Адлия вазирлиги халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликда маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш бўйича иш бошлади 

Адлия вазирлиги халқаро ҳамкорлар билан ҳамкорликда маъмурий тартиб-таомилларни такомиллаштириш бўйича иш бошлади 

 Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Жорий йилнинг 5 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги вакиллари видеоконференция шаклида Германия халқаро ҳамкорлик жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси (GIZ) раҳбари Йорг Пуделька билан  Ўзбекистонда маъмурий тартиб-таомиллар соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича истиқболдаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.  

Видеоконференция чоғида вазирлик мутахассислари ҳамкорларга Адлия вазирлигига Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат ҳуқуқ сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан илғор хорижий тажриба ва замонавий ривожланиш тенденциялари асосида маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини такомиллаштириш бўйича юклатилган қўшимча функциялар хусусида маълумот берди.  

Йорг Пуделька мазкур йўналишда вазирлик томонидан GIZнинг «Марказий Осиёда ҳуқуқий давлатчиликка кўмак бериш» дастури доирасида илгари сурилган ташаббусини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди. 

Шунингдек Ўзбекистонда медиация институтини ривожлантириш ва давлат органлари юридик хизматлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳамкорликдаги тадбирлар муҳокама қилинди. 

Учрашув якунида томонлар 2020 йилнинг II ярим йиллиги ва 2021 йилга мўлжалланган қўшма чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, хусусан маъмурий тартиб-таомиллар соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда эксперт маслаҳатлашувлари ўтказиш ва улар қабул қилингач тушунтириш, медиация ва давлат бошқаруви соҳаларида таълим семинарлари ташкил этишга келишиб олди.
 Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими



Report Page