўшин, Муҳаммад Хоразмшоҳ билан қиёслаганда “ҳалоскор” вазифасини ўтай олди”, дейди академик В.Бартольд[7]. Жувайнинийнинг маълумотларига кўра, қашғарликлар бу ерларга муғулларнинг кириб келишига “Аллоҳнинг раҳмати”, деб қараганлар. “...Муғуллар Қашғарга киргач, азон, такбир ва намозни эркин қилдилар (яъни рухсат бердилар-Т.Қ.). Ҳар бир одам ўз дини ва урф-одати талабларини бемалол эркин тарзда қила олишлари мумкинлиги ҳақида жарчига айттирдилар. Биз ўша қавмнинг борлигини Тангри раҳматларидан бири, деб ҳисоблаймиз”, деб ёзади Отамалик Жувайний[8].
Муғуллар маҳаллий тинч аҳолининг мол-мулкига тегмаган ҳолда жуда катта миқдордаги бойликларни қўлга киритдилар. Жэбе нўён эса, Чингизхонга туҳфа тариқасида минглаб отларни совға қилиш имкониятига эга бўлди. Исмоил бошчилигидаги Фарғона қўшини эса, мўғуллар билан биргаликда найманларга қарши юришларда иштирок этди[9].
Шу билан бирга академик В.Бартольд янада аниқроқ қилиб: “...Қорахонийларнинг аввалги мулкларидан саналган Фарғона ва унинг шимоли ҳамда шарқидаги, шунингдек, Чирчиқ ва Арисдан бошланган тараққий этган вилоятларни Кучлукнинг фойдасига воз кечишга мажбур бўлди. Мусулмон тарихчилари эса (бу ерда Ибн ал-Асир назарда тутиляпти-Т.Қ.), бу ҳудудлар Кучлукка ўтиб кетмаслиги учун у ерларни хоразмшоҳ ўзи вайрон қилганлигини ёзадилар. Бироқ, 1221 йилда бу ерлардан ўтиб борган хитой тарихчиси Чан-чунь ҳеч қанақа вайроналик излари йўқлигини ёзади”, деб хулосалар берган эди[10].
Жувайний Кучлик қўл остидаги мусулмонларга нисбатан ўта бераҳмликлар қилганлигини ёзиб: “...Зўравонлик ва зулм билан Муҳаммад (с.а.в.) динига ишонганлар овозини ўчирди ва уларни ўз эътиқодига бўйсунишга имкон бермади”, деган эди[11].
“...Муғул қўмондони диний эркинлик ҳимоячиси бўлиб майдонга чиқиб, ҳар бир инсон ўз ота-боболари динига эркин эътиқод қила олишлиги мумкинлигини маълум қилди. Шу боис, Еттисувнинг жануби, Фарғона ва Қошғар деярли қон тўкилмасдан эгалланди. Кучлукка қарам ва итоатда бўлган мусулмонлар (улар орасида Фарғона ҳукмдори ҳам бор эди) муғуллар томонига ўтдилар”[12], деб тадқиқотларига хулоса қилган В.Бартольднинг фикрларини ХХ асрнинг таниқли тарихчиларидан А.Бернштам ҳам тасдиқлайди[13].
Ахси қишлоғи ўрнида шаҳар бўлган, деб сохта тарих ёзаётганлар, ўзи тарихчи бўлмасада, археологик тадқиқотлар ўтказиб “ўқимасакда уққан тарихчимиз”, деяётганлар масаланинг бу жиҳатларига ҳам эътибор берсалар ўзлари учун фойдадан ҳоли бўлмас эди. Манбаларни ўқимаган ёки менсимаган археологнинг тахмини асосида шу ерда пойтахт бўлган, дейиши билан у ўз исботини топган бўлмайди. Тарихдаги бирон воқеа албатта ҳар жиҳатдан ўз исботини талаб қилади.
