Адлия вазирлиги англиялик экспертлар билан инвестициявий арбитраж ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди

Адлия вазирлиги англиялик экспертлар билан инвестициявий арбитраж ҳамда коррупцияга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилди

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқлар бўлими

20 сентябрь куни Адлия вазирлиги томонидан Буюк Британиянинг Слинн Фонди билан ҳамкорликда “Инвестициявий арбитраж ҳамда коррупцияга қарши курашиш” мавзусида интерактив усулда онлайн семинар-тренинг ўтказилди.

 Маълумот учун: Слинн Фондининг асосий вазифаси семинарлар, тренинглар ҳамда халқаро конференциялар ўтказиш ва шундай тадбирларда иштирок этиш орқали қонун устуворлиги ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштириш, Буюк Британиянинг ҳамда халқаро бой тажрибага асосланиб, ўз тавсиялари билан суд тизимини такомиллаштиришга кўмаклашиш, арбитраж низоларини ҳал қилиш ва медиация техникалари бўйича билимларни ошириш ҳамда ушбу йўналишлардаги таълимни илгари суриш ва рағбатлантиришдан иборат.

Ушбу ташкилотларнинг раҳбари Питер Гросс (Sir Peter Gross) Англия ва Уэльс Олий апелляция суди судьяси ҳамда Англия ва Уэльс Олий судининг халқаро муносабатлар бўйича Бош судьяси ҳисобланади.

 Тадбирда Адлия вазирлиги, Олий суд, Бош прокуратура ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги вакиллари ҳамда Британия томонидан Лондон иқтисод мактаби профессори Росс Кранстон, қироллик адвокати Али Малик ва Слинн Фонди раҳбари Питер Гросс маърузачи сифатида иштирок этдилар.

Семинар-тренинг давомида хорижий ҳамда миллий маърузачилар икки мамлакатнинг коррупцияга қарши курашиш тизими фаолияти ҳамда инвестиция низолари бўйича арбитраж муҳокамалари бўйича миллий амалиёти ҳақида маълумот бердилар.

Бунда Ўзбекистон Олий суди тузилмасида янги инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркибининг фаолияти, халқаро арбитраж ва суд муҳокамалари масалалари бўйича халқаро ва хорижий ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларининг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлаш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ёритиб берилди.

Хорижий мутахассислар эса Буюк Британиянинг коррупцияга қарши курашиш агентликлари фаолияти ва иш услуби ҳақида ҳамда ушбу мамлакатнинг дунёда энг илғор бўлган арбитраж институтлари тўғрисида маълумот бердилар.

Шунингдек, тадбир давомида мутахассислар томонидан инвестиция низолари бўйича арбитраж муҳокамалари ҳамда коррупция билан боғлиқ муаммоли масалалар (“case study”) бўйича икки давлат ҳуқуқий тизимлари қоидалари орқали ечим топилди. Айнан ўхшаш вазиятларда икки давлат ҳуқуқий тизимлари қандай ҳаракат қилиши таққосланди ҳамда ўзаро илғор тажриба билан алмашилди.

Семинар якунида ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар ишлаб чиқилди. Ушбу тавсиялар Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини юксалтириш мақсадида шакллантирилаётган самарали қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга.    

 Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқлар бўлими

 


Report Page