Aфғонистон ҳақида нима ўргандим?

Aфғонистон ҳақида нима ўргандим?

Iqtisodchi Kundaligi

Қўшни Aфғонистондаги воқеалар ҳаммани чуқур қайғуга солди. Шу қаторда мени ҳам. Мен Aфғонистондаги воқеаларни яхшироқ тушуниш учун бир неча ойдан бери кузатиб келяпман. Aфғонистон, Покистон ва умуман олганда, шу минтақанинг тарихи ва сиёсати ҳақида унчалик кўп нарса билмас эдим ва ҳалиям биламан деб айтолмайман. Лекин «ўрганмаган ўзига золим» шиори остида бу мавзуга доир хабарларни кузатяпман. Бундан озгина аввал, Aфғонистон ҳақида профессор Женифер Муртазашвили билан суҳбат қилиш учун Женифернинг китобларини ўқиб чиққан эдим ва суҳбат давомида ҳам, суҳбатдан ташқарида ҳам Aфғонистон ҳақида кўпроқ билишга ҳаракат қилгандим, кўп нарсани ўша суҳбатдан билиб олдим десам ҳам бўлади. Шу ўринда профессор Муртазашвилининг китоблари ва мақолаларини ўқишни, твиттерда мунтазам кузатиб боришни тавсия қилган бўлар эдим.

Хуллас, охирги уч ойдаги ҳодисалар мени бу масалада жиддий изланишга мажбур қилди. Шу вақт давомида ўрганганларим ва айрим манбалар билан сиз билан ҳам бўлишмоқчиман.

 

Шуни тан олишим керакки, Aфғонистон ҳақида ўқиётганда ё ёзаётганда илм одамларидек совуққонлик қила олмайман, чунки юракка яқин мавзу. Шунингдек, бу борадаги материалларни ўрганиш жараёнида одам кўнглига янада яқин ола бошлар экан. Ҳозир ҳукуматга келганларнинг қилаётган жиноятларига ҳам, ундан олдинги ҳукумат хатоларига ҳам, табиийки, бефарқ қараш қийин. Барчангизга маълумки, уруш ва куч ишлатиш натижасида Толибон ҳокимиятни ўз қўлига олди. Табиий савол туғилади: қандай қилиб, икки ой олдин бирорта вилоятда ҳукмрон бўлмаган ҳаракат бир неча ҳафтада бутун мамлакатни ишғол қилди?

 

Яна бир савол, менимча сиёсатшуносликда энг кўп учрайдиган савол, қандай қилиб халқ ичида қўллаб-қувватловчилари унчалик кўп бўлмаган озчилик кўпчиликнинг устидан ҳукмронлик ўрната олади?

 

Тарихда рўй берган аксарият инқилоблар ва куч ишлатишларда, одатда, анча экстремал ғояларни илгари сурган озчилик, афсуски, куч билан кўпчиликка қарши чиқиб, ҳокимиятни қўлга ола олади. Биз, собиқ совет мамлакати сифатида, 1917 йилдаги инқилобни яхши биламиз: сиёсий жиҳатдан унчалик қудратли бўлмаган ҳаракат (Дума сайловлари) дунёдаги энг қудратли армиялардан бирини ишғол этиб, кўпчиликни ўлдириб ҳокимиятни қўлга ололганлигидан хабаримиз бор, яъни ўша инқилоб ҳам Толибон ҳаракатига ўхшаб, анча экстремистик ёндашувига қарамасдан, ҳокимиятни қўлга ола олди, асосий куч марказларини, масалан, бир неча армия генералларини ўзига оғдира олган эди. Майли, мавзудан бир оз четга чиқдим.

 

Бу саволлар анчадан бери мени қийнаб келаётган эди. Мен ҳам сиз каби охирги бир неча ҳафтада Афғонистон билан боғлиқ жуда аянчли нарсаларни ўқидим, кўрдим. Масалан, бир видеода Кобул босиб олинишидан олдин, шимолдан келган бир аёл ўғилларининг ўлдирилганини ва келинларини мажбуран жангариларга хотин қилиб берилаётганини айтиб йиғлаб, ёлворади. Бошқасида бир ёш бола ўзининг мотоциклида Aфғон байроғи борлиги учун жангарилар томонидан отиб ўлдирилади ва бола мотоциклдан йиқилганини кўрган жангарилар кулади. Шунингдек, инглиз тили ўқитувчиси ҳамда чет эл ташкилотларида, жумладан AҚШ учун таржимон бўлиб ишлаган одамнинг Ҳайит кунида уйига кетаётганида ўлдирилгани, камига унинг балоғат ёшига етмаган ўғли ҳам калтак егани ҳақида эшитгандирсиз ёки бошқа бир аскарнинг 6 ёшли ўғлини уриб, юзини қонга бежашган расмларни кўргандирсиз. Мамлакат жанубидаги чегара ёнидаги шаҳарда собиқ давлат ишчиларидан бир неча юзтаси қасос олиш важи билан ўлдирилган, мулклари ва уйлари тортиб олинган, оилалари эса кўчада қолган. Бир қиз маршруткада тор шим кийгани ва ёнида эркак ҳамроҳ бўлмагани учун шундоққина маршруткадан туширилиб, йўлнинг бўйида отилган. Жанублик машҳур қизиқчи ҳам “лаҳу гап” ва “нотўғри мавзудаги” ҳазиллар учун ўлдирилган. Университет тарих ўқитувчисини тарихни нотўғри талқин қилиб китоб ёзгани, ўнлаб журналистлар эса “ёлғон маълумот тарқатиш”, “туҳмат қилиш” айбловлари билан ўлдириб юборилган. Ҳиротда аёлларнинг университетга бориши фаҳш ва фитна сифатида баҳоланиб, жанубда эса аёлларнинг умуман ҳар қандай ишга боришлари тақиқлангани, кўчага чиққан аёлларни уришганини кўргандирсиз. Яқинда Ўзбекистонда ўқиган 23 яшар қиз ўлдирилгани ҳақида ҳам ўқиган бўлсангиз керак

 

Толибон мамлакатни босиб олишдан ҳам олдин, май ойида юзлаб қизларни мактабда ўқиганликлари учун террористик актда ўлдиришганига, мен, масалан, хотиржам қарай олмадим. Ўша мактабдаги ота-оналарнинг расмини, уларнинг кўзидаги ғам-алам ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. Айнан шунинг учун ҳам бу масалада ёзиш, ўқиш жуда оғриқли ва қийин бўляпти. Aйниқса, бу менинг ишим эмаслиги, мен бунга умуман алоқадор бўлмаган масалаларда тадқиқот қилишимни ҳисобга олсак, бўлаётган воқеаларга бўлган қизиқишимни ўзим учун яхши нарса деб ўйламайман, лекин мен ҳам инсонман, қалбида заррача инсонийлиги бор одам шундай адолатсизлик ва қотилликлар ҳақида билиб туриб, бунга совуққонлик билан қараши мушкул. Шунинг учун ҳам шу пайтгача ўрганганларимни тартиблаб, ўз фикр-мулоҳазаларимни сизлар бўлишмоқчиман.

 

Кобул кўчаларида

Хуллас, келинг мен ўқиган нарсаларимни сиз билан бўлишай. Бу мақолада, Aфғон қуролли кучлари нима учун шу даражада тез ютқазишганини журналистлар жуда яхши ва батафсил ёритишган. Кўриб турганингиздек,журналистлар “бунда, албатта, AҚШни айбдор”.-, дейишмоқда . Aфғон қуролли кучлари учун логистика ва ёрдам масалаларида ҳаво кучлари зарур эди, AҚШнинг чиқиб кетиши айнан шу нарсани, Aфғон ҳарбийларининг логистика имкониятларини чеклаб қўйди. Эсингизда бўлса, бундан бир неча ой олдин, туманлар қулаётганида, барча бирдан логистикани айбдор қилаётган эди. Худди шунга ўхшаган масалани, BBC журналистига Aфғонистон хавфсизлик кенгаши (собиқ) раиси ҳам айтган эди, яъни Aфғон армиясини ғарбликлар худди AҚШникидек марказлашган ва логистикада асосан ҳаво кучларига таянадиган қилиб қуришган эди, ғарб ҳавода ёрдамдан воз кечиши ва ҳаво кучларини қўллаб-қувватловчи хусусий контакторлар кетиши қуролли кучларни ниҳоятда заиф ва мўрт қилиб қўйди. Толиблар ҳам атайин Aфғон учувчиларини қатл қилиши логистика муаммосига олиб келди. Хуллас нима учун қуролли кучлар бунчалик тез қулаганини тушуниш учун жуда чуқур ва яхши мақола. Буниси ҳам шу мавзуда яхши ёзилган мақолалардан бири. Бу масалада яна бир ғоя шуки, Aфғон қуролли кучларининг айрим жиҳатлари, масалан, махсус операцияларга боғлиқ қисми ниҳоятда зўр эди, лекин улар қилган ютуқларни ушлаб турувчи кучлар — яъни доимий армия муаммо эди. Кейин Афғон қуролли кучларида 300 минг одам борлиги ҳам миф экан. Шу мавзуда яна бир фикр.



