Адлия вазири: “Талаба аввал ўқиши, кейин талаб қилиши керак”

Адлия вазири: “Талаба аввал ўқиши, кейин талаб қилиши керак”

@shahnozxon

ТДЮУ домлалари билан учрашувдан конспектлар

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг Тошкент Давлат Юридик университети профессор-ўқитувчилари билан учрашуви бўлди. Хабарингиз бор, ҳозирда Юридик университет ректорсиз, шу сабабли вазир у ердаги фаолият ва жараёнларга ўзи шахсан эътибор билан қараяпти.

Вазир жиддий гапларни гапирди, университет фаолиятидан қониқаётган ва айниқса, қониқмаётган жиҳатларга тўхталди.

Хусусан, илмий фаолиятнинг амалиётга ва бугунги кунга етарли даражада боғлиқ эмаслиги, юридик соҳада яратилаёган илмий-тадқиқот ишларининг сиёсий-ижтимоий ҳаётдан узилиб, тобора назарийлашиб ва енгиллашиб бораётганига тўхталди.

“Биз ер ҳуқуқи бўйича катта қадамларни қўйдик. Бу ишлар илмий жиҳатдан жиддий тадқиқ қилиниши лозим эди. Нима учун ерга эгалик ҳуқуқи берилмаган шу пайтгача? Умрбод эгалик ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи, фойдаланиш ва ижара ҳуқуқи каби тушунчаларни очиб берадиган илмий-оммабоп мақолалар эълон қилинмади, изланишлар йўқ. Умуман, ерга эгалик ҳуқуқини тарихий контекстда назария ўлароқ тадқиқ қилиш, юртимизда ер ислоҳотининг истиқболини прогнозлаш ҳақидаги илмий изланишларни кўрмадик”.

Тадқиқотларда илгари сурилган таклифлар етарлича чуқур ўйланмагани ва фундаментал аҳамиятга эга таклифлар озлиги ҳақида:

“Масалан, жазони ижро этиш муассасаларидаги аёллар ҳуқуқлари бўйича тадқиқотни олайлик. Бу борада муаммолар кўп: муддатини ўтаб, муассасадан чиққан аёллар билан ишлаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш, реабилитация, адаптацияга кўмаклашиш бўйича қиладиган ишлар анча. Лекин илмий тадқиқот ишида муассасада жазо ўтаётган аёлларга “посилка” бериш механизмлари ҳақида таклифлар бериляпти. Шундай катта мавзуда шундай майда таклифлар бериляпти.

Илмий ишлар жиддий мавзуларда ва чуқур таҳлилий характерда бўлиши лозим. Бундан кейин бунақа енгил-елпи илмиш иш қилиш бўлмайди. Энди алоҳида талаблар ва механизмлар ишлаб чиқилади. Олим номига лойиқ бўлиши керак PHD ёқлаган одам”.

Илмий янгиликларнинг амалиётга жорий этилиши бўйича вазирнинг қизиқ нуқтаи назари айтилди:

“Бу борада кўзбўямачилик кўп. “Амалиётга жорий этилди деб хат ёзиб беринг, керак эди” деб хат қилдириб олишади. Бунақаси кетмайди. Амалиётга жорий этиш масаласига унақа фанатик ёндашув яхши эмас. Амалиётга жорий этилмаса, бу ҳали ишнинг аҳамиятини пасайтирмайди. Масалан, қанча утопик асарлар бор, инсоният тафаккурини ўстирган. Бугун жорий этилмаса эртага, беш-ўн ё ундан кўп йиллардан кейин жорий этилар. Асосийси, булар яхши, ишлайдиган, фойда берадиган таклифлар бўлиши лозим”.

Бу борада профессор-ўқитувчиларнинг ҳам фикри уйғун чиқди. Бир аёл профессор микрофон олиб: “Илмий янгиликларни диссертация ишига киритишда айнан “внедрение”га урғу берилиши яхши таклифларнинг тушириб қолдирилиб, тезроқ амалиётга жорий этиладиганларини киритишга олиб келяпти, бу тараққиётга хизмат қилмайди”, – деди.