Ваҳоланки, айнан “Бобурнома”даги фикрларни кейинги давр тарихчилари ҳам маъқуллаб ёзиб кетган эдилар. Галдаги вазифа, ўша мўътабар манбалардаги фикрларни ҳам албатта инобатга олиш эди, холос. Масалан, ҳатто XVII юз йилликнинг машҳур тарихчи олими Маҳмуд ибн Вали ҳам ўз асарида тасдиқлаб: “...Ахси-Фарғонанинг машҳур шаҳарларидан бири бўлиб, ушбу ўлкадаги ажойиб масканлардандир. Мовароуннаҳрдаги кўплаб шайх ва уламолар шу заминдан етишиб чиққандирлар. Жумладан, шоир Асириддин Ахсикатий ҳам айнан шу шаҳардандир”[14], деб ёзади. XII аср шоири Асириддинни Ахсикатда туғилиб ўсганлигини XVII асрдаги Ахсини таърифлаётган шахс уни худди шу шаҳардан эканлигини ёзмоқда. Шунинг ўзиёқ бу ерни муғул вайрон қилмаганлигини, Асириддин туғилган шаҳар айни XVII асрда ҳам мавжуд бўлганлигини, ҳеч қанақа афсонавий “Янги Ахсикент”, деган шаҳар қурилмаганлигини исботлаб турибди. Агар қадимги Ахсини муғул вайрон қилгану, темурийлар бошқа Ахси, деган шаҳар қурган бўлганларида эди, буни Иккинчи ренессанснинг таниқли олими Маҳмуд бин Вали “Асириддин Ахсикатий ҳам айнан шу шаҳардандир”, деб ёзмаган ва темурийлар “Янги Ахсикент”, деган шаҳар қурганликларини алоҳида таъкидлаб ўтган бўлар эди. Таажжубки, ундай эмас.
Ахсикентни муғул вайрон қилди, дейиш билан Ватан тарихшунослигида жуда катта қўпол хато ва чалкашликлар юзага келади. Аввало, XIII аср бошларида Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий вазият, найманлар давлатининг Фарғона водийси ва Қошғар аҳолисига нисбатан юритган мустамлакачилик сиёсати, ўтказган зулмлари унутилади. Қолаверса, Ахсикент зилзиласида оламдан ўтган инсонлар хотираси эсдан чиқарилади.
Зилзиланинг даҳшатли тафсилотлари ҳақида Эски Ахси ёдгорлигини ўрганган олим И. А. Кастаньенинг фикрлари: “...Мовароуннаҳр ҳукмдорларидан Надр Муҳаммадхонга атаб ёзилган “Ажойиб ат-табоқот” номли географик асарда муаллиф Муҳаммад Тоҳир ибн Абулқосим қуйидагиларни ёзиб қолдирган: “...1030 ҳижрий (1620-1621 милодий) йилда Ахси вилоятида шундай бир офат юз берди. Шундай ер қимирлаши содир бўлдики, Сирдарёдан чайқалиб чиққан сув дарё четидаги далаларни босиб кетди, сув билан чиқариб ташланган балиқлар типирчилади ва ўлди. Улкан дарахтлар илдизи билан қўпорилиб, ерга тушди. Кучли ва тез-тез ер қимирлашидан иморатлар вайрон бўлиб, кўп одам қулаган биноларнинг остида қолиб ўлди. Кўп одамларнинг қўл-оёқлари синди, ҳайвонлар қўрқинчдан далаларга қараб қочди. Бу воқеаларни кўрган покиза эътиқодли кишилар ва оддий халқ орасида “қиёмат куни” ҳақидаги тахминий тасаввурлар ҳосил бўлди. Ҳар бир инсон ўз гуноҳлари учун тавба қилиб, Буюк Парвардигордан уни кечиришини сўрай бошлади. Олти ойгача зилзила шундай бўлиб турди. Масалан, биринчи куни зилзила 70 мартагача бориб етди. Шуниси қизиқки, энг қаттиқ зилзила Ахси қўрғонининг ичида бўлиб, атроф қишлоқларда унча қаттиқ сезилмади. Шаҳардан бир фарсах (6-8 км.) масофада эса ҳатто, ҳеч қандай товуш ҳам эшитилмади. Асар муаллифи ушбу воқеаларни ўз кўзи билан кўрган эди. Шундан сўнг турклар[15] томонидан ахсилик саййид ва қози азоблаб ўлдирилиб, аҳолиси эса таланган эди”[16].
Ер қимирлашининг бу даражада содир бўлиши натижасида деярлик ҳамма иморатлар қулаб, ер массалари қўзғалиб, ҳатто тоғларнинг ҳам силжиши кузатилишини мутахассислар баён қилишган. Яъни, бунинг учун зилзиланинг тебраниш кучи 9 балладан юқори бўлиши керак экан.
ХХ асрнинг 60-70 йилларидаги сейсмолог олимларнинг тадқиқотларида ҳам Ахсикентда бўлиб ўтган зилзиланинг ўлчами 9 баллдан юқори бўлганлиги эътироф этилган эди[17].
Шу боис, тахминларга таяниб тарих ёзишдан воз кечган ҳолда, манбаларни синчиклаб ўрганиб тарих битиш пайти етиб келганлигини англаш лозим.
Инсониятнинг буюк даҳоларидан Гёте: “Асоссиз иш, нимага қаратилганидан қатъи назар, доимо инқироз билан тугайди”, деб бежиз айтмаган.
[1] Ходжаев А., Турдиева Д. Қорахонийлар хоқонлиги тарихи Хитой Халқ Республикаси олимлари тадқиқотларида.-Тошкент: Фан зиёси, 2021.-Б.4,54.
[2] Исҳоқхон тўра Ибрат. Тарихи Фарғона.-Тошкент: Маънавият, 2005.-Б.35.
[3] Ибн ал Асир. Ал камил фит тарих (Польный свод истории).-Тошкент: Ўзбекистон, 2006.-С.367.
[4] Шиҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий. Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаёти тафсилоти.-Тошкент: Ёзувчи-Ўзбекистон, 1999.-Б.19.
[5] Ибн ал Асир. Ал камил фит тарих (Польный свод истории).-Тошкент: Ўзбекистон, 2006.-С.16.
[6] Мирза Мухаммад Хайдар. Тарихи Рашиди.-Ташкент: ФАН, 1996.-С.365.
[7] Бартольд В. В. Сочинения. Том I.-Москва: Восточная литература, 1963.-Б. 469-470.
[8] Жувайний Алоуддин Атомалик. Тарихи жаҳонгушо (Жаҳон фотиҳи тарихи) /Масъул муҳаррирлар Ҳ.Болтабоев, М.Маҳмудов. - Тошкент: MUMTOZ SO‘Z, 2015. – Б.124.
[9] Бартольд В. В. Сочинения. Том I.-Москва: Восточная литература, 1963.-Б. 470.
[10] Бартольд В. В. Сочинения. Том II. Часть I.-Москва: Восточная литература, 1963.-Б.139.
[11] Жувайний Алоуддин Атомалик. Тарихи жаҳонгушо (Жаҳон фотиҳи тарихи) /Масъул муҳаррирлар Ҳ.Болтабоев, М.Маҳмудов. - Тошкент: MUMTOZ SO‘Z, 2015. – Б.126.
[12] Бартольд В. В. Сочинения. Том II. Часть I.-Москва: Восточная литература, 1963.-Б.141.
[13] Бернштам А.Н. Древняя Фергана.-Ташкент: Издательство Академии Наук Уз ССР, 1951.-С.40.
[14] Махмуд ибн Вали. Море тайн относительно доблестей благородных. (Перевод Б.А.Ахмедова).-Ташкент: Фан, 1977. – С.15-17.
[15] Қалмоқлар бўлиши керак. Чунки, бу даврда Мовароуннаҳрнинг шимоли-шарқий чегараларига қалмоқларнинг ҳужумлари кучайган бир пайт бўлиб, улар Бухоро хони Имомқулихон (1611-1642) томонидан қувиб чиқарилади. Муаллиф шуни назарда тутган бўлиши керак.
[16] Кастанье И.А. Историко-этнографическая поъездка в Наманганский уъезд Ферганской области. I. Развалины Ахсыкента.-Ташкент: Коммерческая типография Я. П. Эдельмана, 1914.-С.11,12.
[17] Новый каталог сильных землетрясений на территории СССР с древнейших времен до 1975 года.–Москва: Наука, 1977.-С.200.