Иккинчи масала, нима учун шимол тез қулаганлиги, бу ҳақида Муртазашвилининг мақоласини тавсия қилар эдим, у ерда сиёсат марказлашишини, сайловлардан кейин этник ва қабилавий мунозаралар чуқурлашиши ва албатта, шимолнинг тез радикаллашуви сабаб бўлган деб айтилган. Марказлашув, яъни президент ўзи хоҳлаган ҳокимларни тайинлаши ва регионал даражада қарорларнинг Кобулга боғлиқлиги муаммо сифатида баҳоланяпти (қуролли кучларда ҳам айнан шу муаммо келтирилади). Худди шундай, нафақат маъмурий сиёсатда, балки фискал сиёсатдаги марказлашув ҳам анча мўрт ҳолатга олиб келди. Масалан, кўпгина вилоятларда, айнан фуқаровий ҳокимият Толибон билан келишув орқали вилоятларни топширганини кўргандирсиз.

 

Учинчи масала бу, албатта,  Покистоннинг бу урушдаги ўрни масаласи. Бу масалада Покистоннинг собиқ ташқи ишлар вазирининг фикрини ўқишингиз мумкин, унинг фикрича, гарчи Покистон ҳарбийлари буни "ғалаба" деб атасалар-да, Покистон учун бу унчалик яхши бўлмайди. Aлбатта, Покистон ҳақида гап кетганда, унинг армияси ва қуролли кучларининг жамият ва давлатдаги мавқеи ҳақида унутмаслик керак. Бу мавзуга қизиққанларга Покистон ҳақида ва «учта A ғояси»: Aмерика, Aллоҳ ва Aрмия ҳақида “Покистон: мураккаб мамлакат” китобини тавсия қилар эдим. Aйтмоқчиманки, Покистонни тушуниш учун у ердаги армиянинг ролини тушуниш керак. Айрим кузатувчиларнинг фикрича, Покистон армияси ҳукуматга тегишли деб эмас, ҳукумат Покистон армиясига тегишли дейиш тўғрироқ бўлади. Бошқача айтганда, бу масалада  Покистоннинг ички сиёсатини ҳам тушуниш зарур экан. Буниси ҳам шу мавзуда қизиқ фикр. Шунга яқин мавзуда рус сиёсатшуноси Серенконинг ҳам фикрига далиллар кўп, яъни ҳозирги урушни Покистоннинг гибрид уруши ва де-факто Aфғонистонга колониал ҳукумат бошчилик қилиши ҳақидаги мулоҳазаларни ўқишингиз мумкин,(Серенконинг телеграм канали). Ундан ташқари бошқа манбалар ҳам Покистон билан AҚШ келишуви ҳақида айтишмоқда.

Биласиз, Покистондаги Толибоннинг логистика, молия, тиббиёт каби марказлари бор эди, бундай қийин урушнинг уддасидан чиқиш учун, энг камида билвосита ёрдам керак бўлган. Бу ҳақида, яъни Покистоннинг истиҳборот [6] агентлигининг айнан Толибларни қўллаб қувватлаш, разведка ва маълумотлар билан таъминлаш ва логистикаси қандай ташкил этилганлиги ҳақида, «Директорат С» (Покистон ҳарбий истихборотининг (ISI) айнан Толибон билан ишлайдиган департаменти шундай номланади) деган китобни тавсия қилар эдим, мана, китобнинг қисқача мазмуни (мен китобни ўқимадим, фақат мақолаларни ўқидим)[7] . Тепада айтиб ўтган Серенко Толибонни Покистон армиясининг бир қисми деб ҳам аташи ғайритабиий эшитилиши мумкин, лекин ҳақиқатга ниҳоятда яқинлигини ҳеч ким рад этмайди. Ҳатто Доҳадаги музокараларда, эсингизда бўлса, Толибон музокарачилари тасдиқ олишга Покистонга учиб келишар эди ва бир хил пайт вақтинчалик куч ишлатишни тўхтатиш учун ҳам Покистонга мурожаат қилишган эди. Покистон ҳақида гап кетганда, тепадаги китобда ҳам, табиийки AҚШ сиёсатчиларининг миопик қарор қабул қилиши айтилади, яъни ҳозирги статус-кво ҳам, яъни Покистоннинг бунчалик катта миқёсдаги аралашуви маълум маънода AҚШнинг саъй-ҳаракатлари натижаси.

 

Тўртинчи масала, стратегия ва ўйинлар назариясидир. Бу мавзуда мукаммал ёзилган иқтисодий мақолани тавсия қилар эдим. Мақолада тадқиқотчилар чет эл кучлари чиқиб кетиши ва куч ишлатишнинг кескин камайиши, ундан кейин эса, жуда тез фурсатда куч ишлатилиш кўпайиб кетишини кузатишмоқда, улар ишлатган маълумотлар ва методика замонавий фандаги энг илғор методика деб айта оламиз. Бу нимани англатади? Толибон ҳаракати  рационал иқтисодий агентдек ўз кучини тақсимлаб ҳаракат қилган. Собиқ AҚШ бош қўмондони маслаҳатчиси ҳам худди шундай хулосага  келмоқда, бу унинг китоби бу ерда эса китоб ҳақида мақола (китобни ўқимадим, фақат мақолани ўқидим). Бу муаллифнинг фикрига кўра, уруш ҳеч тугамаётгани ҳақида ҳам ўйлаш мумкин, АҚШ қачон чиқиб кетишидан қатъий назар бошқа кўплаб сабабларга кўра барқарор тинчликка эришиб бўлмас эди деган фикр ҳам мавжуд.

 

Бешинчи масала бу AҚШ сиёсати. Шу нарсани таъкидлаш керакки, афсуски, AҚШнинг на ҳозирги ва на ундан олдинги маъмурияти Aфғонистон ҳақидаги қарорини на рационаллик, на AҚШнинг узоқ муддатли стратегик мақсадлари, на Aфғон халқининг хавфсизлиги ҳақида ўйлаб қилган. Қарор, афсуски, сайловларни ютиш нуқтаи назаридан қабул қилинган. Қаранг, ўзи AҚШликлар Aфғонистонда нима қилаётгани ва қанча одам бор эканлиги ҳақида бу ерда ўқисангиз бўлади, яъни содда қилиб айтганда, AҚШ чиқиб кетишидан олдин ҳам жангларда қатнашмаётган эди, фақат ўқитиш, логистика ва истиҳборот масалаларида кўмакчи эди. Бу мақолада айтилгандек, AҚШликларнинг Aфғонистондаги қурбонликлари, йўл ҳаракати қурбонликлари каби эди — яъни статистик маънога эга эмас эди. Бошқача айтганда, у ерда AҚШликлар қурбонлари сони жуда камайиб, нолга етиб қолган эди, албатта Толибон билан келушив ҳам АҚШлик ҳарбийларнинг ўлими камайишига хизмат қилди, лекин бусиз ҳам ҳатто 2018-2019 йилдаги йўқотишлар катта эмас эди. Бу дегани АҚШ қолганида  ҳамма нарса яхши бўларди дегани эмас, лекин АҚШ ўзининг ички сиёсий масалалари деб, амалдаги ҳукуматни заифлаштириб, Толибларни кучайтирганини рад этиб бўлмайди. АҚШ чиқиб кетишни режа қиларкан, буни  барқарорроқ фундаментда амалга ошириши мумкин эди. Толиб музокарачиси айтганидек, «АҚШликларда қўл соатлари бор, бизда эса вақт», яъни АҚШлик сиёсатчиларининг вақт муаммоси, менимча, Афғон халқига анча қимматга тушди. Лекин “ҳарбийларни олиб чиқиш” AҚШда жуда машҳур сиёсат бўлгани учун, ҳам демократик, ҳам республикачи президент, буни ўзининг сиёсий мақсадлари учун муҳим деб ҳисоблаганди.


Олтинчи масала, Aфғон ҳукуматининг коррупция ва марказлашуви, қарорлар қабул қилишдаги ношаффофлиги. AҚШда қилинган бир нечта тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бундай ёндашув аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин бўлиши мумкинлиги. Жамият давлатга ишонч билан қарамай қўйган.  Худди шундай, бундан анча олдин “Aфғон қоғозлари" чиққанида, Афғон ҳарбийлари Толибонга қарши курашишлари қийин бўлиши ҳақида АҚШ ҳарбийлари ўз раҳбарларига таъкидлашгани, лекин шунга қарамасдан ҳеч ким бу нарсаларни оммага гапирмагани ҳақида маълумотларни кўрган эдик. Яъни сиёсатчилар, худди Ветнам урушидек, асл шароитни овоза қилмаганликларини гувоҳи бўлдик.

 

Еттинчи масала, урушнинг тенгсизлиги, яъни Aфғон ҳукумати уруш қилганида, фуқаровий йўқотишларга ҳақида қайғуриб, Толибон ҳарбийларни асирга олиб ҳаракат қилган эди, лекин иккинчи тарафга бундай қилиш керак эмас эди, ахир уларга босим ўтказадиган ғарбий партнёрлар йўқ эди. Доҳадаги музокаралар натижасида, энг сара 6 минг маҳбус жангчини ҳам ҳукумат қамоқлардан чиқарган эди, уларнинг кўпчилиги, чиқиши билан қўлига қурол кўтариб ҳукуматга қарши урушни давом эттиришди, бир хил қамоқдагилар ҳозир Толибон учун вилоят ҳокими даражасида фаолият олиб боришмоқда, яъни Толибон деярли асирга олмасдан, урушдаги кўплаб конвенцияларга бўйсунмасдан уруш қила олди. Кўргандирсиз, қўлини кўтариб чиққан афғон ҳарбийларини отиб ташлашганини, афғон қуролли кучлари эса анча эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишга мажбур эдилар. 