Назарияларнинг амалиётга боғланиши юриспруденция соҳасида нима учун муҳимлигини вазир шундай изоҳлади:

“Нима учун “Аёллар дафтари, “Темир дафтар” каби жуда муҳим ижтимоий лойиҳалар бўйича айрим ҳолатларда шикоятлар бор? Чунки фуқароларни бу рўйхатларга киритиш мезонлари ва тартибларини охиригача мукаммал ва объектив мезонлар асосида шакллантириш жараёнида масалалар бор. Ҳар қандай ислоҳотлар самарадорлиги ҳуқуқий институтларнинг самарали ишига боғлиқ. Шу институтларни ишлатишни тўғри йўлга қўйиш, бунинг илмий асосларини яратиш устида ишлаш керак. Назариялар амалиётга боғланмаса, улардан наф йўқ”.

Ижтимоий масъулият ҳақида:

“Бизда ижтимоий масъулиятни ҳис қилиш борасида муаммо бор, хусусан, ҳуқуқшунослар орасида ҳам. Чет элда агар кимдир карьера қилиш жараёнида волонтерлик қилмаган бўлса, уни ижобий баҳоланиши жуда қийин. Бу бизнинг қадриятларни тушунмайди дейишади. Адвокатлар “про-боно” (бепул юридик ёрдам) билан шуғулланмаса, бу фақат пулга ишлайдиган адвокат, ижтимоий масъуллиги йўқ деб имижи ва рейтингига таъсир қилади. Бизда бу масалалар секин ривожланяпти. Аслида юридик университет домлаларида ҳам ҳуқуқий тарғиботда фаоллик бўйича ижтимоий масъулият бор, шуни ҳис қилиш керак. Ахир, биз қонунийлик ғояси учун ишлаймиз-ку. Мана олдимизда фуқароларнинг муҳим ҳуқуқларидан бири – сайлов турибди. Шу жараёнда уларга ўз ҳуқуқини амалга ошириш бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар беришнинг ижтимоий аҳамиятини англаш лозим”.

“Осон” талабалик ва таълим машаққати ҳақида:

“Одамлар чет элга бориб пул тўлаб университетга киряпти, ўқишга бормаяпти ҳам, бир йилдан кейин биздаги нуфузли университетга ўқишни кўчириб ўқияпти. Бу қанча ўқиб, бир балл, ярим балл етмай ўқишга кира олмаганларга нисбатан адолатсизлик-ку. Кейин айрим талабалар домлалар билан баҳо талашиб, унинг устидан ёзиб, шантаж қилиб баҳо олиб кетяпти. Унақа бўлмаслик керак. Ўқиш бунчалик осон бўлмаслиги керак, унга киргандан кейин меҳнат қилиб ўқиш лозим. Хориж университети талабаларини қаранг, имтиҳонларни топширолмай, ҳатто орасида ўз жонига қасд қилганлари ҳам бор. Биз ундай даражага олиб боришни истамаймиз, аммо талаба ва домлалар муносабати уйғун ва мувозанатли бўлиши керак. Талаба аввало ўқиши, кейин талаб қилиши лозим”.

Дарсликлар ҳақида:

“Дарсликлар тили мураккаб, бир жумласи ярим бетлик. Талаба уни ўқиб тушунмайди, ёдлайди. Кейин таҳлил қилмай, тўтиқушдек қайтариб беради. Бу таълим эмас-да. Талаба асосий билимни дарсликдан олиши керак, маърузалар йўналтирувчи бўлади. Бизга янги ва яхши дарсликлар керак. Юридик дарсликлар бўйича инқироз бор”.

Вазир ўринбосарига вазифа қўйилди:

“Дарслик ёзишнинг ўз алгоритми бўлиши лозим ва у бутун дунёда самара берган, ишлайдиган алгоритм бўлиши керак. Шу масалани ўрганиб, таклифлар тайёрланглар”.

Снос, давлатга ишонч, вакциналар ҳақида:

“Снос масаласи халқнинг давлат органларига ишончи ва имижига таъсир қилмади дея оламизми? Одамлар бир-бирини ёқиш орқали муаммони ҳал қилиши – бу цивилизациянинг ортга кетиши эди. Буни нега ўрганмайсизлар? Нега юридик университет домлалари бу борадаги ҳуқуқий муносабатларни ўрганмайди? Бировларнинг мулкини олиб қўйиш тартиби, механизмлари ва чекловлар масаласини илмий ўрганса бўлади-ку.

