Адлия вазирлиги Тошкент вилоятининг 2 та маҳалласида болалар майдончаси қуриб берди
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимиБугун, 26 август куни, Адлия вазирлиги томонидан Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Нурли Замин МФЙ ва Гулистон МФЙ ҳудудларида болалар ва спорт (street working) майдончалари қуриб берилди. Бугун унинг рамзий калити маҳалла аҳолисига топширилди.
Тошкент вилоятида вазирлик раҳбарияти ва ҳудудий адлия органлари томонидан ўтказилган сайёр қабуллар давомида ушбу маҳалла аҳолисидан болалар бўш вақтларини унумли ўтказиш учун майдонча кераклиги ҳақида кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Фуқароларнинг фикри тингланди, ва мавжуд имкониятлар ўрганилиб, Адлия вазирлиги ушбу хайрия ташаббусга қўл ўрди.
— Маҳалламизниг аҳолиси, айниқса аёллар, бер неча марта ҳокимликка мурожаат қилган шу масала бўйича, аммо натижаси бўлмади, — дейди Нурли Замин МФЙ раиси ўринбосари Гулнора Саидохунова. — Бошқа жойларга ҳам мурожаат қилдик ва бугун маҳалламизда байрам. Тақир ер ўрнига шинам ва ҳар тамонлама ўйланган болалар майдончаси бўй ростлади. Барча оналар ва болалар ҳурсанд! Бу мустақилликнинг 30 йиллигига маҳалламиз учун ўзига хос совға бўлди.
Таъкидлаш керак, сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли, шу жумладан, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, турмуш шароити оғир, ишсиз ва касб-ҳунарга эга бўлмаган, ҳуқуқий ва маънавий-психологик қўллаб-қувватлашга зарурати бўлган фуқароларга давлат томонидан манзилли кўмаклашиш бўйича мутлақо янгича тизим жорий қилинди.
Бу йўналишда манзилли, ҳар бир шахс билан индивидуал ва тизимли равишда мунтазам иш олиб боришни ташкил қилиш мақсадида моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар бўйича мутлақо янги — “Темир дафтар”, ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб-ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган хотин-қизлар ва ёшлар бўйича тегишлича “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” тизимлари ҳаётга татбиқ этилди.
Мисол учун, Ўртасарой қишлоғидаги Нурли Замин МФЙ ҳудудида 4,5 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Ундан 44 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га, 68 хотин-қизлар “Аёллар дафтарига” киритилган, шу жумладан ишсиз, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган фуқаролар. Уларга қулайлик яратиш ҳамда ижтимоий кўмак кўрсатиш мақсадида бугун сайёр давлат хизматлари ҳам ташкил этилди. Ушбу хайрия табдири давомида аҳолига керакли хизматларни туман маркази ёки шаҳарга бориб эмас, ўз қишлоғи, маҳалласида олишга имкон берилди: тез ва бепул.
Шунингдек, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож аҳоли учун адлия органлари томонидан сайёр қабул ўтказилиб, фуқароларнинг мурожаатлари тингланди, тегишли чоралар қўлланилди ҳамда бепул ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими