Адлия органлари инсон ҳуқуқлари ҳимоясида 

Адлия органлари инсон ҳуқуқлари ҳимоясида 

Қоровулбозор туман адлия бўлими бошлиғи М.Пулатов

Қоровулбозор туман Ахборот-ресурс марказида ишловчи бир гуруҳ фуқаролар Қоровулбозор туман адлия бўлими бошлиғининг шахсий қабулида бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-4354-сонли қарори билан туман Ахборот-ресурс маркази тугатилганлиги, лекин уларга берилган огоҳлантириш хатида кўрсатилган қўшимча тўловлар тўланмай қолганлигидан норози бўлиб мурожаат қилишган.

Бўлим бошлиғи томонидан вазият ўрганиб чиқилиб, ўрганиш давомида бир қатор қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Жумладан, АРМ ходимлари билан тузилган меҳнат шартномаси 2019 йил 4 сентябрда бекор қилинган бўлсада, амалдаги Меҳнат кодексида моддий мадад бериш учун белгиланган қўшимча кафолатлар декабрь ойига қадар берилиши таъминланмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 67-моддасига асосан, меҳнат шартномаси:

ходим янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли;

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги сабабли;

ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқлиги сабабли;

шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга қайта тикланиши сабабли (106-модданинг 2-банди) бекор қилинган ҳолларда иш қидириш даврида икки ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади.

Шу билан бирга, агар 67-модданинг биринчи ва иккинчи қисмида кўрсатилган ходимлар меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб ўн календарь кун мобайнида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтсалар, маҳаллий меҳнат органи берган маълумотномага биноан учинчи ой учун ҳам олдинги иш жойларидан ўртача иш ҳақи олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Мазкур қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан туман Халқ таълими бўлимига 2019 йил 2 декабр куни 239-сонли тақдимнома киритилган. Тақдимнома киритилиши натижасида, Меҳнат кодексининг 67-моддасида моддий мадад бериш учун белгиланган қўшимча кафолатлар тўлаб берилиши ҳамда Ахборот-ресурс марказида ишлаган 9 нафар фуқаро фойдасига 2019 йил 19 декабрда 23,5 млн. сўмдан ортиқ  иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар ундириб берилиши таъминланди.


Report Page