Адлия вазирлиги: ҳокимларнинг маъмурий жавобгарликка тортишни назарда тутадиган қарорлар қабул қилиш ваколати бекор қилинмоқда
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлимиХабарингиз бор 2019 йил 9 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида” да ПҚ–4546-сон қарори қабул қилинган.
Қарор билан 2020 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотлари томонидан жами 28 турдаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб қилиш ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан эса уларнинг берилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган эди.
Шунингдек, мазкур қарор билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бир қатор ишламаётган функциялари, жумладан, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга рухсатнома бериш функцияси ҳокимликлардан туман (шаҳар) қурилиш бўлимларига ўтказилганди.
Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йил 28 сентябрь куни “Бюрократик тўсиқлар янада қисқартирилиши ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойиллари жорий қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.
Ушбу Қонунда назарда тутилган ўзгартиришларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида 2020 йилнинг 7 октябрь куни соат 15.00да АОКА анжуманлар залида Адлия вазирлиги томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Матбуот анжуманида мазкур қонун билан 6 та қонун ва 3 та кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилганлиги айтиб ўтилди.
Хусусан, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қуйидаги функция ва ваколатлари бекор қилинди:
· фаолияти сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналарнинг технология, ўрмон-мелиорация ва агротехника, гидротехника, санитария-техника тадбирларини ўтказишлари учун келишиш лозимлиги;
· корхоналар ва ташкилотларга қуйидаги масалаларда ёзма кўрсатмалар бериш
· аҳолининг ичимлик, маиший ва бошқа эҳтиёжлари учун мўлжалланган сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тўғрисида қарор қабул қилиш.
Шунингдек, қонун билан ҳокимларнинг қуйидаги бир қатор ваколатлари тугатилганлиги айтиб ўтилди:
· маъмурий жавобгарликка тортиш назарда тутилган қарорлар қабул қилиш ва маъмурий жавобгарликка сабаб бўладиган айрим қоидаларни белгилаш ваколатлари;
· атмосфера ҳавосига ифлослантирувчи моддалар чиқарилишининг йўл қўйиладиган нормативларини бузиш билан боғлиқ бўлган фаолиятни чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш масаласида қарор қабул қилиш ваколати;
· ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларни чорвачилик эҳтиёжлари учун тайёрлаш учун рухсатнома бериш ваколати;
· ўрмонларнинг ҳолатига зарар етказилган ҳолларда ташкилотлар фаолиятини чеклаш, тўхтатиб туриш ва тугатиш бўйича қарор қабул қилиш ваколати.
Матбуот анжуманида мазкур нормаларнинг амалиётга татбиқ этилиши маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида иш ҳажмининг камайишига, уларнинг бевосита ўзларига тегишли бўлган функционал вазифаларни бажаришига имкон яратиши, шу билан бирга, давлат органлари ва ташкилотларининг ўзларига тегишли функциялари билан янада самарали шуғулланишини таъминлашга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Адлия вазирлиги
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими