Агротуризм: Бўстонлиқда Европадан олиб келинган кийиклар кўпайтирилмоқда
Бўстонлиқ туманидаги Қоранқул қишлоғи денгиз сатҳидан 1200 метр баландликда жойлашган. Бу ерда кийикчиликни ривожлантириш учун 176,4 гектар жой ажратилган бўлиб, шундан 87,8 гектар ерда айни пайтда «Corrida Food» оилавий корхонасида 150 бош Европа кийиги ва асл буғу парваришланмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш учун шу пайтгача 1,2 млн доллардан кўпроқ маблағ сарфланган.Ҳар бир кийик 58 млн сўмдан сотиб олинган ҳамда кийикчиликни ривожлантиришга қаратилган ушбу лойиҳа Марказий Осиёда ягона ҳисобланади.
2020 йилнинг январида 2 турдаги кийиклар олиб келинган. Дастлаб 83 бош кийик олиб келинган бўлса, ҳозирги вақтга келиб уларнинг сони 67 бошга кўпайган. Кийикларни Австрия ва Словениядан олиб келинган.
Кийиклар боқилаётган 24 километрлик ҳудуд Австралиядан келтирилган махсус сим тўсиқлар билан ўраб чиқилган. Уларни айнан Австралиядан олиб келингани сабаби – бу сим тўсиқлар кийикларни парваришлашга мослаштирилган.
Қўриқхонада туғилган кийиклар 19-20 ой оралиғида улғаяди. Шунда уларнинг ҳар бири 65 килограммдан 180 килограммгача гўшт қилиши мумкин.
Кийикларнинг яна бир ноёб хислати - инсонларга ишонувчан. Шу сабабли ҳам бу ерда агротуризмни ривожлантириш, сайёҳларнинг оилавий келиб бу ерда ҳордиқ чиқаришлари учун шароит яратиш бўйича ҳам режалар ишлаб чиқилган.
Маълум бўлишича, йирик шохли чорва моллари, қўй-қўзилар яйловларда 25–30 хил гиёҳлар билан озиқланса, кийиклар икки юз хил ўт-ўланларни ейди. Бу улар гўшти ва ёғининг доривор малҳамга айланишига асос бўлади.
Кийик гўшти А, В1, B2, PP, E витаминларига бой бўлиб, Россияда унинг бир килограмми 700–1500 рублгача, Германияда эса 14–25 еврогача сотилади.