#Адлия_муносабат “Ие? Ростданми?” Ҳар нарсага ҳам ишонмаслик лозим
Севара Ўринбоева, Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғиИнтернет жаҳон ахборот тармоғининг, айниқса, ижтимоий тармоқларнинг кенг оммалашиши туфайли ахборотни тарқатишга нисбатан макон ва замон тушунчалари ўз аҳамиятини тобора йўқотиб бораётганлигини сезиш унчалик ҳам қийин эмас. Буни даврнинг ўзи ҳам исботлаб турибди. Шунингдек юртимизда давлат бошқаруви органларининг фаолияти очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, чинакам сўз эркинлигини таъминлаш борасида қилинаётган ишлар, айниқса, таҳсинга сазовор. Афсуски, айрим шахслар сўз эркинлигига кенг йўл очиб берилаётганлиги ҳар қандай ахборотни тарқатиш мумкинлигини англатади деб ўйлаётганга ўхшайдилар.
Шу кунларда ижтимоий тармоқларда тарқалган бир хабар кўпчиликнинг эътиборини тортди. Қуйида хабарнинг тўлиқ матнини келтирамиз:
“Ие? Ростанми?
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 08 ноябрдаги ПҚ-2535-сонли Қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сонини кўпайтириш, демографияни ошириш мақсадида иккинчи хотинга уйланишга рухсат этилди. Қарор асл нусхаси Lex.uz сайтига жойлаштирилди”.
Мазкур хабар мутлақо сохта бўлиб, унинг сохталигини исботловчи бир нечта фактларни келтириб ўтамиз.
Биринчидан, Вазирлар Маҳкамаси қарорларининг қайд рақами олдидан ҳарфли қисқартмалар қўлланилмайди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қайд рақамидаги “ПҚ” шаклидаги қисқартмалар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорларига нисбатан қўлланилади.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари миллий базаси (www.lex.uz)да Ўзбекистон Республикаси Президентининг
ПҚ-2535-сон қарори мутлақо мавжуд эмас.
Маълумот учун: “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 29-моддасига кўра Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардан бири ҳисобланади.
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига мувофиқ кўп хотинли бўлиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Албатта, келтириб ўтилган хабар унинг муаллифи томонидан кишиларнинг эътиборини ўзига қаратиш, кўпроқ обуначиларни тўплаш ёки бошқа мақсадларда тарқатилган бўлиши мумкиндир, аммо хабарни тарқатишдан аввал масаланинг бошқа тарафи ҳақида ҳам ўйлаш лозим эди. Чунки бу каби хабарлар аҳолининг асл ҳақиқатдан чалғишига ва уларда давлат органларининг қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш фаолиятига нисбатан турли салбий фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлиши мумкин.
Шунингдек бундай хабарларнинг тарқалиши қонун ҳужжатларига нисбатан ҳурматсизлик бўлиши билан бирга аҳоли ўртасида худди шундай ҳурматсизлик кайфиятининг уйғонишига, бу орқали фуқароларнинг давлат ва унинг органларига бўлган ишончининг пасайишига ҳам олиб келиши мумкин.
Юқоридагилардан хулоса қилган ҳолда ижтимоий тармоқларда қонун ҳужжатлари бўйича ҳар хил миш-мишлар ва бошқа уйдирмалар тарқатиш ҳар жиҳатдан мақсадга мувофиқ эмас деб ҳисоблаймиз. Фуқароларга эса бундай хабарларга дуч келганларида уларнинг тўғрилиги бўйича хулоса чиқаришга шошилмасдан дарҳол Қонун ҳужжатлари миллий базаси ва бошқа ишончли манбалар орқали берилган маълумотдаги фактларнинг қанчалик тўғри эканлигини текширишлари лозимлигини билдирамиз.
Севара Ўринбоева,
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими бошлиғи