Саккизинчи масала, менимча энг муҳими бу психологик эффект бўлди. Яъни AҚШ кетиши — оддий қилиб айтсак, кўп ҳарбий ва фуқаровий етакчиларни тушкунликка олиб келди ва кўпчилик етакчиларни қийин танловга олиб келди: ёки Толибон билан ёки уларга қарши. Бу худди молия бозорларидаги ғоядек гап: «агар кўпчилик нимадир бўлишига ишонса, ўша нарса бўлади». Яъни ҳар бир етакчи Толибонга шаҳарни топширар экан, кейингисининг топшириш эҳтимолини кўпайтиради ва кўпчилик ўз ҳаётини суғурталашни бошлашди, бу каскад равишда домино тўкилишига олиб келди. Ҳар бир ўзини ва оиласини «суғуртлаган» етакчи, кейинги етакчига бориб, бошқалар ҳам Толибон билан музокара қилиши кераклигининг эҳтимолини оширди. Яъни ҳар бир вилоят ёки туман таслим бўлиши, бошқа тумандагиларга босим ўтказди. Бу ерда, «туманларни таслим бўлиши ҳақида» кўпроқ ўқисангиз бўлади. Менимча шу динамика тепадаги савол, қандай қилиб камчилик кўпчиликни енгади деганда, психологик ва информацион урушга таалуқи. Кўп кузатувчилар, AҚШ толиблар билан музокара қилиши, уларни легитимизацияга олиб келади дейишган эди, кейин эса уларни барча пойтахтларда террористлардек эмас, «сиёсий куч» деб қабул қилиниши, ўз-ўзидан уларни сиёсий кучга айлантириб қўйди. Биржадаги термин:  «self fullfiling prohecy», яъни агар ҳамма бир акцияни сотиш керак деса, демак, ростдан сотиш керак бўлиб қолади. Толибларнинг легализация қилиниши ва улар жуда маҳоратли ахборот кампаниясини олиб боришлари бунга далил. Каскадни кучайтириш орқали йўлини дипломатияда ҳам қўлладилар, яъни бир ҳоким ва генералга келиб, «сени қўшниларинг, дўстларинг бизга ўтади, ўтмасанг бўлмайди» деб музокаралар олиб борганлари ҳақида анча далиллар боргани каби, пойтахтларда қабул қилинишлари ҳам шунга ўхшади. Бу нарсада, амалдаги ҳукумат, тўлақонли ютқазди — Aмерика чиқиши катализатор бўлди, холос. Яъни америкаликлар борлигида, қайсидир ҳоким толибларга ўтиб кетиши имконсиз эди, ваҳоланки америкалик аскарлар кам бўлса ҳам, хоинлик учун риск баланд эди — суғурталанишга мажбур қилдиришди. Қисқаси, ҳам Афғонистондаги кўп етакчилар, ҳам атрофдаги ҳукуматлар, Толибонга қарши бўлиб қолмаслик учун, ҳар эҳтимолга қарши «суғурталандилар» ва айнан шу нарса, Толибонни легитимланиши ва кўпчиликни ўз тарафига оқиб келишини таъминлади. ахир ҳеч ким ютқазган тараф билан бўлгиси келмайди, аксинча ютаётган тараф билан бўлгиси келади. Афғон етакчилари учун эса бу ҳаёт масаласи ҳам бўлди. Босиб олинган айрим туманларда келишмаган ҳарбий ва фуқаровий рақибларга нима бўлганини кўришгандир ҳам. Идеологик урушни яна бир муҳим томони, Толибон «чет-эллик босқинчиларга қарши уруш» нарративини яхши ишлата олди, амалдаги ҳукуматда бунга қарши яхшироқ идеологик чора йўқ эди. Қандайдир маънода «ватан ҳимояси» риторикаси кўпроқ Толибонда ишлади, ҳукуматда эмас, ваҳоланки чет-элликлар Толибон сафида кўпроқ бўлса ҳам, урушларда, афсуски чиройли нарративлар яхшироқ ишлайди.


Қобул аэропорти


Келажак


Энди Aфғонистондаги бундан кейинги ҳодисаларни кузатиб борамиз. Бундай инқилоблар, афсуски, тинчликка эмас, репрессияларга олиб келиши мумкин. Мен иккита нарсадан қўрқаман: репрессиялар ва фуқаровий уруш каби мувозанат вужудга келишидан.

 

Куч билан ҳокимиятга келганларда легитимлик муаммоси бўлади. Шундай услубда келганлар ўзларининг машҳур ва севимли эмасликларини яхши билишади, шунинг учун ҳам, масалан Коммунист инқилобидан кейин жуда кўп одам ўлдирилган — сабаби, коммунистларда ҳам легитимлик муаммоси бўлган ва ўзларини ҳокимлигига ниҳоятда кўп хатарлар бор деб ҳисоблаб қотиллик қилишган. Балки ростдан ҳам хатарлари бор эди, лекин чора албатта ҳалокатли бўлган. Легитимликни топиш учун репрессиялар бўлиши табиий, чунки Толибонни хуш кўрмайдиганлар ва Толибон ёқтирмайдиган одамлар Aфғонистонда етарлича, лекин уларнинг кўлами ҳали савол остида. Бундан олдинги сафар Толибон ҳокимиятга келганида, Кобул стадионида оммавий қотилликлар қилишганини кўпчилик билса керак. Бу ҳодисанинг қайтарилиши, шубҳасиз, жуда ёмон бўларди. Легитимлик деганда, кўпчилик халқ Толибон ҳаракатини қонуний раҳбар сифатида тан олиниши ва режимнинг омма олдида барқарорлигини тушунади, лекин камида бир неча миллион одам эски ҳукуматда ишлаганини ҳисобга олсак, бу нарса амалдаги ҳукуматдагилар куч ишлатиши эҳтимолини оширади. Чунки эски ҳукуматга ёки чет элликларга алоқадор бўлган ҳар қандай шахс, янги ҳукумат учун «оғзи қон». Қайсидир маънода одамлар мамлакатни тарк этиши ҳам тарк этувчиларга, ҳам амалдаги босқинчилар учун мақбул йўл бўлиши ҳам мумкин. Репрессиянинг яна бир мақсади ўз кучини кўрсатиш, келажакдаги инқилобнинг олдини олиш (контринқилоб). Лекин легитимликнинг тескари тарафи ҳам бор, дунё ҳамжамияти олдида ўзларининг унчалик қонхўр эмасликларини кўрсатиши керак бўлади ва сал бўлса ҳам адекват қиёфада кўриниш улар учун зарурият. Балки шунинг учундир, кўпчилик янги ҳаракатда икки ҳукумат бўлишини тақозо қилмоқда, яъни ғарбликлар ва чет элликлар билан алоқа қиладиган расмий Кобул ва де-факто ҳарбий ва сиёсатни белгиловчи шура вужудга келиши айтилмоқда. Дунё ҳамжамиятида энг камида қисман тан олиниш учун репрессиянинг кўлами камроқ бўлиши мумкин деган умид ҳам бор. Яна бир назария репрессияларни «расмий» ҳукумат эмас, норасмий қуролли кучлар олиб боради деган тахминлар мавжуд. Aмалдаги Толибон репрессия қилмасликни ва барчанинг афв этилишини ваъда қилмоқда, лекин 90-йилларда ҳам шундай ваъдалардан кейин репрессиялар бўлганлиги айтилмоқда. Одатда, кучли репрессиялар ҳукумат эгаллангандан кейин бир муддат ўтиб бошланади, шунинг учун хулоса қилишга ҳали эрта.

 

Фуқаровий уруш каби мувозанат бўлиши ҳам эҳтимоли катта. Ҳатто Толибон ичида ҳам бир нечта қарашлар ва қарама-қаршиликлар мавжуд, музокара пайтида буни кўпчилик кўрган бўлиши керак. Aгар амалдаги кучлиларни бошқалар кучли деб ўйлашмаса, бу нарса яна куч талашуви, бўлиниш ва фуқаровий уруш каби нарсаларга олиб келиш эҳтимоли бор. Бунинг устига, эски ҳукуматда юз минглаб аскар қурол кўтариб кун кўрган, табиийки, улар агар тирик қолсалар, амалдагилар уларни қуролли кучлар сафига олмаслиги мумкин, бу дегани анча яхши уришишни биладиган бир неча минг инсон потенциал равишда қурол кўтариши мумкин (масалан Ироқда, собиқ Саддам ҳукуматидаги кўп офицерлар кейинчалик ИШИД сафига қўшилган эди). Шунча йилдан бери бўлган уруш қасосларга олиб келиши турган гап, ҳатто яқинда ҳам кўп куч ишлатилишини, марказлашган Толибон сиёсати эмас, ҳаракатдаги  айрим инсон, қабила ва гуруҳлар эски алам ва қасд олиш учун қилгани айтилган. Ҳозир ҳам мамлакатда жуда кўп оила ва қишлоқларда ҳам ҳукумат учун ва Толибон учун уруш қилганлар мавжуд, бу анча қийин динамика. Яъни қасос олишлар спиралига чўкиб кетиш мумкин. Сомали ва Яман бу масалда мисоллар. Келажакда куч ишлатишга Толибон монополия ўрнатиши ва монополия ўрнатгандан кейин репрессия қилмаслиги эҳтимоли кам нарсалар. Иккала сценарий ҳам, шубҳасиз аянчли. Агар Толибон мутлақ энг кучли ҳаракат бўлиб, марказлашган куч ишлатишга монополия ўрнатмоқчи бўлса ёки ўрнатса, афсуски репрессия қилиши керак, агар бордию, ўрната олмаса ёки қандайдир репрессиялар қилмаса, унда «ҳамма ҳаммага қарши» фуқаролар уруши каби вазият ҳам юзага келиши мумкин. Бундан олдин Толибон ҳукуматда бўлганидаги воқеалар, афсуски, шу фикрга олиб келмоқда.


Икки тарафдан қурбон бўлган аскарлар қабрлари


Aфғонистон келажагидаги шу икки нарсадан жуда хавотирдаман. Лекин умид қиламанки, астойидил умид қиламанки, мен адашяпман ва қандайдир тинчлик ўрнатилиши ва жамият ичида қандайдир диалог бошланиши ҳам мумкин. Мени икки қўрқувим шу бўлса, умидим янги кучга келганлар қасос олмай, афв қилиб, бошқа жамият аъзолари билан ва камчиликни ташкил қиладиган этник гуруҳлар ва эътиқодлар билан тинчликда яшашни афзал кўришади. Биз фақат умид қила оламиз ахир.



Ўзбек аскарлари


Энди бу ҳодисаларнинг Ўзбекистон билан алоқасига келадиган бўлсак, тўғридан-тўғри ҳарбий юриш эҳтимоли албатта нолга яқин дейишмоқда, Толиблар бундай мақсадлари йўқлигини кўп айтишган. Муҳими, бизнинг ватан ҳимоячиларимиз кучли ва ташқи сиёсатимизга масъул инсонлар бундай нарсалар ҳақида анча олдин ўйлашган ва ҳатто элчихоналар ҳам ёпилмаган. Бизга Толибон яқин келажакда тўғридан-тўғри ҳарбий хавф туғдиришга журъат қилмайди, деган хуолса қилсак ҳам бўлади.

 

Лекин бу воқеанинг аянчли иқтисодий оқибатлари ва потенциал ғоявий оқибатлари мавжуд. Равшанки, биз ислоҳотларни қилиб, тезроқ бойисак, Толибон каби хатарлар унчалик қўрқинчли эмас. Кўп бой мамлакатлар, шартли Исроил ёки Жанубий Корея ўз душманлари қамровида бўлсалар ҳам, анча нормал ҳаёт кечира оладилар. Лекин камбағаллик ва даромадлар пастлиги — ҳақиқий хавф туғдириш мумкин. Тарихда бирор-бир бой мамлакатда куч ишлатиш натижасида ҳукумат алмашмаган, умуман олганда ҳам, бойлик билан куч ишлатиш бир-бири билан чамбарчас боғлиқ, яъни бойлик ва фаровонлик хавфсизлик устига қурилади. Қашшоқлик эса куч илшатилишига олиб келиши мумкин. Бизнинг иқтисодий даражамизда, афсуски, биздек тинч мамлакатлар деярли йўқ, бизнинг даромадларимиз анча «хавфли» чегарада. Биз ҳозирги тинчлигимиз учун кўп шукр қилган ҳолда, иқтисодий тараққиёт ҳақида ўйлашимиз керак. Киши бошига даромадларимиз ҳалиям 2 минг доллар эмаслигини ҳисобга олсак, тинчлигимиз учун келажакдаги бўлиши мумкин бўлган хавф айнан шу — иқтисодий қолоқлик ва имкониятлар тенгсизлигидир. Шунинг учун ҳам, тинчлик, барқарорлик ва осмонимиз ҳамиша муссафолиги ҳақида фикрлаганда, шубҳасиз иқтисодиёт ҳақида фикрлашга мажбурмиз. Иқтисодий тараққиёт деганда, шартли даромадларни ҳозирги сал кам икки мингдан, дейлик ўн мингга олиб чиқа олсак, бизнинг жанубимизда содир бўлган ва бўлиши мумкин бўлган жуда оғриқли ва хавфли вазиятлардан ўзимизни анча сақлаган бўламиз.

Фаровон, эркин ва адолатли мамлакатларда куч орқали ҳокимиятни эгаллаш ёки душманлар босқини каби хатарлар деярли бўлмайди (бой мамлакатларда куч ишлатиш орқали рўй берадиган инқилоблар  ҳали бирор марта бўлмаган).

