Адлия тизимидаги юридик техникум битирувчилари қаерларда ишлаши мумкин?

Адлия тизимидаги юридик техникум битирувчилари қаерларда ишлаши мумкин?

Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Хабарингиз бор, шу кунларда  Адлия вазирлиги тизимидаги  юридик техникумлар ва академик лицейларга  ўқишга қабул қилиш учун ҳужжат топшириш ва тест жараёнлари бошланган.

Юридик техникум ва академик лицейларга ўқишга қабул қилиш ва ўқиш тартиби, ушбу таълим муассасаларини тугатган битирувчиларнинг келажаги ва шунга оид масалалар бўйича жорий йил 16 сентябрь куни Адлия вазирлигининг "Адлия билан мулоқот" (https://www.facebook.com/groups/adliya/) гуруҳида “On-line” мулоқот ўтказилди.

Мулоқотда Юридик таълим ва суд-экспертиза фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Ш.Рабиев ва Тошкент давлат юридик университети проректори Д.Умаров иштирок этиб, юридик техникумларга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш ҳамда техникумларда ўқиш жараёнини олиб бориш тартиби ҳақида тушунтириш беришди.

Шунингдек, жорий йил академик лицейларга жами 1 836 та абитуриент ҳужжат топширганлиги, шундан 208 нафари ўқишга қабул қилиниши (104 та тўлов контракт ва 104 та давлат бюджети асосида), бундан ташқари етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар табақалаштирилган тўлов контракти асосида ўқишга кириши мумкинлиги айтилди .

             Мутахассислар томонидан жорий ўқув йилидан бошлаб юридик техникумларга ўқишга қабул қилиш ДТМ томонидан ўтказиладиган тест синовлари орқали амалга оширилиши, техникумларда ўқув жараёни кредит-модуль тизимини қўллаган ҳолда 2 сменада (кундузги ва кечки) ташкил қилиниши, юридик техникумлар битирувчилари нотариус ёрдамчиси, ФҲДЁ бўлими инспектори, Давлат хизматлари маркази мутахассислари, судья ёрдамчиси ва давлат ижрочиси каби 89 та мутахассисликда ишлашлари мумкинлиги таъкидланди.

Мулоқотда мутахассислар томонидан фуқаролар учун қизиқ бўлган бир қатор саволларга ҳам жавоб берилди. Жумладан, юридик техникумларга кам таъминланган оилалардан абитуриентлар, Меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари, кўзи ожиз абитуриентлар қабул квоталаридан ташқари Адлия вазирлиги томонидан махсус ажратилган ўринларга қабул қилиниши, ушбу ўқувчиларнинг ўқиши қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат грантлари асосида амалга оширилиши, юридик техникумларда ўқиш учун тўлов контракт миқдори меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори 10 баробарини ташкил этиши, шунингдек, юридик техникумларга ҳужжатларни қабул қилиш 2020 йил 25 августдан 25 сентябрга қадар давом этиши хусусида атрофлича тушунтириш берилди.

Эслатиб ўтамиз, ТДЮУ қошидаги академик лицейларга ўқишга кириш бўйича тест синовлари жорий йил 18 сентябрь куни Тошкент шаҳри, Олмазор туманида жойлашган Талабалар шаҳарчаси сайлгоҳида 2 сменада (1-смена соат 08.00 дан 11.00 га қадар, 2-смена соат 16.00 дан 19.00 га қадар) тарих ва хорижий тил фанларидан бўлиб ўтиши, абитуриентлар тест синовларига белгиланган вақтдан 1 соат олдин абитуриент рухсатномаси ва шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан келиши лозим.

Адлия вазирлиги

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

 

Report Page