Халқнинг давлат органларига ишончи нақадар муҳимлигини вакцинация жараёнида кўрдик. Қаерда, қайси мамлакатда давлатга халқнинг ишончи юқори бўлса, вакцинация даражаси шунча юқори бўляпти – булар ўзаро тўғри пропорционал. Бизда вакцинация жуда яхши кетяпти деб айта олмаймиз, чунки одамларда ишончсизлик ҳамон мавжуд (Бошқа давлатлардагидек бир хил вакциналар келтирилаётган бўлса-да). Бунинг сабаблари ҳам қонунийлик ва ҳуқуқийликнинг таъминланганига боғлиқ. Ўрганиш, тадқиқотлар борми бу ҳақида?”

Маънан эскирган меҳнат қонунчилиги тўғрисида:

“Меҳнат бўйича муаммолар кўп, таклифлар кам. Мазмунан совет давридаги меҳнат кодекси ишлаяпти ҳалиям. Унинг талабларини, яъни қатъий белгиланган ижтимоий юкламаларни бажара олмай, тадбиркорлар яширин иқтисодиётга ўтиб кетяпти. Меҳнат қонунчилиги бугунги реалликдан ортда қоляпти, ишламаяпти шунга. Ходим уч ойлаб ишламаса ҳам тадбиркор унга ойлигининг 70 фоизини больничний қилиб тўлаб юравериши керак. Пул топиш осон эмас, тадбиркор бундай ишлолмайди. Натижада у ҳам ўз қоидаларини яратяпти: ходим ишга кираётганидаёқ бўшаш ҳақида аризасини санасини қўйдирмай ёзиб оляпти. Бу муносабатларни замонавийлаштириш керак”.

Шу ўринда бир домла туриб, бироз эҳтиросга берилиб жуда жиддий муаммоларни айтди.

“Қатъийроқ талаб қўйган домлалар устидан талабалар ректорнинг ботига ёзади, бу домлаларга босимни юзага келтиряпти. Майли ёзсин, аммо уни шикояти комиссияда кўрилиши керак.

Яна домлалар билан муддатли меҳнат шартномаси амалиётини тўхтатиш лозим. Бу худдики ўқитувчини ишга олмасдан аввал бўшашга ариза ёздириб олишдек гап. Чунки шартнома муддати тугагач, домла билан яна шартнома тузиладими, йўқми номаълум. Бу ўқитувчиларнинг эртанги фаолиятга ишончини камайтиради.

Шунингдек, ўқитувчилар билан конструктив мулоқот майдони йўқ. Кенгашга киролмаймиз. Талабанинг фикрини эшитадиган ректорнинг боти бор. Домлаларни эшитадиган янги платформа очиш керак.

Таълим сифатини назорат қилиш механизми ҳам нотўғри. Талабалар ўқитувчини баҳолаяпти. Ўқитувчи талабага паст баҳо қўйса, талаба ҳам паст қўйяпти. Аслида экспертлар дарсни кўриб, эшитиб баҳолаши керак”.

Икки соат давом этган мулоқотда яна грантлар, “Скорпус”нинг зимдан монополияси, таълим сифати, академик мустақиллик масалалари кўтарилди.

Вазир “университетлар демократик асосларда кенгашлар томонидан бошқарилиши, академик мустақиллик бўлиши лозим” деди, бу гап жамоага маъқул келди.

Йиғилиш сўнгида вазир асли мажлислардан кўра амалий ишдан фойда кўпроқлиги, аммо вазиятни ичидан ўрганиш, мулоқот ва ғоялар алмашиш нуқтаи назаридан кўпи билан 2 соатлик мана шундай йиғинларни умумий ишга фойда ва манфаатли тарзда ўтказиш мумкинлигини таъкидлади.

Айтилган таклифлар, масъул ходимларга берилган бир қанча топшириқлар, кўп йиллик тажрибага эга устоз домлаларнинг фикр-мулоҳазалари сўнгида мажлисга якун ясалди.