Адлия вазирлиги қонунчилик ҳужжатлари тўлиқ ва сифатли ижро этилиши тарафдори

Адлия вазирлиги қонунчилик ҳужжатлари тўлиқ ва сифатли ижро этилиши тарафдори

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Адлия_муносабат

            Ижтимоий тармоқлар орқали Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Президент қарорида белгиланган вазифа бажарилмаётганлиги, Адлия вазирлиги эса Президент ҳужжатлари ижросини тўлиқ назоратга олмаётганлигига оид маълумотлар жойлаштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 февралдаги ПФ-6166-сон фармони асосида Адлия вазирлиги зиммасига Президент ҳужжатлари ва топшириқларини ижросини назорат қилиш вазифаси юклатилган.

           Ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган маълумотларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 20 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига 2017 — 2021 йилларда ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 10-банди ижроси таъминланмаётганлиги айтилган.

Ушбу бандда Соғлиқни сақлаш вазирлиги зиммасига 2019 йил  1 январгача барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида врач қабулига масофадан туриб ёзилиш имконини берувчи электрон дастур жорий этиш юклатилган.

Президентнинг мазкур Фармонидаги топшириқлар “Ijro.gov.uz” тизимида тўлиқ назоратга олинган.

Ушбу топшириқнинг ижроси юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан киритилган маълумотда “Электрон поликлиника” тизими барча ихтисослаштирилган марказларда, вилоят филиалларида, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаларида жорий этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги сабабли топшириқ “Ijro.gov.uz” тизимида ижродан ечилмаган ва ижросини тўлиқ таъминлаш учун қайта ишлашга юборилган.

Бундан ташқари, 2021 йил 11-18 октябрь кунлари Адлия вазирлиги томонидан Сурхондарё вилоятида ўтказилган ўрганиш давомида жойига чиқиб кўрилганда “Электрон поликлиника” тизими Термиз шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникада тўлиқ жорий этилмаганлиги, тизимнинг фақатгина электрон навбат функциясидан фойдаланиб келинаётганлиги аниқланган.

Ушбу ҳолат Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилган ахборотда ҳам акс эттирилган.

Таъкидлаш жоизки, Адлия вазирлиги қонунчилик ҳужжатлари ва топшириқлар масъул ижрочилар томонидан тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлаш бўйича ўз ваколати доирасида барча зарурий чораларни кўриб боради.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 

                                                                      

Report Page