Афв — халқимиз ва Президентимиз бағрикенглигининг ёрқин намунаси

Афв — халқимиз ва Президентимиз бағрикенглигининг ёрқин намунаси

Buxoro.uz

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев энг азиз умуммиллий байрамимиз – Ватанимиз Мустақиллиги эълон қилинганининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида давлатимиз томонидан олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатнинг амалий тасдиғи сифатида “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 113 нафар фуқаро афв этилди.Афв этилган шахсларнинг 5 нафари асосий жазодан озод этилди, 53 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинди, 15 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилди. Шунингдек, 40 нафар шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди.

Халқимиз бағрикенглиги ва олижаноблигининг ёрқин намунаси сифатида қабул қилинган мазкур Фармон туфайли вилоятимиздан ҳам билиб-билмай жиноят кўчасига кирган, диний-экстремистик оқимлар таъсирига тушган 7 нафар фуқаро республикамизнинг турли ҳудудларидаги жазони ижро этиш муассасаларидан озодликка чиқарилди. Яна икки нафар вилоятдошимизнинг жазо муддати қисқартирилди. Бугун, 29 август куни вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров бошчилигидаги ҳудуд секторлари раҳбарлари вилоят учинчи сектори, яъни Ички ишлар бошқармаси штабида юқоридаги Фармон туфайли афв этилган фуқаролар билан учрашишдилар. Афв этилганлар билан суҳбат асносида вилоят раҳбари уларнинг ижтимоий-тиббий реаблитацияси, соғлом турмуш тарзига қайтариш масалалари бўйича вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, соғлиқни сақлаш, бандлик бошқармалари ва бошқа мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликларга ўз тавсия ва топшириқларини берди.

— Туппа-тузук қурилиш бригадасида ишлаб, оилам бағрида ҳеч нимага зориқмасдан яшаб келаётгандим, – дейди Ромитан тумани Хоса қишлоғида яшовчи Туроб Ражабов. — Кўпроқ ишлаб пул топиш мақсадида 2013 йилда Россия давлатига бориб, билиб-билмай диний-экстремистик оқимга қўшилиб қолдим. Шундан сўнг Жиноят ишлари бўйича Бухоро вилоят суди томонидан 2014 йил ноябрида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 155- ва 244-моддаларига мувофиқ 6 йилга, 2017 йилда 244-модда билан 7 йилу 1 ойга озодликдан маҳрум қилиндим. Иккинчи бора менга тайинланган жазо муддатининг ярмини ўтаб улгурмай озодликка чиқарилганим менга ва оиламга халқимиз ҳамда Президентимиз томонидан кўрсатилган беқиёс меҳр-мурувват деб биламан. Албатта, бу ишончни ҳалол меҳнатим билан оқлайман.

Туроб Ражабовнинг қишлоқда фарзандлари парваришлаётган қорамоли 8 бошга етган. Агар банклар имтиёзли кредит маблағи билан қўллаб-қувватласа, у чорвачиликни ривожлантиришга астойдил бел боғлаган. Бу мурожаат шу ерда муҳокама қилиниб, “Микрокредитбанки”нинг туман филиали Туроб Ражабовнинг 30 миллион сўм кредит сўраб тақдим этган ҳужжатларини қабул қилди.

Худди шундай, афв тўғрисидаги Фармон жонига оро кирган Ғиждувон тумани, “Кўшк” ҳамда “Саидкент” МФЙ ларида яшовчи Шоҳрух Насимов ва Зиёдулло Кенжаевлар, Бухоро шаҳрининг “Кўксарой” ва “Шарқ юлдузи” МФЙ ларида истиқомат қилувчи Жўрабек Садиров ҳамда Умиджон Шукуровлар, Шофиркон тумани “Дўрмон” МФЙ да яшовчи Аброр Маҳмудов, Когон шаҳар, “Махтумқули” МФЙ да истиқомат қилувчи Фахриддин Қўзиевлар вилоят ҳокими, ҳудуд секторлари раҳбарлари билан юзма-юз мулоқот қилиб, оиласи бағрига қайтганликларидан бениҳоя мамнунликлари, эндиликда ҳаётларини пок ва эзгу ишлар, ҳалол меҳнат билан ўтказишга аҳд қилганликларини билдирдилар.

Албатта, ўз ўрнида вилоят ҳокими томонидан афв этилганларнинг жамиятимизда муносиб ўрин эгаллашлари учун нимаики зарур бўлса, маҳаллий ҳокимликлар, тегишли ташкилот ва идоралар томонидан барча шарт-шароит яратилиши таъкидланди.  

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати

Report Page