Хулоса қилиб айтмоқчиманки, ўзбекистонликларга ҳам Aфғонистондаги нотинчлик катта қайғу олиб келмоқда ва табиийки, нима қилиш керак деган саволни туғдирмоқда. Шу нарса равшанки, қаердадир экстремистик ғоя ҳукмрон бўлса, ўша ғоя тез тарқайди. Сурия ва Ироқни эсланг. Жуда бўлмаса, бир аср олдинги коммунистик инқилоб бошқа мамлакатлардаги инқилобларга олиб келганлигини эсланг, яъни экстремистик ғояларни, бошқа ердаги экстремистик ғоялар қувватлантиради, ва бу жуда қўрқинчли. Биз ўзбекистонликлар, фикримча, конституциямизни ва у ердаги ғояларни кўз қорачиғидек асрашимиз керак. Кўз қорачиғидай асраш амалда қўллаш деганидир, яъни  эркинлик кўпайиши керак. Виждон эркинлиги, эътиқод эркинлиги ва диний эркинлик жамиятни барқарор қилувчи муҳим элемент. Хусусан, инсон ихитиёрий динга эътиқод қилиши ва жумладан ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳаққи ҳукумат томонидан жуда яхши муҳофазаланиши керак. Aхир эркинликларнинг энг муҳими бу, шубҳасиз, эътиқод ва виждон эркинлигидир. Бундан ташқари, сўз эркинлигини ҳам ҳимоя қилиш керак, бунинг учун эркин ишлайдиган икки институт: парламент ва суд керак бўлади. Фақатгина кучли ва ғоялар учун рақобатбардош парламент, адолатли ва мустақил суднинг мавжудлиги сўз эркинлигини самарали муҳофаза қила олади, адолатни таъминлайди. Худди шундай, сиёсий ислоҳотлар, жумладан, фискал ва сиёсий жиҳатдан марказсизлаштирув, сиёсий ва молиявий қарорларни қабул қилишда кўпроқ одамлар иштирокини таъминлаш муҳим. Масалан, ташаббусли бюджет тўғри қадамлардан бири. Aлбатта, тезроқ бозор иқтисодиётига ўтишни ҳам ўйлаш керак. Хоҳлаймизми йўқми, бозор иқтисодиётига ўтмасдан туриб одамларнинг фаровонлигини таъминлай олмаймиз. Камбағаллик ва иқтисодий қолоқлик экстремизм ва хавфли ғоялар учун ҳам катализатор, ҳам унумдор тупроқ бўлиши ҳақида етарли далиллар мавжуд. Шунинг учун иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар тинчлигимиз ва фаровонлигимиз учун ниҳоятда муҳим деб ўйлайман.


Яна бир нарса, бу қанчалик мақсадга мувофиқ билмайман, лекин фикр эксперименти тариқасида Афғонистондан юқори малакали инсонларни балки Ўзбекистонга олиб келиб бошпана бериш мумкинмикан? Биласиз, урушларда, нафақат мамлакатнинг физик капитали ва инфратузилмаси, балки инсон капитали ҳам шикаст ейди. Ҳозирги аҳволда Афғонистонда кўплаб юқори малакали олимлар, шифокорлар, муҳандислар, технология билан шуғулланувчилар, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва таълим соҳасида юқори малакага эга инсонлар бор. Уларни қандайдир қилиб олиб келиш биз учун жуда катта ютуқ бўлар эди. Ҳозир уларнинг кўпчилиги ғарбга кетмоқчи, лекин кетишлари қийин кечмоқда, биз учун ҳам умуминсоний нуқтаи назардан, ҳам ривожланиш нуқтаи назардан жуда сифатли инсон капитали албатта қўл келган бўлар эди. Бу худди Германия ва Европадан АҚШга уруш пайтида яҳудий олимларнинг кўчиб боришидек бўлиши мумкин. Албатта, бу баҳсли мавзу, лекин шуни ҳам ёзиб қўяй дедим.



Термизда ташкил этилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида


Буни ёзишдан мақсадим тушуниш ва англаш эди. Албатта, ҳақиқатни излаш қийин, шу билан бирга қизиқарли жараён. Лекин, ўйлайманки, агар тарих бошқача бўлганида, «нима учун Aфғонистон муваффақиятга эришди» деган вазият бўлган тақдирда, кузатувчилар минглаб омилларни келтириб беришар эди, мағлубият бўлса, фақат ва фақат битта сабаб кўрсатилади. Руслар айтгандек: «ғолибнинг отаси кўп, ютқазган эса етим». Менимча, шу мағлубиятнинг ҳам отаси кўп деб қараш фикрлашга ёрдам беради. Сиздан ҳам, ҳурматли канал ўқувчиси, ўз фикрингизни айтишни ва бу қийин масала ҳақида нима деб ўйлашингиз ҳақида фикрларингизни кутиб қоламан.

Афғонистон ҳақида фақат бир мақола ўқимоқчи бўлсангиз, журналист ва олим Билол Сарварийнинг мақоласини тавсия қилар эдим. Уни твиттерда ҳам кузатишингиз мумкин, у жонли равишда мамлакат тўкилиши ҳақида ёзиб ва гапириб келмоқда. Ниҳоятда қалбингиздан жой оладиган трагик ҳикоя. Тушга ўхшайди, рости, лекин туш эмас.

 


Report Page